Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:36

Жиззахнинг Чаманзорида бир пақир сув 500 сўмга сотилаяпти


Жиззах вилояти Пахтакор туманидаги Чаманзор қишлоғи аҳолиси бир ойдан кўпроқ вақтдан буён ичимлик сувининг бир пақирини 500 сўмдан сотиб олаяпти. Чаманзорликларнинг айтишича, кўпчилик ичимлик сувига пули йўқлиги боис канал сувини ичаяпти.


Чаманзор қишлоғида яшовчи исмини очиқламасликни сўраган манбанинг Озодликка ёзишича, улар тоза ичимлик суви йўқлигидан бир пақир сувни 500 сўмгача сотиб олишга мажбур бўлаяпти:

“Бизда ҳозир ичимлик суви йўқ. Одамлар бир пақир сувни 500 сўмгача сотиб олаяпти. “Сув оқова” корхонасидан “Нега сув чиқмаяпти”, деб сўрасак, “Мотор бузилган, ҳар бир хонадон 1000 сўмдан йиғиб берсанглар, моторни таъмирлаймиз, кейин сув чиқади”, дейди. Кеча кўчамизнинг оқсоқоли келиб, 1000 сўм олиб кетди. “Эртага сув чиқарамиз” дейишди. Лекин бу бир баҳона. Яна бир ой ўтар- ўтмас яна мотор бузилади. Пул йиғиш уларнинг баҳонаси”, дея email орқали хабар йўллади чаманзорлик манба.

Чаманзор қишлоғида яшовчи бошқа бир манба эса Озодлик мухбири билан суҳбатда аксар аҳоли ичимлик сувини сотиб олишга маблағи йўқлиги боис, ариқ ва канал сувларидан ичаётганини айтди:

“Биз оилада 3 киши яшаймиз. Шунинг учун кунига 1 пақир сувни 500 сўмга сотиб оламан. Бу сувни ичишга ва овқатга ишлатамиз. Қолган нарсалар учун канал сувидан фойдаланамиз. Лекин оиласида кўпчилик яшайдиганлар учун бир пақир сув етмайди. Қўшниларим орасида кўпчилиги сувга пул сарфламаслик учун канал сувидан ичишаяпти. Ўзимиз ҳам пул етмай қолган кунлари ёнимиздан оқадиган канал сувидан олиб келиб, шуни ичамиз”, дейди Чаманзор қишлоғида яшовчи манба.

Пахтакор туман Сув оқова корхонасида ишловчи, исмини очиқламаётганимиз манба Чаманзор қишлоғида шу кунларда ичимлик суви муаммо бўлиб турганини тасдиқлади.

“Бунга сабаб, Чаманзор қишлоқ фуқаролар йиғинига сув тортадиган моторимиз куйиб қолди. Моторни таъмирлаб, жойига қўйгунча, шу узилиш бўлиб қолди. Сал олдин ҳам шу мотор бузилгани ортидан ичимлик сув билан таъминлашда узилиш бўлган”, дейди Сув оқова корхонаси ходими.

Пахтакор туман ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, Чаманзор қишлоғининг деярли бутун ҳудудига ичимлик суви қувурлари тортилган:

“Бу қишлоқ тўла водопроводлаштирилган. Фақат қишлоқ чеккасидаги, янги қурилаётган маҳаллага ҳали водопоровод суви етиб бормаган”, деди Пахтакор туман ҳокимлигининг ўзини таништирмаган ходими.

Ўзбекистон ўз сув ресурсларига эга бўлса-да, жиддий сув тақчиллигини бошидан кечираётган мамлакатлар сирасига киради. БМТ маълумотига кўра, бу иқтисодий ривожланиш ва аҳоли турмуш даражасининг юксалишига монелик қилмоқда.

Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистонда ичимлик сув муаммоси кундан кун оғирлашиб бораяпти, жанубий ва ғарбий вилоятларда ичимлик сув танқислиги айниқса яққол сезила бошлаган.

Мамлакатда ичимлик суви, асосан, ер ости манбалар ҳисобидан таъминланади. Ер ости чучук сув ресурслари Фарғона водийси (34,5 %), Тошкент (25,7%), Самарқанд (18%), Сурхондарё (9%) ва Қашқадарё вилоятлари (5,5%)да жамланган. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Бухоро вилоятлари маҳаллий оби ҳаёт манбаларидан деярли маҳрум.

БМТ маълумотига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг қарийб тўртдан бир қисми (6 миллиондан ортиқ киши) ифлосланган сувнинг салбий таъсирини ҳис қилмоқда.

Халқаро ташкилотлар неча йилдирки, Қорақалпоғистон ва Хоразм аҳолиси ичаётган сув амалдаги стандартлардан бир неча тош нарида экани ҳақида бонг уради. Давлат Санитария-эпидемиология идораси ҳам ушбу ҳудуддаги водопровод суви кимёвий таркибига кўра 18,7 дан 75 фоизгача давлат стандарти талабига жавоб бермаслигини тан олган.

Мутахассислар Самарқанд вилоятидаги Зарафшон, Тошкент вилоятидаги Чирчиқ ва Оҳангарон, Фарғона вилоятидаги Сўх сув манбаларининг ҳам таги кўриниб қолаётганига эътибор қаратади.
XS
SM
MD
LG