Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:43

Ўзбекистон университетларидаги ҳожатхоналар нега пуллик?


Ўзбекистондаги аксар таълим муассасалари давлатга қарашли бўлгани ҳолда¸ олийгоҳ талабаларининг аксарияти ўқиш учун шартнома бўйича миллионлаб сўм ҳақ тўлаëтган бир пайтда¸ мамлакат бўйлаб кўпчилик университет¸ институт ва ҳатто коллеж-лицей талабалари энг оддий ҳақлари бўлмиш ҳожатга чиқиш учун ҳам пул тўлаб келмоқда. Озодлик суҳбатлашган Олий таълим вазирлиги мутасаддилари бундай амалиëт ва олийгоҳларда ўрнатилган нарху наводан бехабарликларини билдирдилар.

Мавзуни ўрганиш жараëнида Озодликка маълум бўлишича¸ таълим муассасаларидаги ҳожатхоналарнинг талабалар учун пуллик қилиб қўйилганига бир неча йил бўлган. Аввалига арзимагандек бўлиб кўринган “ҳожат ҳақи” йил ошган сайин кўтарилиб¸ ҳозирда айрим университетларда 500 сўмга етган.

Тошкент Аграр университети талабаси гапиради:

- 2011 йилдан бошлаб бизда ҳам пуллик бўлди. Бунгача¸ масалан¸ билганим Пединститутда¸ Нархозда 2006 йилдан бери пуллик эди. Ҳозир Аграр университетининг бош корпусида¸ Экономфакда бир марта кириш 500 сўмдан. Айрим талабанинг чўнтагида умуман пули йўқ. Пул бермаганни киргизмайди. Қулфлаб қўйиб¸ калитни пулни олган кейин беради баъзида ўша ерда ўтирадиган аëллар. Талаба ўқиëтгани учун давлатга контракт пули тўласа¸ яна нима учун ҳожатхонага пул тўлаши керак? Университетда 7000 тача талаба ўқийдиган бўлса¸ йўқ деганда кунига 1000 таси киради ҳожатхонага. Ҳожатхона олдида йиғилаëтган маблағ қаерга кетаяпти? Бу пулнинг давлат ë университет кассасига бориб тушмаслиги аниқку!¸ дейди Аграр университети магистранти Озодлик билан суҳбатда.

Айни пайтда Тошкентдаги Жаҳон тиллари университети¸ Низомий номидаги педагогика университети¸ Иқтисодиëт университети¸ Қарши муҳандислик-иқтисодиëт университети¸ Самарқанд Қишлоқ хўжалик институти¸ Наманган педагогика университети талабалари Озодликка мурожаат қилиб¸ ўзлари таълим олаëтган давлат олийгоҳидаги ҳожатхоналарнинг пуллик эканига нисбатан эътироз билдиришди.

- Мен ўқиëтган Ўзбекистон Жаҳон тиллари университетида студентлар учун ҳожатхона нархи 200 сўм. Мана қиш кунлари¸ совуқ ҳавода кўчада навбат кутиб турдик. Администрация¸ ўқитувчилар учун ичкарида туалет бор. Лекин олти қаватлик корпусда ўқийдиган талабалар учун биргина туалет кўчада. Туалет хусусий¸ пуллик деб аëллар ўтиришибди. Университет ëтоқхонасида яшовчилар ëнимиздаги бинога ўтиб¸ ҳожат чиқаришади. Лекин ëтоқда турмайдиганларнинг кўчада навбат кутиб¸ пул тўлаб киришдан бошқа иложи йўқ¸ дейди Озодликка боғланган яна бир талаба.

“Контракт пули ва коррупция юки остида қийналиб келаëтган кўпгина талабанинг ëнида баъзида 200 сўм ҳам топилмайди. Ҳожатга чиққиси келса¸ нима қилишини билмай қолади бундайлар. Таълим учун шунча пул тўлаëтган талаба учун наҳотки университет биносидаги туалетни бепул қилиб қўйишнинг иложи йўқ”¸ деб жунбушга тушди Озодликка мурожаат қилган аксар талабалар.

