Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:56

"Навбаҳор" - "Олмалиқ" ўйинига чипта 100 минг сўмдан мажбурлаб сотиляпти


Намангандаги янги "Навбаҳор" стадиони халққа ўлпон солиниб, қурилганди.
Намангандаги янги "Навбаҳор" стадиони халққа ўлпон солиниб, қурилганди.
Наманган шаҳрида янги қурилган ўйингоҳда "Навбаҳор" ва "Олмалиқ" жамоалари ўртасида бўладиган футбол ўйинига чипталар 100 минг сўмдан аҳолига мажбурлаб сотиляпти. Озодлик манбаларига кўра, қарзга ботган "Навбаҳор" футбол клубига иқтисодий кўмак бериш мақсадида бу ишга қўл урилаяпти.

Наманганнинг "Навбаҳор" ва Олмалиқнинг "Олмалиқ" футбол жамоалари ўртасидаги ўйин 14 июнь куни Наманган шаҳрида янги қурилган ўйингоҳда бўлиб ўтади.

Озодлик манбаларига кўра, чипталар нархи 100 минг сўм ва уларни кўп қисми шу нархда давлат корхона ва ташкилотлари, ўқув муассасаларига тарқатилиб, “ихтиёрий- мажбурий” тарзда сотилмоқда.

Ўзини Шуҳрат деб таништирган наманганлик футбол ишқибози бу ҳақда Озодликка маълум қилди:

- Билетнинг нархи 100 минг сўм, давлат ходимларига мажбурлаб сотиляпти. Ўзингиз ўйлаб кўринг, Ўзбекистонда оддий бир ўйинга 3-4 минг сўмга кирилади. Ўзбекистон Миллий терма жамоаси ўйинларига ҳам кўп бўлса 15-20 минг сўм тўланади. Ўқитувчининг ойлиги 400 минг сўм бўлса, унга 100 минг сўмга билет сотаяпти, инсоф борми ўзи, - дейди наманганлик футбол ишқибози.

"Навбаҳор" футбол клуби расмийлари чипта нархи ҳақиқатан ҳам 100 минг сўм экани ва давлат идораларига тарқатилганини тасдиқлаб, чипталарнинг мажбурлаб сотилаётганини рад этишди.

- Тўғри, билет 100 минг сўм. Футбол бошланишида шоу бўлади, концерт бўлади. Шунинг учун шунақа нарх. Кейин бунақа нарх бўлмайди. Кейинги ўйинлар арзон бўлади. Одамлар хоҳласа олади, мажбурлаб сотилаётгани йўқ, - дейди "Навбаҳор" футбол клуби расмийси.

Лекин, Намангандаги банк ходимларидан бири билетлар мажбурлаб сотилаётганини айтади:

- Билетлар берилган, ҳамма бўлимларимизга бўлиб беришган, ҳар бир бўлимга 20-30тадан. Шу билетни сотиб олиб, футбол ривожига ҳисса қўшишимиз керак экан, - дейди наманганлик банк ходими.

Наманганлик журналист Носир Зокир "Навбаҳор" футбол клубини ривожи учун бу ишга қўл уришаётган бўлишса керак, деган фикрда:

- Чунки, менинг билишимча, чипталар сотилишидан тушган пуллар тўппа-тўғри "Навбаҳор"га, футболчиларга берилади. Ҳозир “Навбаҳор” қарзга ботган. Олти ой бўлди, футболчиларни ойлик пулини бергани йўқ. Ўзбекистон Футбол Федерацияси раиси Мираброр Усмонов яқинда Наманганга келганида "клубни 2 миллиард сўм карзи бор экан, спонсор топиб бераман, ҳеч бўлмаганда бир миллиардини ўзларинг тўғирлаб қўйинглар", деган экан. Ҳеч бўлмаса футболчиларни ойлигини топинглар, деган-да. Навбаҳорчилар ўғил бола йигитлар, ойлик олмасдан ўйнашяпти. Бизга пул керак эмас, обрў керак, деб болельшиклари учун туриб беришяпти, - дейди Носир Зокир.

Намангандаги “Навбаҳор” стадиони ҳам тадбиркорлар, ўқитувчилар, бозор ходимларига ўлпон солинган холда қурилгани айтилган.

Стадион қурилишига кетадиган маблағ тадбиркорлар, ўқитувчи ва киракашлар ҳисобидан йиғилаётгани ҳақида Озодлик аввал хабар берган эди.

Ҳатто йўналишли такси ҳайдовчилари ҳам ҳар куни тушган фойдасидан 5000 сўмдан стадион қурилишига “хайр” қилишга мажбурланганди.
XS
SM
MD
LG