Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:50

Оқсарой дастидан уйи бузилган шаҳрисабзликлар норози бўлмоқда


Шаҳрисабзлик муштарий Озодликка йўллаган сурат.
Шаҳрисабзлик муштарий Озодликка йўллаган сурат.

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳри марказидаги Оқсарой меъморий обидасининг таъмири боис уйи бузилган аҳоли товон пулидан норози бўлмоқда. Озодликка мурожаат қилган оилалардан бирининг айтишича, 4 сотихли ҳовлида уч оила истиқомат қилган ва берилган товон пулига бу оилалардан, ҳатто бирининг бошпанаси битиши даргумон. Шаҳар ҳокимияти расмийлари буйруқнинг юқоридан келганини айтиб, бундай муаммони ҳал қилолмаслигини очиқ тан олмоқдалар.



Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳри марказида март ойи бошидан буён аҳоли уйлари ва Оқсарой меъморий обидаси яқинида жойлашган давлат ҳисобидаги бинолар бузилмоқда.
Шаҳрисабзлик муштарий Озодликка йўллаган сурат.
Шаҳрисабзлик муштарий Озодликка йўллаган сурат.


Ушбу ҳудудда яшайдиган шаҳрисабзлик оила Озодликка мурожаат қилди ва бузилган уйи эвазига маҳаллий ҳокимият таклиф қилган товон пулидан қониқмаганини билдирди. (Оила сўрови билан шахсига оид маълумотлар сир сақланмоқда - Таҳр.)

"Men Shakhrisabz shaxridanman. Bilas bizani shaxarda rekonstrukstiya ishlari ketyabdi shunga meni yashaydigan uy xam buzildi shaxrisabz xokimi bizni bitta er uchastkasi bilan taminladi.lekin bu uyda uch oila bulib yashar edik. Shakhrisabz xokimi bizga 5 sotix er berib, yana 2 ta er uchastkasini komissiayadan utkazib, 3 oydan sung komissiaya rozi bulsa beraman deb bizlarni tinchlantiryabdi. Men sizga murojat qilishimdan maqsad bu komissiya qaerdan chiqdi yoki xokim konistitutsiani uziga uzi uzgartirib oldimi shuni surishtirib berishingiz iltimos qilmoqchi edim" деб ёзди Озодлик муштарийси.

Озодлик мурожаат ортидан Шаҳрисабз шаҳар ҳокимлиги ва марказда бораётган бузилиш-қурилиш ишларига масъул мутасаддилар билан гаплашди.

Шаҳар марказида жойлашган Оқсарой мeъморий ёдгорлигини қайта таъмирлаш доирасида ёдгорлик ёнида катта хиёбон бунёд қилиш режаланган ва режадаги майдонда жойлашган биноларнинг ҳаммаси Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида бузилмоқда.
Шаҳрисабзлик муштарий Озодликка йўллаган сурат.
Шаҳрисабзлик муштарий Озодликка йўллаган сурат.
Шаҳрисабз шаҳар ҳокимлигининг мухбир билан микрофонсиз гаплашган ва исмини ошкор қилмаётганимиз расмийси режадаги майдонда жойлашган аҳоли уйларига товон пули қонуний асосда тўланаётганини айтди. Озодликка келиб тушган конкрет шикоят юзасидан тўхталган ҳокимлик расмийси бу масалада ёрдам беролмаслигини очиқ тан олди.

"Уйи бузилаётганларга 5 сотихдан ер участкаси бераяпмиз, бу аниқ. Баҳолаш комиссияси бузилаётган уйни ҳисоб-китобини қилиб, товон пулини чиқариб берса, биз пулини ўтказиб берамиз, шу. Лекин, битта ҳовлида учта уйи бўлган бўлса, уларга учта уйнинг пулини бериш масаласини биз ҳал қилолмаймиз, очиғи", дея масалани шарт кесди Шаҳрисабз шаҳар ҳокимлигининг исмини ошкор қилмаётганимиз расмийси.

