Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:43

Қирғизистон низоларнинг олдини олиш учун Тожикистонга йўл қуриб бермоқчи


Тожикистон-Қирғизистон чегарасининг энг кўп низолар содир этилувчи ҳудуди харитаси.
Тожикистон-Қирғизистон чегарасининг энг кўп низолар содир этилувчи ҳудуди харитаси.

Икки давлат чегарасида сўнгги бир неча ой ичида ўнга яқин катта ва кичик низолар содир этилган эди. Қирғиз ҳукумати тожикистонликларнинг Қирғизистон ҳудудидаги йўллардан фойдаланмаслиги учун мана шундай қарор қабул қилган. Қирғизистон ҳукуматининг маълум қилишича, бу борада Душанбе расмийлари билан келишиб олинган.

Қирғизистон расмийларининг 19 май куни билдиришларича, Тожикистоннинг Ворух эксклавига қирғиз қишлоқларини оралаб ўтмайдиган йўл қуриб бериш масаласи 13 май куни Душанбеда ўтган давлатлараро комиссия йиғилишида келишиб олинган.

Қирғизистоннинг Боткен тумани ҳокими ўринбосари Таалай Ибрагимов бундан мақсад қирғиз ва тожик фуқаролари ўртасида сўнгги бир неча ой ичида авж олган низоларни бартараф этиш ҳамда чегарадаги кескинликни юмшатиш эканини билдирди:

-Бизнинг ҳудудда яшовчи аҳолининг талаби ҳам мана шундан иборат эди. Қўшнилар бир-бирларининг қишлоқларини айланиб ўтишлари ортидан жуда кўп жанжал ва низолар келиб чиқаяпти. Мазкур йўлнинг қурилиши чегарадаги барча муаммоларни ҳал этмайди, бироқ жуда кўп жанжалларнинг олдини олади, - деди Таалай Ибрагимов.

Тожикистон билан чегарадош бўлган Боткен вилояти ҳокимининг ўринбосари Бакир Жолчуев Тожикистоннинг Ворух анклавига йўл қуриш ишлари икки ҳафта ичида бошланишини маълум қилди.

-Давлатлараро комиссиянинг келишувини амалга ошириш учун маҳаллий даражада икки томонлама учрашувларни ўтказдик. Ҳозир қирғиз-тожик чегарасидаги йўллар кесишган нуқталарда хавфсизликни қандай таъминлаш масаласи устида бош қотираяпмиз. Бунинг учун икки ҳафталик муддат берилган. Шундан сўнг Тожикистоннинг Исфара-Ворух йўлини бизнинг ҳудудимиздан ўтувчи қисмини ҳам қуриб берамиз, -деди Бакир Жолчуев.

Қирғизистон ҳукумати шу йилнинг 11 январида бошланиб, шу кунгача ҳам вақти-вақти билан содир бўлиб турган чегарадаги низоларга барҳам бериш ва мазкур ҳудуддаги кескинликни юмшатиш учун Тожикистоннинг Ворух эксклави аҳолисига қирғиз қишлоқларини айланиб ўтувчи йўл қуриб бериш қарорига келган.

2014 йилнинг 11 январида қирғиз-тожик чегарасининг мазкур ҳудудида икки давлат чегарачилари ўртасида содир этилган отишмада Қирғизистоннинг беш, Тожикистоннинг уч чегарачиси яраланган эди.

Шундан сўнг мазкур ҳудудда ўнга яқин турли низолар содир этилди. Бу низолар кўпинча қирғизистонликлар тожик қишлоқлари, тожикистонликлар қирғиз қишлоқлари орқали ўтаётганида содир этилмоқда.

8 майга ўтар кечаси эса икки давлатнинг 1500дан ортиқ фуқароси ўртасида содир этилган тартибсизликлар пайтида ҳар икки томондан таҳминан 60 одам жароҳат олган. Уларнинг камида 22 нафари оғир жароҳатлар билан касалхонага ётқизилган. Қирғизистон ҳудудида тожикистонликлар томонидан бир ёнилғи қуйиш шаҳобчаси, 3 контейнер, 2 дўкон ва 2 та юк автомашинаси ёқиб юборилгани хабар қилинган эди.

Бу низоларда Қирғизистон томони Тожикистонни, Тожикстон эса Қирғизистонни айблаб келади.
XS
SM
MD
LG