Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:06

Тошкентда уч кун ичида саксондан зиёд машина номери ўғирланган


Пойтахт Тошкентда машиналарнинг давлат номерлари ўғирланиши ҳолатлари кўпайган. Ички ишлар вазирлиги расмийлари номерларнинг нима мақсадда ўғирланаётгани тафтиш қилаётганини билдирди. Номерларнинг машина эгаларидан пул ундириш мақсадида ўғирланаётгани тахмин этилмоқда.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидан олинган расмий маълумотга кўра, сўнгги уч кун ичида пойтахтда саксондан зиёд машинанинг давлат номери ўғирланган.

Машина давлат номерлари нима мақсадда ўғирланаётгани маълум эмас. Ички ишлар вазирлигининг ўзини таништирмаган расмийси бу юзадан жиноят иши очилганини тасдиқлади:

- Бу юзадан тергов олиб борилaяпти. Номерларни ким ва нима мақсадда ўғирлаганини ўрганaяпмиз. Нима учун қилинаётганини улар ушланганидан сўнг биламиз, деди Ички ишлар вазирлигидаги Озодлик манбаси.

Кейинги кунларда пойтахтда машина номерлари ўғирлаш кўпайганидан тошкентликлар ҳам ҳайрон. Мирообод туманида яшовчи Саидолимнинг айтишича, ўтган тунда учта қўшнисини номерини ечиб олиб кетишган.

- Кечадан олдинги кун, 27 майга ўтар кечаси домимизнинг олдида қўшнимизникига келган меҳмонни машинасини номерини ечиб кетишди. Ундан олдинги куни иккита қўшнимизникини ўғирлашди. Ҳамма ҳайрон, машинани номери нимага керак бўлиб қолган уларга, билмаяпмиз. Буни қилган одамни ўзи билмаса¸ биз тушунмаяпмиз, дейди Саидолим.

Суҳбатдошга кўра¸ тошкентликлар орасида бундай ўғирлик уюшган жиноятчи гуруҳ иши бўлиши мумкин, деган гап-сўзлар оралаган:

- Уч кун ичида шунча машинани номери ечиб кетилди. Қандайдир жиноий гуруҳ машина номерларини ўғирлаб, бошқа машиналарга тақиб, у-бу нарса (ҳар хил жиноят - таҳр.) қилaяпти, деган хавотирли гаплар юрибди одамлар орасида, дейди тошкентлик Саидолим.

Озодлик манбалари таъкидича¸ номер ўғирланиши Тошкентнинг Миробод туманида¸ айниқса¸ кўп кузатилмоқда. Миробод ички ишлар тизими ходимига кўра, сўнгги уч кун ичида туманда 26 машинанинг давлат номери ўғирлаб кетилган.

- Битта ҳолатни кўчадаги камера қайд қилган. Ҳозир шу асосда тергов олиб борилаяпти, деди Миробод милицияси ходими.

Тошкентда номерлар машина эгаларидан пул ундириш мақсадида ўғирланаётган бўлиши мумкин, деган гумонлар ҳам бор.

Тошкентдаги машина бозори баланд-пастидан хабардор Асрорхўжа аканинг айтишича, бу тахминларда жон бор:

- Тирикчиликнинг йўли бу. Хат ёзиб кетади, номер керак бўлса фалон пулни берасиз, оласиз, дейди. Агар мундоғроқ бўлса олади, милиция аралашадиган бўлса¸ отворади. Буни йўллари кўп. Олдин ҳам бунақа холатлар бўлган. Бу ерда бошқа нарса йўқ. Номерни ўғирлаб, эшигига қоқиб қўймадику. Номерини олдирганлар уни тиклаш учун шунча пул тўлаши керак, вақт керак, асаб бузилади. Ўшани учун майли, розиман, деб пулни беради, номерни олади. Бунинг йўли кўп. Ўртага одамлар тушади. Олдин Россияда ҳам бунақа жиноятлар кўпайиб кетганди. Номер ўғрилаганлик учун у ерда беш йил қамоқ қилиб қўйганидан сўнг бу камайди, дейди Асрорхўжа ака.
XS
SM
MD
LG