Линклар

Шошилинч хабар
30 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:09

Донецк ва Луганскда айирмачилар референдум ўтказди


Донецк вилоятидаги сайлов участкаларидан бири.
Донецк вилоятидаги сайлов участкаларидан бири.
Украина шарқидаги аҳолисининг аксари рус тилида сўзлашувчи Донецк ва Луганск вилоятларида мустақиллик бўйича референдум ўтказилди. Россияпараст айирмачилар референдумда кўп одам иштирок этганини иддао қилди. Бироқ ҳукуматга ҳайрихоҳ бўлган агентликлар овоз беришда кам одам қатнашганини маълум қилди. Киев ҳукумати ва Ғарб аллақачон бу референдумни ноқонуний деб, унинг натижалари тан олинмаслигини таъкидлаган.

Украина шарқида жойлашган Донецк ва Луганск вилоятларида мустақиллик бўйича референдум россияпараст исёнчи гуруҳлар ташаббуси билан ўтказилди.


Айирмачилар овоз беришда жуда кўп одам қатнашганини иддао қилди.

Украина ҳукуматига ҳайрихоҳ бўлган ахборот агентликлари эса 6,5 миллион аҳоли яшайдиган Донецк ва Луганск вилоятларидаги референдумда кам одам иштирок этаётганини билдирди.

Донецк вилоятида яшовчи Евгений Белашов Рейтерс ахборот агентлигига Россияга қўшилиш мақсадида Федератив Республика барпо этилаётганини айтди.

- Ўзимизнинг Федератив давлатимизни барпо қиляпмиз. Кейинроқ Россияга қўшилиш учун, дея баён қилди донецклик Евгений Белашов.

Луганск шаҳрида яшовчи Людмила Рейтерс агентлиги мухбирига референдумда мустақиллик учун овоз берганини айтди.

- Мен, сизга ёқадими ёки йўқ, мустақиллик учун “Ҳа” деб овоз бердим. Биз халққа қарши эмасмиз. Биз, ҳозир бизни бошқараётган (Киевдаги) ҳукуматга қаршимиз. Бизнинг халқимиз ажойиб халқ, деди Людмила.


Хабарларга кўра, референдумда болалар, бир шахс ўзи учун, турмуш ўртоғи ва оила аъзолари учун ҳам қайта-қайта овоз берган.

Донецк ва Луганск вилоятларидаги россияпараст айирмачилар Россия президенти Владимир Путиннинг кечиктириш ҳақидаги чақириғига қарамасдан, референдумни белгиланганидек 11 май куни ўтказди.

Киев ҳукумати ва Ғарб давлатлари аллақачон бу референдумни ноқонуний деб, унинг натижалари тан олинмаслигини таъкидлаган.

Украина президенти вазифасини вақтинча бажараётган Олександр Турчинов референдумни "жарлик сари ташланган яна бир қадам", дея баҳолади.

Украина Ташқи ишлар вазирлиги 11 май куни эълон қилган баёнотда референдум Кремл томонидан “рағбатлантирилгани, уюштирилгани ва молиялаштирилгани” билдирилган.

Президент Турчинов маъмуриятининг бошлиғи Сергей Пашинский “Донецк ва Луганскда бўлаётган воқеаларни референдум деб аташ мумкин эмас. Бу кимнингдир жиноятини ёпиш учун қилинаётган ахборот кампаниясидан бошқа нарса эмас”, дея баёнот берди.

Украинада 25 май куни ўтказилиши белгиланган президентлик сайловига номзод, собиқ бош вазир Юлия Тимошенко Град ТВ га берган интервьюсида Луганск ва Донецкдаги референдумларга муносабат билдириб, “бу бошимизга солинган фожиа ва уни тўхтатишимиз керак”, дея баёнот берди.

Шанба куни кечқурун эълон қилинган баёнотда АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Жен Псаки “Қўшма Штатлар ноқонуний референдум натижаларини тан олмаслигини” таъкидлаб, референдумни “кўпроқ бўлиниш ва тартибсизлик келтириб чиқариш йўлидаги уриниш”, дея баҳолади.

Таҳлилчилар Донецк ва Луганск вилоятларида зудлик билан ўтказилаётган референдумни март ойида Қримнинг Украинадан ажралиб, бир неча кундан кейин Россияга расман қўшилишига асос бўлган референдумга қиёсламоқда.

Донецк ва Луганск вилоятлардаги сайлов участкалари маҳаллий вақт билан эрталабки соат саккизда очилди. Ташкилотчилар айрим участкалар соат 20:00гача эмас балки, 22гача очиқ бўлиши билдирди.

Ўзини Донецк Халқ республикаси деб эълон қилган ҳудуд Марказий сайлов комиссияси бошлиғи Роман Ляхин минтақа бўйлаб мактаблар, касалхоналар ва ҳукумат биноларида 1200 дан зиёд сайлов участкалари ташкил этилганини маълум қилди.

Ляхинга кўра, референдумда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 70 фоиз одам иштирок этган.

Россияпараст айирмачилар қароргоҳи бўлган Славянск шаҳри ҳокими Вячеслав Пономарёв референдум бошланиши арафасида сайловчилар 100 фоиз иштирок этишига ишончи комил эканини билдирган эди.

Қароргоҳи Вашингтонда жойлашган Пью тадқиқот маркази шу ҳафта эълон қилган сўров натижаларига кўра, Украина шарқида яшайдиган аҳолининг 70 фоизи минтақа Украинадан ажралиб чиқишига қарши эканини кўрсатган.

Киев тарафдори бўлган маҳаллий аҳолининг аксари референдумга бойкот эълон қилишини айтган.

Референдумнинг ҳақиқий натижаси қандай бўлишидан қатъий назар, унинг ташкилотчилари ғалаба қозонилганини эълон қилиши мумкинлиги борасида хавотирлар билдирилмоқда.
XS
SM
MD
LG