Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:54

"Баркамол авлод"га тайёрланаётган наманганлик қизларни иссиқ урмоқда


Сурат ЎзА агентлиги расмий сайтидан олинди.
Сурат ЎзА агентлиги расмий сайтидан олинди.

Наманган шаҳрида 28 май куни бўладиган "Баркамол авлод" спорт мусобақаси очилиш маросимидаги бадиий чиқишга 1400 дан ортиқ ўқувчи ва талаба қизлар жалб этилди. 30-35 даража иссиқда, офтоб тиғи остида соатлаб оммавий рақсларга ҳозирланаётган қизларни иссиқ ураётгани боис, милиция қуршаган майдонларда тиббиётчилар гуруҳи ҳам навбатчилик қилмоқда.



Наманган шаҳридаги "Навбаҳор" марказий стадионида 28 май куни бўладиган "Баркамол авлод" спорт мусобақаси очилиш маросимига бораётган ҳозирликни кузатаётган шаҳарлик муштарий сўнгги бир неча кун ичида 2 қизнинг ҳушидан кетганига гувоҳ бўлганини хабар қилди.

Озодликка талаба ва ўқувчи қизлар аҳволидан хабар йўллаган Абдуллохон исмли тингловчи мажбурий сафарбарликдан қизлар ҳам, ўқитувчилар ҳам норози эканини айтди.

- Учта стадионда тайёргарлик кетяпти. Қизларни эрталабдан бошлаб кечи соат 4-5гача рақсга туширишяпти. Иссиқда оч-наҳор қолиб, ҳушидан кетганлари бўлаяпти. НамДУ (Наманган давлат университети - Таҳр.)данам кеча битта қиз ҳушидан кетган экан, докторлар келиб олиб кетишди. Уч кун олдин учқўрғонлик қизам ҳушидан кетган. Ўрнига дарров бошқасини олиб келишди. Ўқитувчиларам дод, деяпти лекин,- дейди Наманганда спорт мусобақасига бораётган тайёргарликка гувоҳ Абдуллохон исмли тингловчи.

У стадионда ҳозирлик кўраётган талаба қизлардан бири - Наманган давлат университетининг 2-курсида таҳсил оладиган Ҳуснида Жамолова исмли қиз 4 май куни шифохонага олиб кетилганидан хабар топганини айтди.

- Мен борганимда стадионга келган докторлар бироз олдин кетган экан. Уч кун олдин учқўрғонлик бир талаба қиз ҳам ҳушидан кетган экан. Шифохонага оборишбди, эртасига ўрнига бошқа студентни олиб келишибди,- дейди Абдуллохон.

Намангандаги "Навбаҳор" спорт клубининг талаба қизлар очилиш маросимидаги мусиқали чиқишларга тайёрланаётганини тасдиқлаган вакили уларнинг оч-наҳор қолиб, ҳушидан кетаётганига оид маълумотни инкор қилди. "Эрталаб соат 7-11 гача келиб тайёргарлик қилиб, кетишаяпти. Оч қоладиган бўлаётгани йўқ", деб изоҳ берди клубнинг исмини окшор қилмаётганимиз мутасаддиси Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда.

Аммо, НамДУ ректорининг Илмий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари қабулхонасида 2-курсда таҳсил оладиган Ҳуснида Жамолова исмли талабанинг ҳушидан кетганини тасдиқлаган ходим: "Очликдан эмас, куннинг иссиқлигидан бўлди бу, ҳозир у қиз яхши бўлиб қолди. Қизлар обедгача тайёрланаяпти. Тушда уйига кетаяпти ҳаммаси", деб изоҳ берди.

Расмий матбуот хабарларида "Баркамол авлод" мусобақаси очилиш маросимидаги бадиий чиқишларга вилоятдаги олий ва ўрта махсус касб-ҳунар билим юртларидан жами 1400 қиз жалб этилгани маълум қилинди.

Podrobno.uz сайтида эса хабарга илова қилинган суратларда юзига дока тутиб олган юзлаб қизнинг саф-саф бўлиб, оммавий чиқишларга ҳозирлик кўраётгани акс этган. 15 - 22 ёш оралиғида бўлган бу қизлар, асосан оммавий рақслар ҳамда маросим чоғида "Баркамол авлод-2014", "Ўзбекистон", "Наманган" каби сўзларни акс эттиришга ҳозирлик кўрмоқда.

Ҳаво ҳарорати исиб кетгани ва тайёргарлик ишлари жадал бораётгани учун милиция қуршовига олинган стадиондаги қизларга тиббиёт ходимлари гуруҳи ҳам ҳамроҳлик қилаётгани айтилмоқда.

ЎзА агентлиги бераётган хабарларда айтилишича, "Баркамол авлод-2014" спорт тадбирининг якуний босқичида икки мингдан ортиқ киши - минг нафарга яқин спортчи, икки юз йигирма нафардан зиёд мураббий, бир юз қирқ нафар ҳакам, шунингдек, спорт федерацияларининг ўн беш нафар вакили ҳамда уч юз элликдан зиёд хореография гуруҳи аъзолари иштирок этади.

Шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг 140 нафар ходими мусобақаларни ёритиб боради.

"Баркамол авлод" спорт тадбири Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил қилинган уч босқичли спорт тадбирининг ўрта босқич - мамлакатдаги ўрта махсус касб-ҳунар таълим муассасалари - лицей ва коллеж ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган қисмидир.

Бу спорт тадбирининг биринчи босқичи мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган "Умид ниҳоллари", учинчи босқичи эса институт ва университет талабалари ўртасида бўладиган "Универсиада" спорт мусобақасидир.

"Баркамол авлод" тадбири сўнгги бор 2011 йилда Термиз шаҳрида бўлган ва унда Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев иштирок этган эди.

Наманганлик мустақил журналист Носир Зокировнинг айтишича, Намангандаги 22 минг томошабин сиғадиган "Навбаҳор" стадионидаги очилиш маросимида ҳам Бош вазирнинг иштирок этиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG