Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:03

Коррупция боис Япония Ўзбекистондаги лойиҳани молиялашни тўхтатди


Япония расмийсига кўра, Қарши-Термиз темир йўлини электрлаштириш лойиҳаси доирасида коррупция ҳолати аниқланган.
Япония расмийсига кўра, Қарши-Термиз темир йўлини электрлаштириш лойиҳаси доирасида коррупция ҳолати аниқланган.

Япония ҳукумати Ўзбекистонда молиялаштирган лойиҳаларини амалга оширишда коррупция ва қаллоблик аралшагани хусусида хавотир билдирди. The Japan Times газетасига таяниб, тарқатилган бу хабарни Япония Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот вакили Озодликка тасдиқлади. Унинг айтишича, гап Қарши-Термиз темир йўлини электрлаштириш лойиҳаси ҳақида кетмоқда ва бу лойиҳани молиялаш вақтинча тўхтатилган. Токио расмийлари Ўзбекистонга ажратилаётган маблағлар устида назоратни кучайтирилиши ва вазият ўзгармайдиган тақдирда, Ўзбекистондаги япон лойиҳаларини молиялаш тўхтатилишидан огоҳлантирмоқда.



The Japan Times газетасига таяниб, тарқатилаётган хабарларга кўра, коррупция ва қаллоблик ҳолатлари нафақат Ўзбекистон, балки Япония ҳукумати ҳисобидан лойиҳалар амалга оширилаётган Вьетнам ва Индонезияда ҳам аниқланган.

Ўзбекистонда Япониянинг қайси лойиҳаларини амалга оширишда, қанча маблағ ноқонуний ўзлаштирганига доир Озодлик сўровига жавоб берган Япония Ташқи ишлар вазирлигининг халқаро матбуот воситалари билан ишлаш бошқармаси вакили Тошия Такарада гап, узунлиги 325 километр бўлган Қарши-Термиз темир йўлини электрлаштириш лойиҳаси ҳақида кетмоқда, дея билдирди.

- Коррупция аралашгани аниқланган лойиҳа Қарши билан Термиз ўртасидаги темир йўлини электрлаштиришга доирдир,- деди Япония Ташқи ишлар вазирлиги вакили.

Жаноб Такараданинг Озодлик сўровига ёзма тарзда юборган жавобларига кўра, умумий қиймати 18 миллиард япон иенаси (176 миллион АҚШ доллари)дан ошиқни ташкил қиладиган лойиҳани амалга ошириш тўғрисида Япония Халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) билан Ўзбекистон ҳукумати ўртасида 2012 йилда келишув имзоланган.

Япония Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Ўзбекистон ҳукуматига берилган маблағнинг айнан қанчаси ўмарилганини аниқлаштира олмаслигини, лекин бу хусусда текширув олиб борилаётганини билдирди.

“Ҳа, биз Ўзбекистон ҳукумати билан коррупция ҳолатларининг қайта-қайта аниқлангани ва уларнинг олдини олиш тўғрисида мулоқот қилганмиз”, деб ёзди Озодликка жавобида жаноб Такарада.

Япония Халқаро ҳамкорлик агентлигидаги Озодлик манбасининг айтишича, 2019 йилда тугатилиши режалаштирилган лойиҳа доирасида пудратчиларга маблағларни бериш вақтинча тўхтатилган.

“Ҳозир коррупцияга доир ҳолатлар текширилмоқда. Текширув натижалари аниқланиб, бу хусусда Ўзбекистон ҳукумати билан келишиб олинмагунича лойиҳа доирасида пуратчиларга пул ўтказиш ва тегшили ускуналарни сотиб олишни молиялаштириш тўхтатилди”, деди JICA вакили.

Шахси сир қолишини сўраган суҳбатдошимиз, текширув ўтказишда мустақил мутахассислар жалб қилинганини қўшимча қилди. JICA вакили ҳам қанча пул пора сифатида ўзлаштирилганини ҳозирча ошкор қила олмаслигини таъкидлади.

“Ўзбекистон ҳукумати билан бу борада контактдамиз. Лекин бу ҳолат келгусида ҳам давом этадиган тақдирда, Ўзбекистондаги барча лойиҳалар бўйича молиялаш тўхтатилиши мумкин”, деди JICA даги Озодлик манбаси.

Япония Халқаро ҳамкорлик агентлиги Ўзбекистонда ўнлаб лойиҳаларнинг амалга оширилишида қатнашади. Бу лойиҳаларнинг кўпчилиги инфратузилмаларни такомиллаштириш билан боғлиқдир.

Хусусан, Қарши-Термиз темир йўлига доир лойиҳадан ташқари, Япония Тошгузар-Қумқўрғон йўналишидаги янги темир йўлини қуриш лойиҳасига 16,3 миллиард иена (160 миллион АҚШ доллари), Толимаржон иссиқлик станциясини такомиллаштириш лойиҳасига, Осиё Тараққиёт банки билан биргаликда, 27,5 миллиард иена (268 миллион АҚШ доллари) миқдорида маблағ ажратган.

Халқаро жамғарма ва ташкилотлар Ўзбекистонга ажратаётган грант ва кредитлар коррупция ва қаллоблик воситасида талон-тарож қилиниши ҳақида кузатувчилар йиллардан бери гапириб келади.

Жаҳон давлатларидаги коррупция даражасини тадқиқ қиладиган Transparency International халқаро ташкилотининг Коррупция даражаси индекси (Corruption Perceptions Index) рейтингида Ўзбекистон 177 давлат орасида 168-ўринни эгаллаган.
XS
SM
MD
LG