Унинг айтишича, уйи бузилаётганлар берилаётган товон пулидан норози бўлса, шаҳар ҳокимлигининг махсус штабига мурожаат қилишлари мумкин.

Қишлоқ қурилиш банки ва Ипотека банкларининг Шаҳрисабз шаҳар бўлимларидан олинган маълумотга кўра, уйи бузилаётган аҳолига навбатсиз кредит бериш бўйича ҳокимликдан кўрсатма бор.

"Агар бизга келса, ипотека кредитини берамиз. Масалан, ўша ҳокимлик берган товон пули билан қурмоқчи ёки сотиб олмоқчи бўлган уйининг 25 фоизини шакллантирса бўлади. Қолганини 15 йиллик кредит қилиб тўлаши мумкин", деди Ипотека банкининг айнан уйлари бузилаётган аҳоли билан ишлаётган ва исмини ошкор қилмаётганимиз расмийси.

Шу тариқа, шаҳар марказида уйи бузилаётган аҳолига уч йўл таклиф қилинаётгани маълум бўлди:

1. Уйи бузилаётганлар шаҳар ҳокимлиги қошида бузилган уйларнинг қийматини баҳоловчи махсус комиссия белгилаб берган миқдордаги товон пулини олиб, шаҳар чеккасидан 5 сотих ҳовлига ўзи уй қуриб олиши мумкин.

2. Шаҳар марказида қурилаётган янги 3 қаватлик иккита турар-жой биносидан товон пули миқдорига тенг нархдаги квартирани олиши мумкин.

3. Ипотека банки ёрдамида ўртача 96 миллон сўм турадиган намунавий уйлардан бирини 7 фоизлик кредит асосида 15 йилга сотиб олиши мумкин.


Озодликка мурожаат қилган шаҳрисабзлик оиланинг арз қилишича, ҳокимият бераётган товон пули ҳисобига бу таклифлардан бирортасини қабул қилиш имконсиз.

Аммо, шаҳар макразида жойлашган Оқсарой меъморий обидасининг қайта таъмирини 1 сентябрга қадар тугатиш мажбурияти бор ва шаҳар ҳокимлиги бунинг учун барча имконият ишга солинаётганини таъкидламоқда.

"Биз ҳеч нарса қилолмаймиз. Режага тушган объектларнинг ҳаммаси бузилади, норозилар Вазирлар Маҳкамасига борсин!", деди шаҳар ҳокимлигининг исмини окшор қилмаётганимиз расмийси.
Шаҳрисабзлик муштарий Озодликка йўллаган сурат.
Шаҳрисабзлик муштарий Озодликка йўллаган сурат.

1380—1404 йиллар Амир Тeмур қурдирган Оқсарой меъморий обидаси Шаҳрисабз шаҳрининг шимоли-шарқий қисмидаги бош майдонда жойлашган.

Оқсарой Амир Темурнинг она шаҳридаги қароргоҳи бўлган. 1380 йили бошланган сарой қурилиши 24 йил давом этган ва Амир Темур вафотидан сал аввалроқ битказилган.

ЮНЕСКО меъморий обидалари рўйхатига киритилган бу объект Ўзбекистондаги бошқа нодир тарихий обидалардан қурилиш услуби, меъморчилиги ва безаклари билан ажралиб туради. Бу обиданинг яна бир ўзига хос жиҳати унинг томи тепасида қурилган ҳовуздир.

Айни пайтда меъморий обиданинг ўзи Франция Ташқи ишлар вазирлиги молиявий ва техникавий ёрдами асосида 2012 йилнинг апрелидан буён таъмирланмоқда. Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот котиби Шарл Доньенинг айтишича, Оқсаройдаги таъмир ишлари ҳам шу йил кузида тугатилиши керак.
XS
SM
MD
LG