Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:22

Евросиё иттифоқи - Россия етовидаги яна бир тузилма?



29 май куни Остонада Россия, Белaрус ва Қозоғистон президентлари Евросиё иқтисодий иттифоқини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани имзолади. Мазкур шартномага асосан 2015 йилнинг 1 январидан мазкур давлатлар иштирокидаги Божхона иттифоқи Евросиё иқтисодий иттифоқи деб атала бошланади.
Евросиё иттифоқи - Россия етовидаги яна бир тузилма?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:01 0:00
Бевосита линк


Шартномани имзолаш маросимида сўзлаган Россия президенти Владимир Путин Евросиё иқтисодий иттифоқи универсал шаффоф тамойиллар, жумладан, Халқаро савдо ташкилоти принциплари ва меъёрлари асосида фаолият юритишини айтди:

- Биз бугун биргаликда иқтисодий ривожланиш учун қудратли ва жозибадор марказни, 170 миллион одамни бирлаштирган улкан ҳудудий бозорни яратдик,- деди Путин ўз сўзи давомида.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев эса иттифоққа аъзо давлатлар қарорларни қабул қилишда ўзаро тенгликка эга бўлиши ҳақида гапирди.

Белорус президенти Александр Лукашенко шартнома имзоланишидан олдин шартномада ўз давлатини қониқтирмайдиган айрим жузий камчиликлар борлигини билдириб, бу камчиликларни бартараф этиш юзасидан Путин ва Назарбоев билан келишиб олишга умид қилишини айтган эди. Бу борада ҳамкасблари билан муросага келган Лукашенко ҳам шартномани имзолади.

Иқтисодий иттифоқ ортидаги сиёсий манфаат


Евросиё иқтисодий иттифоқини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани имзолаган давлат раҳбарлари иттифоқ сиёсий мақсадларни кўзламаганини билдирмоқда. Бироқ бир қатор таҳлилчилар мазкур иттифоқ ташкил этилиши ортидан Россия сиёсий мақсадларни кўзлаган деган хулосани билдириб келмоқда. Европа Иттифоқи хавфсизлиги институтининг катта таҳлилчиси Нику Попеску Россия иттифоқ тузиш орқали постсовет ҳудудлардаги ҳукмронлигини қайта тиклашга уринаётир деган фикрда:

-Бу сиёсий лойиҳа экани сезилиб турибди. Бу ерда иқтисодий масала жуда заиф. Агар Божхона иттифоқига аъзо давлатларнинг ўзаро савдо айланмасини таҳлил қиладиган бўлсак, ўтган йили Россия, Қозоғистон ва Белорус ўртасидаги савдо-сотиқ 7 фоизга қисқарганига гувоҳ бўламиз. Айни пайтда бу мамлакатларнинг Европа Иттифоқи билан савдо айланмаси ўтган йили 2,5 фоизга ўсган. Яъни, Қозоғистон билан Россия ўртасидаги иқтисодий алоқалардан кўра, Қозоғистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги алоқалар мустаҳкамроқдир, -деди Нику Попеску.


"Катта ака"нинг очилмаган бозори


Евросиё иқтисодий иттифоқи учун база бўлиб хизмат қилган Божхона иттифоқи 2010 йилда ташкил этилган эди. Мазкур иттифоқ ташкил этилгач Қозоғистон, Россия ва Белорус ўртасида иқтисодий алоқалар ва савдо-сотиқ кўрсаткичларининг юқорилагани кузатилган. Аммо 2013 йилдан бошлаб бу кўрсаткичлар пасая бошлаган. Масалан, 2014 йилнинг биринчи чорагида иқтисодий муносабатлар кўрсаткичи 2013 йилнинг шу даврига нисбатан солиштирилганда 13 фоизга камайган.

Мутахасислар бу ҳолатни Божхона иттифоқи шартномасига қарамай, Россия Белорус ва Қозоғистон учун ўз бозорини тўла очмагани билан боғлайдилар. Масалан, 2013 йил охирида Белорус Бош вазири Владимир Семашко Россия Белорусда ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалик техникаси импортига чеклов киритгани ортидан мамлакат машинасозлик саноатидаги ўсиш ҳажми 2 фоизга камайганини билдирган.

Қозоғистонлик бизнесменлар ҳам Россия Қозоғистон учун ўз бозорини тўла очмаганидан норозилик билдириб келмоқдалар:

-Жуда кўп тадбиркорлар Россияга маҳсулот жўнатиш, жумладан, спиртли ичимликларни экспорт қилиш, жуда чекланган эканидан шикоят қилиб келмоқда. Улар бу ҳақда ҳамма жойда гапирмоқда, лекин ҳеч нарса ўзгармаяпти. Қозоғистон ўз бозорини Россия ва Белорус учун тўла очиб берди, бу давлатлар эса Қозоғистон учун бозорларини тўла очишга шошилмаяпти. Бизнинг тадбиркорлар Россиянинг катта бозорига умид қилган эди. Аммо амалда бу нарса фақат чиройли тарзда қоғозга туширилган умумий сўз бўлиб қолмоқда, холос,-деди олмаоталик тадбиркор Алтай Сандибаев.

Бундан ташқари Украинадаги воқеалар ортидан Ғарб Россия иқтисодига санкциялар жорий этадиган бўлса, бунинг салбий таъсири Қозоғистон ва Белорус иқтисодида ҳам акс этади.

Янги аъзолар: Йўқдан кўра бор


Бу каби ноқулайликларга қарамай, Арманистон ва Қирғизистон ҳам келажаги Евросиё иқтисодий иттифоқи деб белгилаб берилган Божхона иттифоқига қўшилиш ниятида эканини билдирган.

Бироқ қирғизистонликлар орасида Бишкек расмийларининг Божхона иттифоқига қўшилиш қароридан норози бўлганлар кўпчиликни ташкил этади.

Қирғизистонлик тадбиркорларнинг айтишларича, мамлакатга олиб кирилаётган маҳсулотларнинг 60 фоизи Хитой ва Туркияда ишлаб чиқарилган. Агар Қирғизистон Россия етакчилигидаги Божхона иттифоқига кирса, бу давлатлардан олиб келинаётган маҳсулотларнинг нархи икки баробардан кўпроққа қимматлаб кетади.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев 2013 йилнинг декабрида Москвада Божхона иттифоқи саммитидан сўнг журналистларга берган интервьюсида Бишкек расмийлари бу каби муаммолар юзага келишидан огоҳлигини, аммо Россия билан иттифоққа қўшилмаслик иложисининг йўқлигини билдирган эди:

-Сизлар биз деярли муқобил йўлларга эга эмаслигимизни тушунишингиз керак. Украина Европа иттифоқи билан ҳамкорлик қилиш ёки Божхона иттифоқига қўшилишдан бирини танлаш имкониятига эга. Бизда эса бундай танлов деярли йўқ, -деган эди Алмазбек Атамбаев.
XS
SM
MD
LG