Аëн бўлишича¸ пуллик туалетлар кўлами университет ва институтлар билан чекланмай¸ бу сирага коллеж ва лицейлар ҳам қўшилмоқда. Тошкентдаги 1-Тиббиëт коллежи талабасининг айтишича¸ бундан бир неча йил аввал бу муассасада ҳам ҳожатхонани пуллик қилишган¸ бироқ айрим ота-оналар "тўполон" қилганидан сўнг¸ бу қоидадан воз кечишган.

Тошкентдаги яна бир коллеж ўқувчисининг маълум қилишича¸ ҳар ой талабалардан "коллектив жамғарма" деган баҳона билан пул йиғилади ва ҳар бир гуруҳ ана шу жамғармадан ойига 21 минг сўмни ҳожатхона учун ажратади.

Талабалар ўз фундаментал ҳақларининг бундай тарзда бузилишига эътироз билдирмайдиларми¸ деган саволга Озодлик суҳбатлашган талабаларнинг барчаси¸ ўзи ўқишга зўрға кирган талаба арзимаган баҳона билан ундан ҳайдалишдан чўчиб яшаши боис¸ ўз норозилигини кўрсатмасликка мажбур эканини билдирдилар.

Ўзбекистонда давлатга қарашли олийгоҳ ва айрим коллежларда ҳукм суриб келаëтган бундай амалиëт сабабларини ўрганиш мақсадида Озодлик мухбири Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги¸ шунингдек¸ номлари юқорида келтирилган университетлар раҳбариятига мурожаат қилди.

Олий таълим вазирлигининг Озодлик мухбири суҳбатлашган бир эмас¸ бир неча мутасаддиси бундай амалиëтдан ўзларининг бехабар эканликларини таъкидлаб¸ масалани ўрганиш учун вақт беришни сўрашди.

Озодлик боғланган айрим университетлар молия-хўжалик ишлари бўйича мутасаддисилари эса¸ бу саволга жўяли жавоб топиб бера олмадилар.

Айрим талабалар¸ ҳожатхоналарнинг пуллик қилинишини таълим муассасаларида хўжалик юритишнинг қисман тижорий усулга кўчирилгани билан боғлашса¸ бошқалари бу амалиëтни ҳожатхоналар санитария-гигиена аҳволини яхшилаш мақсадида махсус ходимларни ишга ëллаш зарурати билан изоҳлашга уриндилар.

Ҳар иккала тахминдан¸ агар уларда асос бўлса¸ қарийб 90 фоиз талабасидан ўқиш учун йилига бир неча миллион сўмдан олаëтган олий ўқув юртларининг нега ҳожатхоналар тозалигини сақлаш учун бир неча фаррошни ишга олишга қурби етмайди¸ деган навбатдаги савол келиб чиқади.

Ўзбекистондаги туалет бизнеси

Сиртдан айрим алоҳида олинган университетлар ўзича жорий қилган каби кўриниши мумкин бўлган пуллик ҳожатхоналар муаммоси¸ мустақил кузатувчилар фикрича¸ аслида Ўзбекистонда кенг қулоч отган катта бизнеснинг кичик бир тармоғи бўлиши мумкин.

Ҳозирга келиб¸ мамлакат бўйлаб нафақат олий ва ўрта махсус таълим муассасалари¸ балки мантиққа кўра бепул бўлиши тақозо этиладиган катта дўконлар¸ бозорлар¸ умумий овқатланиш шоҳобчаларидаги ҳожатхоналар ҳам пуллик тизимга ўтказилган.


Ўзбекистон таълим муассасаларидаги ҳожатхоналар нега талаба учун пуллик¸ деган саволга расмий жавобни ўрганишда давом этамиз.

Бу саволга ойдинлик киритувчи маълумот Сизда бўлса¸ марҳамат¸ уларни шарҳ катакчасига ëзиш орқали Озодлик ва жамоатчиликка йўлланг!
XS
SM
MD
LG