Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:21

Халқаро Амнистия: Ўзбекистон қидираётган қочқин Умид Ёқубов Москвада ўғирланди


Халқаро Амнистия инсон ҳуқуқлари ташкилоти Россияда БМТнинг қочқинлик мақомини олган 45 ёшли ўзбекистонлик Умид Ёқубов 29 апрель куни Москва кўчаларидан бирида ўғирлаб кетилгани ҳақида бонг урди. Ташкилотнинг таъкидича, Ўзбекистон прокуратураси Ёқубовни "Ҳизбут Таҳрир" исломий партиясига аъзоликда айблаган.


Халқаро Амнистия ташкилоти расмийсига кўра, 29 апрель куни ўзбекистонлик қочқин Умид Ёқубовни уч киши машинага солиб олиб қочган ва гувоҳлар бу уч шахсдан бири полиция кийимида бўлганини айтишган.

- Умид Ёқубов 29 апрель куни БМТ Қочқинлар идорасига бошқа мамлакатдан бошпана олиш учун суҳбатга бораётганида полиция ходими у минган машинани тўхтатган. Полиция ҳайдовчининг ҳужжатларини текшираётганида уч киши Умид Ёқубовни ёнига келиб, микроавтобусга солиб олиб кетишган, - дейилади Халқаро Амнистия ташкилоти баёнотида.

Ёқубовни тақдири ўшандан буён номаълум бўлиб қолмоқда. Халқаро Амнистия қочқин ўзбек хавфсизлик ходимлари иштирокида ўғирланиб, Ўзбекистонга олиб кетилган бўлиши мумкин, деган хавотирда.

Халқаро Амнистия ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Мэйси Вайшердингнинг Озодликка айтишича, Ёқубов Россияда сўнгги йилларда ўғирлаб кетилган ўнлаб қочқиннинг бири.

- Москва кўчаларида ўзбек қочқинлари куппа-кундуз куни ўғирлаб кетилмоқда. Бунга ҳеч ким монеълик қилаётгани йўқ. Сал вақт ўтиб бу ўғирланган қочқинларнинг дараги Ўзбекистондаги қийноқ ва таҳқирлашлар мунтазам бўлган қамоқхоналардан чиқмоқда, - дейди Вайшердинг.

Россияда ўғирлаб кетилаётган қочқинларнинг аксари Ўзбекистонда диний мотивларда айбланаётганлардир.

1969 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси Умид Ёқубов 2008 йилда Ўзбекистондан қочиб чиққан. Бир йил ўтиб, у Россияга келган. Ташкилотнинг таъкидича, Ўзбекистон прокуратураси Ёқубовни Ҳизбут Таҳрир исломий партиясига аъзоликда айблаган.

- Умид Ёқубов 29 апрель куни ўғирланди, шу куни кечқурун Москвадан Тошкентга самолёт рейси бор эди. Бизнингча, Ёқубовни ўзбек хавфсизлик ҳизматлари ходимлари самолётга мажбурлаб ўтирғизиб, олиб кетишган, - дейди Халқаро Амнистия ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Мэйси Вайшердинг.

Озодлик сўнгги пайтларда Россияда қочқинликда юрган шахсларнинг ҳибсга олиниши ва Ўзбекистонга бадарға қилинишида ўзбек миллий хавфсизлик идоралари ходимлари фаол иштирок этаётгани борасида бир неча марта хабар берди.

Радионинг Москвадаги мухлисларидан бири дўсти бундан 3-4 кун олдин Москванинг Домодедово аэропортида ғайриоддий ҳодисанинг гувоҳи бўлганини гапириб берди.
Ўзбекистонлик қочқин Умид Ёқубов ҳимояси билан "Фуқаровий кўмак" фаоли Елена Рябинина шуғулланган.
Ўзбекистонлик қочқин Умид Ёқубов ҳимояси билан "Фуқаровий кўмак" фаоли Елена Рябинина шуғулланган.
- Домодедово аэропортида бир болани қўлини скоч билан боғлаб, самолётга регистрация қилиб олиб чиқиб кетаётганида, у бола бақирибди: “Менга туҳмат қилишяпти! Мени олиб кетишяпти Ўзбекистонга, ёрдам беринглар! Мени ўғирлаб кетишяпти бекордан-бекор!” деб тўполон қилибди ўша бола. У регистрация пайтида ўзбекларни кўриб бақирибди-да. Уруш-жанжал бўлиб кетипти, одамлар келибди, мелиса ОМОНлар келиб, у болани дежуркага олиб киришибди, - дейди суҳбатдош.

Унинг айтишича, қисқа текширув натижасида бу йигитнинг қидирувда эмаслиги аниқланган.

- У қонуний ишлаб, ҳужжатларни қилиб юрган бола экан. Мелисалар “Нега буни олиб кетяпсанлар?”, деса, улар: “У Ўзбекистонда мана шунақа-шунақа ишларни қилган, розискда Ўзбекистонда”, дебди. “У жиноятларни Ўзбекистонда қилган. Бу ерда асосларинг борми, Россия Федерацияси билан бирга ишлаяпсизларми?”, деса: ”Йўқ”, дебди. Ҳеч қанақа қоғози йўқ экан. “Сенлар одам ўғирлаяпсан”, деб болани қўйиб юборибди,- дея гапириб берди ўз исмини ошкор қилмаган таксичи йигитлардан бири.

Москвадаги “Ёрдам” Инсон ҳуқуқлари ташкилоти директори Баҳром Ҳамроевнинг Озодликка айтишича, сўнгги бир неча йил ичида Россияда элликка яқин ўзбекистонлик қочқин ўғирланиб, Ўзбекистонга олиб кетилган.

- Айримларини Россияда қамоқхонани ичига кириб, олиб кетишяпти. Март ойида Жалолбоев Латифжон деган болани Калининград шаҳридаги қамоқхонадан қўйиб юборишган. Эртаси куни ўғирлаб кетишди. Бир наманганлик йигитни яширинча қамоқхонадан олиб кетишган, - дейди Баҳром Ҳамроев.

Ҳозир Халқаро Амнистия ҳамда Москвадаги "Ёрдам" Инсон ҳуқуқлари ташкилоти Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари ва тегишли вазирликлардан БМТ қочқинлик мақомига эга ўзбекистонлик Умид Ёқубовнинг ўғирлаб кетилиши юзасидан тушунтириш талаб этмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, 2009 йилдан буён Россияда қочқинликда яшаб келган Умид Ёқубов иши билан "Фуқаровий кўмак" ташкилотининг Марказий Осиё дастури раҳбари Елена Рябинина шуғулланиб келган.

Узоқ хасталикдан сўнг якшанба куни оламдан ўтган қочқинлар ҳуқуқлари ҳимоячиси сешанба куни Москвада дафн этилди.
XS
SM
MD
LG