Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:54

Маркес. Ўзликка йўл ёхуд ўлимнинг иккинчи тарафи


Габриэль Гарсиа Маркес.
Габриэль Гарсиа Маркес.

Нобель мукофоти соҳиби, замонамизнинг забардаст адиби Габриэль Гарсиа Маркес 17 апрель куни Мехикодаги ўз уйида 87 ёшида вафот этди. Дунёнинг 35 тилига таржима қилинган асарлар муаллифи ўзбек китобхонига "Ёлғизликнинг юз йили" романи билан таниш.



Машҳур ёзувчи Габриэль Гарсиа Маркес вафот этди. Нобель мукофоти лауреати 87 ёшида Мехикодаги уйида 17 апрель куни оламдан ўтди.

Маркес “Ёлғизликнинг юз йили”, “Полковникка ҳеч ким ёзмайди”, “Вабо давридаги севги” номли асарлари билан китобхонлар ёдида қолди.

Меркеснинг сеҳр реализми жанрига асос солган, энг машҳур “Ёлғизликнинг юз йили” номли асари дунёнинг қирққа яқин тили, жумладан, ўзбек тилига таржима қилинган ва 50 миллион нусхада сотилган.

Испан тилидаги адабиётнинг энг ёрқин намояндаларидан бири бўлган Маркес 1982 йилда адабиёт бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлган. Лотин Америкаси халқларининг маданиятини дунёга танитишда қўшган ҳиссаси учун Маркес нафақат ватани Колумбияда, балки бу минтақанинг бошқа мамлакатларида ҳам қадрланади.

Маркеснинг вафоти муносабати билан Колумбияда уч кунлик мотам эълон қилинди.

Габриэль Гарсиа Маркес 1927 йил 6 март куни Колумбиянинг Аракатака шаҳрида туғилган.

Ўтган асрнинг 50 йилларида адиб Мексика пойтахти Мехико шаҳрида қўним топади.

Кекса ёзувчи кейинги пайтларда ўпка яллиғланиши касаллиги билан курашаётган эди. Ўтган ҳафта у ўз уйида даволаниш учун шифохонадан уйига қайтган эди.


Маркес. Ўзликка йўл ёхуд ўлимнинг иккинчи тарафи

Авлоднинг биринчи вакилини дарахтга боғлаб қўйишади, авлоднинг сўнггисини чумолилар еб битиради... ёлғизликнинг юз йилига маҳкум этилган одамлар авлоди ер юзида қайта пайдо бўлмайди.

Маркес. Ўзликка йўл ёхуд ўлимнинг иккинчи тарафи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:14 0:00
Бевосита линк


Габриэль Гарсиа Маркес асарларини севиб қолиш учун унинг китобларидан олинган исталган иқтибосни келтириш кифоя. Маркесни тушуниш учун эса “ёлғизликнинг юз йилига маҳкум этилган одамлар авлоди ер юзида қайта пайдо бўлмайди”, деган армонни, орзуни, умидни ҳис қила билиш ва бу тушунчалар ортидаги ўзликни англай олиш лозим, менимча.

Нобель мукофоти соҳиби, замонамизнинг забардаст адиби Габриэль Гарсиа Маркес 17 апрель куни Мехикодаги ўз уйида 87 ёшида вафот этгани тўғрисидаги хабарни эшитишим билан унинг “Ёлғизликнинг юз йили” романи ёдимга тушди.

Роман ўлимга маҳкум одамнинг энг сўнгги дақиқаларада хаёлан болаликка қилган сафари тасвири билан бошланади:

“...қатлга ҳукм қилинган полковник Аурелиано Буэндиа девор остида туриб, ўзини отишларини кутаркан, отаси муз бўлагини кўрсатишга олиб борган ўша олис оқшомни эслайди”.

Роман ўлимга маҳкум авлоднинг ўлими билан якун топади:

“Ва у дафъатан чақалоқни кўриб қолди. Қуриб-қақшаб қолган вужудни гўёки бутун дунёдан тўпланган чумолилар парча - парча қилиб, боғнинг тош тўшалган йўлкасидан ўз инларига судраб борарди”.

Шу онда ғойибдан лўли Мелкиадес қўлёзмаларини ўқиш салоҳиятига қўқисдан эга бўлиб қолган охирги авлоднинг отаси Аурелиано қўлёзмаларни ўқиб бўлиши биланоқ “бўрон бу шаҳарни супуриб ташлаши”ни, “унинг номи одамлар хотирасидан батамом ўчиши”ни англаб етди. Чунки “ёлғизликнинг юз йилига маҳкум этилган одамлар авлоди ер юзида қайта пайдо бўлмайди”...

16 ёшимда “Ёлғизликнинг юз йилини” ўқир эканман, Маркес орқали мен адабиётни қайта кашф этдим. Маркес менга “социалистик реализм”дан мутлақо ўзгача адабиёт билан мулоқот қилишимга йўл очиб берди.

Маркес орқали замоннинг чинакам “руҳини кашф этдим”,ўзимча, ўзим учун.. Бу Руҳ - Ўзлик эди! Ўзликни йўқотган одам, Ўзликни йўқотган авлод, Ўзликни йўқотган миллат... Бу – бугуннинг давом этиб келаётган фожеалари.

Ечимчи?..

“Кубада мен адабиёт профессорлари билан баҳслашиб қолдим. Улар: “Ёлғизликнинг юз йили” ажойиб китоб, бироқ у ҳеч қандай ечимларни таклиф қилмайди”, дейишди. Бу мен учун догма. Менинг китобларим вазиятни кўрсатади, улар ечим таклиф қилиши шарт эмас”, деб ёзган эди Габриэль Гарсиа Маркес.

1927 йилнинг 6 мартида таваллуд топган Габриэль Гарсиа Маркес элликдан ортиқ романлар ва қиссалар ёзди. Унинг “Ёлғизликнинг юз йили” романининг ўзиёқ дунёнинг 35 тилига таржима қилинган. Бу роман миллионлаб одамларни “ўзини-ўзи кашф қилишга” ундаган бўлса ажаб эмас.

Маркеснинг дафн маросими 21 апрель куни ўтказилади.
XS
SM
MD
LG