Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:06

"Москва-Сити"да меҳнат муҳожирлари муштлашди


Москва полицияси 26 май куни мигрантлар ўртасида бўлиб ўтган оммавий муштлашув тафсилотларини ўрганмоқда. Россия пойтахтининг марказида қурилаётган “Москва-Сити” бизнес-марказида ишлаётган меҳнат муҳожирлари орасида бўлиб ўтган жанжал тўғрисидаги видео куни кеча Youtube порталида пайдо бўлди.

Интернетга жойлаштирилган видеодан “Москва-Сити” бизнес-марказида юзга яқин меҳнат муҳожири иштирокида содир этилган оммавий муштлашув 26 май куни бўлганини англаш мумкин.

Икки тарафдан 50 зиёд муҳожир ишчи иштирок этган муштлашув тасвирга туширилган ролик муаллифлар томонидан “тожик ва ўзбеклар ўртасида "Москва Сити"даги жанг”, деб номланган. Аммо жанжаллашаётган тарафлар ўзбек тилида сўзлашаётганини кўриш мумкин. "Нега қочасанлар?", деб бақиради муштлашув "лидер"ларидан бири бинонинг орқасига тисарилган мигрантларга.

Видеони тасвирга олган рус миллатига мансуб шахслар “Ур уни! Давай! Чуркалар бири-бирини ўлдиряпти!”, дея ҳайқираётгани эшитилади. (Мазкур видеода аҳлоқ-одобга тўғри келмайдиган, уят сўзлар айтилгани учун таҳририят уни Озодлик сайтида жойлаштирмасликка қарор қилди- муҳаррир)

Темир арматура, болға, каска ва бошқа буюмлар билан қуролланган қурилиш ишчилари муштлашуви гувоҳи бўлган москваликлар уни 4 дақиқали видеога олган. Видеодан ҳодиса Тестовский кўчаси ва 1-нчи Красногвардейский тор кўчаси туташган жойдаги айлана ёнида бўлиб ўтгани кўринади.

Айрим “жангчилар”нинг қўлида болға ва темир таёқларни кўриш мумкин. Қарама-қарши тараф ҳужумчилари қўлида қолган муштлашаётганлардан бири калтак остида қолади ва болға билан қаттиқ зарба еганидан кейин беҳуш ҳолда панжара ёнида ётиб қолади.

Шунда видеога олаётган томошабинлардан бири: “Диман, полицияни чақирдингми?”, деб берган саволига “оператор” иккиланмасдан “Нима кераги бор, бири-бирини ўлдириб ташламайдими”, жавобини қайтарди. Улар чорраҳага чиқиб муштлашаётган муҳожирларни “майдончилар” деб атаётгани, уларни кўпроқ "қанча одам видеони Ютубда кўриши" қизиқтираётганини эшитиш мумкин.

3 кун ичида роликни ярим миллионга яқин одам кўрди ва у ижтимоий тармоқлар орасида кенг тарқалди.

Москва шаҳар полиция бошқармаси 26 май куни полицияга ҳеч қандай жанжал тўғрисида мурожаатлар бўлмагани, шу куни "Москва-Сити" атрофидан бирор киши жароҳат олиб шифохонага келтирилмагани, лекин Youtube порталида жойлаштирилган видео асосида Ички ишлар бошқармаси текширув олиб бораётганини билдирди.

Шу йилнинг 19 май куни Санкт-Петербургнинг Киров туманида ҳам меҳнат муҳожирлари орасида оммавий муштлашув бўлиб ўтган эди. Шаҳарнинг Комсомольская майдонидаги тўқнашувда 15 кишигача одам иштирок этгани, 29 ёшли ўзбекистонлик Элдор Бўтаев ҳодиса жойида кўкрагидан пичоқ билан зарба олиб нобуд бўлгани, боши ёрилган яна бир киши - Ботуров Ш., оғир аҳволда маҳаллий клиникага олиб кетилгани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

Озодлик сўровига маҳаллий полиция бошқармасида қотилликни содир этганликда ва тан жароҳати етказганликда гумонланаётганлар аллақачон ҳибсга олингани ва ўз айбига иқрор бўлганини маълум қилишди.
XS
SM
MD
LG