Европанинг кўпгина давлатлари ва собиқ совет ўлкаларида Иккинчи жаҳон урушида фашистлар Германияси устидан қозонилган ғалабанинг 69 йиллиги нишонланмоқда. Ўтган аср ўрталаридаги урушнинг бармоқ билан санарли тирик гувоҳларидан бири самарқандлик 91 ёшли Рашид ота Раҳмонов Озодлик билан суҳбатда ўзининг уруш хотиралари билан ўртоқлашди.
91 ёшли Рашид ота 1942 йилда ҳарбий ҳизматга чақиртирилганида 18 ёшида эди.
У Россиянинг Горький шаҳрида олти ойлик ҳарбий тайёргарликдан ўтиб бўлганидан сўнг, уруш жабҳасига жўнатилган.
Рашид ота 1943 йилнинг ёзида пиёда аскар сифатида Курск остонасидаги қақшатгич жангларда қатнашган.
Кейинчалик, танкчи сифатида Украина, Беларус ҳамда Чехословакиядаги жангларда қатнашган.
Рашид ота Раҳмонов Словакиянинг Кошице шаҳрида немис қўшинларига қарши 1945 йилдаги жангларда снаряд осколкасидан яраланиб, бир кўзидан айрилди.
Самарқандлик собиқ танкчи Рашид ота Озодлик билан суҳбатда уруш хотиралари билан ўртоқлашди.
Узр, лекин бу хизмат ҳозирча ишламайди
Иккинчи Жаҳон уруши даврида 1,5 миллион ўзбекистонлик фронтга кетган. Улардан ярим миллиони ортга қайтмаган.
Ҳозирги кунда ўзбекистонлик уруш фахрийларидан уч мингдан зиёди ҳаёт. Уларнинг сони йилдан-йилга камайиб бормоқда.
“Нуроний” жамғармаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ҳозир 3700дан кўпроқ уруш фахрийси қолган.
Кўпчилик уруш қатнашчиларининг ёши тўқсондан ошган. Сўнгги ўн йил ичида уларни сони тўрт баравар камайгани айтилади.
Бундан ўн йил аваал Ўзбекистонда 16 мингдан ортиқ уруш фахрийси бўлган.