Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:36

МТСнинг Ўзбекистонга қайтишига бир қадам қолди


Орадан икки йил ўтиб ҳам МТС нинг аксар эълон плакатлари Ўзбекистон кўчаларида қолишни давом эттирмоқда.
Орадан икки йил ўтиб ҳам МТС нинг аксар эълон плакатлари Ўзбекистон кўчаларида қолишни давом эттирмоқда.
МТС мобил ширкати жорий йилда Ўзбекистон алоқа бозорига қайтиши мумкин. Бу ҳақда маълум қилган МТС эгаси Россиядаги “Система” компанияси раҳбари Владимир Евтушенковга кўра, ўзбек бозорига қайтиш учун фақат битта шартни бажариш лозим. Ҳозирча бу қандай шарт эканлиги очиқланмаяпти. Таҳлилчилар тахминича, расмий Тошкент икки йилдан буён қочиб юрган МТСнинг Ўзбекистондаги ширкати раҳбари Беҳзод Аҳмедовни қидириб топишга кўмаклашиш шартини қўйган.

Пайшанба куни Санкт Петербургдаги халқаро иқтисодий форумда МТСга эгалик қилувчи “Система” акционерлик-молия компанияси раҳбари Евтушенков МТС ширкати Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакатдаги фаолиятини қайта йўлга қўйиш борасида деярли келишиб олганини айтди.

- Биз Ўзбекистонга қайтиш учун деярли ҳамма шартларни келишиб олганмиз. Фақат битта муҳим шарт қолмоқда. Улар бизнинг қайтишимизни жуда хоҳлашаяпти. Агар шу шартни келишиб олсак, жорий йилнинг ўзидаёқ Ўзбекистонга қайтишимиз мумкин, - деб таъкидлади Евтушенков.

"Система" раҳбарининг айтишича, частоталар билан боғлиқ сўнгги масала бўйича айни дамда сўзлашувлар олиб борилмоқда.

- Бу давлат иштирокидаги янги компания бўлади. “Система” ширкати эса уни назорат қилади, - деди форумда сўзлаган Евтушенков.

"Система” компанияси матбуот котибаси Екатерина Цуканова Озодлик билан суҳбатда МТСнинг Ўзбекистонга қайтиши бўйича Тошкент ҳукумати билан бўлаётган сўзлашув деталлари ҳали аниқ эмаслигини айтди.

– Владимир Петрович ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон билан сўзлашувлар бораётганини айтди, лекин бу сўзлашувларнинг деталлари ҳали аниқ эмас. Қайтамиз дейилаётгани, бу МТС мамлакатда эрта ёки индин иш бошлайди, дегани эмас. Бу бир ёки икки ойда ҳал бўладиган иш ҳам эмас. Йирик бизнесменлар бир нима ҳақида гапиришса, улар стратегик, узоқни кўзлаб гапиришади. Владимир Петрович ҳам масалага стратегик қараяпти, - деди Цуканова.

Апрель ойида Интерфакс ахборот агентлиги ҳам МТС Ўзбекистон мобил алоқа бозорига қайтиши мумкинлиги ҳақида ёзган эди.

Бироқ ўшанда МТС расмийлари бу хабарни на тасдиқлаган, на инкор қилганди.

Фақат бир шарт қолган...

Ўзбекистон бозорига қайтиш учун фақат битта шартни бажариш лозимлигини айтган Владимир Евтушенков, бу қандай шарт экани ҳақида гапирмади.

Ўзбекистон ҳукуматига яқин манбаларига эга Uzmetronom.com нашри эса ўзбек томони Евтушенковга МТС-Uzbekistan ширкатининг мамлакатдан қочиб кетган раҳбари Беҳзод Аҳмедовни қидириб топишга ёрдам бериш шартини қўйган бўлиши мумкин, деган тахминларни илгари сурди.

Аҳмедов MTC-Uzbekistan ширкатида бошланган текширувлар ортидан 2012 йилнинг апрель ойида Ўзбекистондан қочган эди. Ўшандан буён Аҳмедовнинг қаердалиги номаълум бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон томони Аҳмедовни Интерпол орқали қидирувга берган.



Беҳзод Аҳмедовнинг номи Швеция ва Швейцарияда бошланган Ўзбекистон телекоммуникация бозоридаги коррупция ва пул ювиш даъволари билан боғлиқ тергов ишида ҳам қайд этилади.

"Владимир Евтушенковга қочоқ Беҳзод Аҳмедовни қидиришга кўмаклашиш ёки уни умуман ҳеч ким топа олмайдиган қилиш эвазига қандайдир кафолатлар ваъда қилинган бўлиши мумкин. Шунингдек, у бошқа йўналишда, Швеция ва Швейцариядаги прокурорлар овозини ўчиришда ҳам ёрдам бериши мумкин", деб ёзди Uzmetronom.

Ўзбекистоннинг расмий идоралари "Уздунробита"ни йирик миқдордаги солиқ тўловларини яшириш, пул ювиш, мижозларнинг маблағларини ноқонуний ўзлаштириш каби ҳаракатларда айблашган.


МТСнинг Ўзбекистонда "Ўздунробита" номи остида фаолият олиб борган шўъбаси 2012 йил ёзида расмий Тошкент қарори билан фаолиятини тўхтатган эди.

Ўзбекистон расмий идоралари "Ўздунробита" ширкатига йирик миқдордаги даромадни солиқдан яшириш, пул ювиш, мижозлар пулларини ноқонуний ўзлаштириш каби айблар қўйган.

Тошкентнинг МТС фаолиятини тўхтатиши оқибатида мамлакатдаги энг йирик мобил алоқа оператори бўлган "Ўздунробита"нинг 10 миллионга яқин мижози бир кунда алоқасиз қолган эди.

Аввалроқ, МТС ширкати Ўзбекистондаги бўлимининг ёпилишидан кўрган зарарни ундириб бериш учун халқаро арбитражга шикоят қилганини билдирганди.

Вашингтондаги халқаро марказ (ICSID) шу йил бошида ширкат шикоят аризаларини кўриб чиқишни бошлаганини билдирган эди.

Ана шу жараëнлар фонида МТСнинг эҳтимолий қайтиши сабаблари ҳақида Сиз нима фикрдасиз?

26 май куни Тошкент вақти билан 19:05 дан 20:00 га қадар OzodSkype ва OzodlikOnline Skype манзиллари орқали бу ҳақдаги мулоҳазаларингизни жонли мулоқотда билдиринг!
XS
SM
MD
LG