Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:55

Андижоннинг Балиқчисида боғча болалари овқатдан оммавий заҳарланди


2 ёшдан 5 ёшгача бўлган 23 нафар бола заҳарланиш аломатлари билан касалхонага ётқизилган.
2 ёшдан 5 ёшгача бўлган 23 нафар бола заҳарланиш аломатлари билан касалхонага ётқизилган.

Андижон вилояти Балиқчи туманида боғча болалари орасида овқатдан оммавий заҳарланиш ҳолати рўй берди. Вилоят ва туман ҳокимликларидаги Озодлик манбаларига кўра, Балиқчи тумани Эски-Хаққулобод қишлоғида жойлашган 19-болалар боғчасида камида 23 нафар бола овқатдан заҳарланиш аломатлари билан юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.



Андижон вилояти Балиқчи туманида 26 май куни фавқулодда ҳодиса рўй берганини Озодликнинг бир-биридан мустақил бир неча манбаси тасдиқлади. Вилоят халқ таълими бошқармасининг мутасадди вакили Балиқчи туманининг Эски-Хаққулобод қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 19-болалар боғчасининг 23 нафар тарбияланувчиси душанба куни овқатдан заҳарланиш аломатлари билан туман юқумли касалликлар шифохонасига олиб борилганини тасдиқлади.

Унинг айтишича, ҳодиса болалар тушлик овқатни қилиб бўлганидан кейин рўй берган.

“Боғча тарбиячиси тушдан кейин болалалрнинг икки нафарида кўнгил айниши ҳолати пайдо бўлиши биланоқ боғча ёнидаги қишлоқ врачлик пунктидан шифокорни чақиртириб келган. Бу орада яна икки-уч нафар боланинг кўнгли айниши бошланган. ҚВП врачи дарҳол биринчи ёрдамни кўрсатган, болаларнинг ошқозонини ювган. Шундан кейин тез ёрдам чақириб болаларни туман юқумли касалликлар шифохонасига олиб боришга қарор қилинган. Бошқа болаларнинг ҳам ранги оқариб, кўнгли айнишни бошлаган ва бирма-бир болаларни касалхонага олиб боришган”, дейди Андижон вилоят халқ таълими бошқармаси мулозими.

Унинг айтишича, жами 23 нафар бола касалхонага олиб борилган, улардан 21 нафари бир неча соатдан кейин уйларига жавоб бериб юборилган, дея таъкидлади исмини келтирмаётганимиз мулозим.

“Касалхонада қолган икки болага ҳам сешанба куни жавоб берилди”, деган суҳбатдошимиз болалар овқатдан заҳарланмагани, уларга гастрит ташҳиси қўйилганини таъкидлади.

Айни пайтда, Балиқчи тумани соғлиқни сақлаш бошқармасидаги Озодлик манбаси болаларга ҳақиқатан ўткир гастрит (ошқозон ўткир яллиғланиши-таҳр.) ташҳиси қўйилганини тасдиқлади, лекин гап аслида овқатдан заҳарланиш ҳақида кетаётганини эътироф этди.

“Боғчада болаларга эртлаб чой, сут ва нон берилган. Тушликка макарон ва нўхатдан тайёрланган шўрва берилган. Шундан кейин болаларда кўнгил айниши, беҳузур бўлиш аломатлари кузатила бошлаган. Ҳозир болаларда касалликни қўзғатган манба шу маҳслуотлардан бирида бўлган деган тахмин ўрганилмоқда. Кеча боғчага мутахассислар бориб, ҳамма маҳсулотлардан намуналарни олишди ва лабораторияга текшириш учун юборишди”, деди туман соғлиқни сақлаш бўлими ходими.

Озодликка шахси сир қолиши шарти билан гапирган бу мулозимнинг айтишича, Эски-Хаққулобод қишлоғидаги 19-боғчада жами 70 нафар тарбияланувчи бор. Шулардан 2 ёшдан 5 ёшгача бўлган 23 нафар бола душанба куни касалхонага ётқизилган. Қолган 47 нафари ҳам текширувдан ўтказилган.

“2009-2012 йил оралиғида туғилган 23 нафар бола касалхонага ётқизилди, уларга биринчи ёрдам кўрсатилгач, касалхонада қолдириш эҳтиёжи йўқ, деган хулоса билан, ҳозирги пайтда, ҳаммаси уйларига қўйиб юборлди. 19-боғчада карантин жорий қилиниб, ёпиб қўйилди. У ерда дизинфекция ишлари олиб борилмоқда”, деди Озодлик манбаси.

Бу икки ҳафта ичида Ўзбекистонда овқатдан оммавий заҳарланиш билан боғлиқ иккинчи ҳодисадир.

15 май куни Жиззах шаҳридаги PRIM ресторанининг 161 нафар хўррандаси заҳарланиш аломатлари билан юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган эди.

26 май куни Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида эса, Озодлик манбаларига кўра, геморрагик безгак билан касалланган 15 ёшли бемор юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилгани маълум бўлди.
XS
SM
MD
LG