Олмаотада Сурия урушида қатнашган фуқаро қамалди
Қозоғистоннинг Олмаота шаҳри суди Комил Абдулинни “Суриядаги террорчи гуруҳ фаолияти”да иштирок этганликда айбдор деб топиб, 7 йилга озодликдан маҳрум қилди.
Тергов материалларида айтилишича, Комил Абдуллин 2013 йилнинг июнида Туркия орқали Сурияга ўтган. Бу ерда у Рифмуҳаддисин шаҳридаги “Эски Туркистон” деб аталган қуролли гуруҳ таркибига қўшилган.
Суд давомида Абдуллин мазкур ташкилот ишида фаол қатнашгани, экстремизм ва динлараро низо қўзғовчи тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боргани, одамларни жиҳодга даъват қилгани айтилди.
2013 йилда ижтимоий тармоқларда Сурияда “жиҳод қилаётган” 150 нафар қозоғистонликка мансуб экани айтиладиган видео жойлаштирилган ва бу видео жамоатчилик орасида катта шов-шувларга сабаб бўлган эди.
Тожик “жиҳодчи”лари ҳам видео эълон қилди
Куни кеча эса ўзларини тожикистонлик деб таништирган 22 киши ҳам “Суриядаги жиҳод”га нуқтаи назар билдирилган видеони ижтимоий тармоқларда эълон қилди. Маълум бўлишича, мазкур видео тожикистонлик уламо Хожи Мирзонинг “Сурияда ҳеч қандай жиҳод бўлмаётгани” тўғрисида Озодлик радиоси тожик хизматига берган интервьюсига жавобан эълон қилинган.
Видеонинг Сурияда ёки бошқа жойда олинганини аниқлаш имконияти бўлмади. Бироқ видеодаги 22 кишилик гуруҳ ўзларини “Суриядаги тожик мужоҳидлари” сифатида таништирган.
Бу каби чақириқларга жавобан минтақа ҳукуматлари хориж мамлакатларидаги қуролли тўқнашувларда иштирок этган одамларни жазога тортувчи қонунларни қабул қилмоқда. Бундай қонун ўтган ҳафтада Тожикистон парламентида қабул қилинди.
-Тожикистон Жиноят кодексига бу борада киритилган ўзгартишлар жуда аҳамиятлидир. Айни пайтда Суриядаги урушда сурияликларгина эмас, террорчи гуруҳлар билан алоқада бўлган бошқа давлат фуқаролари ҳам иштирок этмоқда. Улар Суриядаги урушда катта рол ўйнаяпти. Қабул қилинган қонун эса тожикистонликларни бошқа давлатлардаги урушларда иштирок этишининг олдини олишга қаратилган, -деди Тожикистон парламенти депутати Амирқул Азимов.
Тожикистон ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг билдиришича, Суриядаги урушда иштирок этаётган 4 тожикистонлик ҳалок бўлган.
Қирғизистондан ҳам Сурияга “жиҳодчи”лар кетмоқда
Қирғизистон ҳуқуқ –тартибот тузилмалари эса Суриядаги урушда 6 қирғизистонликнинг ҳалок бўлгани тўғрисида хабар олинганини билдирди. Қирғиз ҳуқуқ-тартибот тузилмалари тарқатган маълумотларда Суриядаги урушда қатнашаётган қирғизистонликлар сони юзга яқинлаб қолган.
Айни пайтда Суриядаги урушда қатнашиб, Қирғизистонга қайтгач террорчи гуруҳлар ташкил қилган фуқаролар қўлга олинаётгани тўғрисида ҳам маълумотлар тарқатилмоқда.
-Мазкур гуруҳ 2013 йилнинг июнь ойида халқаро террорчи гуруҳ раҳбарларидан тегишли кўрсатмаларни олиб, Бишкек ва Ўш шаҳарларида террорчилик ҳаракатларини содир этишни режалаштирган ҳамда бу ишларни амалга ошириш мақсадида Қирғизистонга келган, -деди миллий хавфсизлик хизмати расмийси Рахат Сулайманов.
Сўнгги маълумотларга қараганда , Қирғизистонда Суриядаги урушда қатнашиб келган бир қозоғистонлик ва икки қирғизистонлик қамоққа олинган.