Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:50

Андижонда қуролланган қора ниқобли босқинчилар қидирилмоқда


Андижон вилояти Шаҳрихон туманида икки кишидан иборат талончилар гуруҳи қидирилмоқда. Озодлик манбаларига кўра, қора ниқобли қуролланган икки киши ўзига тўқ одамлар уйига бостириб кириб, ўғирлик қилиш билан шуғулланган.

Озодлик манбаларига кўра, май ойида Шаҳрихон туманида қора ниқобли ўғрилар билан боғлиқ иккита босқинчилик ҳолати содир этилган.

Воқеа тафсилотларидан хабардор Шаҳрихондаги манбамизга кўра, 21 майдан 22 майга ўтар кечаси қора ниқобли босқинчилар гуруҳи янги Сobalt машинаси олган шаҳрихонликнинг уйга кириб, таҳдид қилган:

“21 май куни соат кечги соат 11 яримларда қора маска таққанлар Шаҳрихон тумани Ўзбекистон жамоаси Байроқ маҳалласида яшовчи фуқаролар уйига кириб, уй эгаларидан янги олинган Сobaltнинг калитини беришни талаб қилган. Улар бермагач, таҳдид қилиб, уларни урган. Тўполонга вовиллаган итга эса милтиқдан ўқ отишган. Милтиқнинг овозини чиқмайдиган қилиб қўйишган. Ўқ отса ҳам эшитилмайдиган қилиб қўйган экан. Уй эгаларининг бақир-чақирига қўшнилар чиққан пайт улар қочиб кетган”, деди воқеадан хабардор шаҳрихонлик манба.

Шаҳрихондаги бошқа бир манбамизнинг айтишича, қора ниқобли босқинчилар 4 май куни яна бир шаҳрихонликнинг уйига кириб, уйдагиларни қўрқитиб, уларнинг катта миқдордаги пулини олиб кетган:

“4 май куни тунги 2-3 лар ўртаси Шаҳрихон тумани Мустақиллик кўчасида яшовчи Ғайрат исмли кишининг уйига қора маскада қуролланган гуруҳ кириб, уни қўрқитган. Унга таҳдид қилиб, 27 минг доллар пулини олиб кетган. Терговчилар уйдан ўғриларнинг унутиб қолдирган тўқмоғини топган”, деди воқеа тафсилотларидан хабардор манбамиз.

Андижон вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбасига кўра, мазкур икки воқеа юзасидан жиноий иш очилиб, ҳозирда қора ниқобли талончилар гуруҳининг икки аъзоси қидирилмоқда.

“Иккаласи ҳам қора ниқобда бўлгани учун уй эгалари уларнинг юзини кўра олмаган. Шунинг учун бу икки босқинчининг фотороботини тузиш учун етарли маълумотлар йўқ. Лекин иш бўйича тергов-суриштирув давом этаяпти. “Босқинчилик” моддаси бўйича иш қўзғатилган. Босқинчилар ов милтиғи билан қуролланган бўлган. Улар иккала босқинчилик ҳолатида ҳам уй эгаларига тан жароҳати етказган. Лекин босқинчилик натижасида талафотлар ва қурбонлар йўқ. Босқинчилар қидирилаяпти”, деди Андижон вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбаси.

Шаҳрихондаги яна бир манбамизнинг айтишича, қора ниқобли босқинчиларга қарши очилган жиноий иш бўйича туманда ишсиз юрган деярли барча ёшлар тергов қилинаяпти.

“Шаҳардаги кўзга кўринган ёшларни милиция турли баҳоналар билан чақириб, шу воқеа бўйича 7-10 кунлаб тергов қилаяпти. Ҳозир терговда ўтирган ёшлар анчагина. Уларни тергов пайти уриб, қийнаяпти, оч қўяяпти. Босқинчилар дастидан бегуноҳ ёшларни қийнашаяпти. Ҳозир Шаҳрихон анча нотинч. Бу ёқда қуролланган маскалилар, ҳамманинг уйига кириб таҳдид қилаяпти. Одамлар хавотир ичида яшаяпти", деди шаҳрихонлик манба.
XS
SM
MD
LG