Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:15

Ўзбекистон -Хитой: газ бўйича ҳамкорлик келажаги қандай?


Poland -- A pressure gauge at a Gaz-System gas compressor station in Rembelszczyzna outside Warsaw, 13Oct2010
Poland -- A pressure gauge at a Gaz-System gas compressor station in Rembelszczyzna outside Warsaw, 13Oct2010

Марказий Осиё - Хитой газ қувурининг янги тармоғи ишга туширилиши ортидан Ўзбекистон Хитойга бир йилда 10 миллиард куб метр газ сотишни режалаштиргани айтилмоқда. Экспертлар фикрича, амалдаги газ конларининг заҳиралари тугаб бораётган бир пайтда Ўзбекистон ҳукумати бу режани амалга ошириш учун янги газ конларини ўзлаштириш жараёнига алоҳида эътибор қаратиши зарур бўлади.

Хитой шимоли ғарбидаги Хоргос чегара ҳудудида янги газ қувурининг ишга тушрилиши муносабати билан 15 июнь куни ўтказилган тантанада сўзлаган Хитой миллий нефтгаз ширкати расмийси Чжан Пэн, мазкур қувур орқали октябрь ойидан бошлаб 14 миллиард кубометр газ етказиб берилишини айтди.

Хитой Нефт ва газ ширкатининг яна бир расмийси Дин Цзяньлинь Хитой давлат телеканали орқали қилган чиқишида эса янги газ қувуридан келаётган газ мамлакатнинг жанубий ҳудуларигача етиб боришини айтди:

-Марказий Осиё - Хитой газ қувуридан келаётган газ ғарбий-шарқий ҳудудлар орқали Янцзи ва Марварид дарёси дельтасига етиб боради, -деди Дин Цзяньлинь.

С тармоғи деб аталаётган янги қувур туркман газини Ўзбекистон ва Қозоғистон орқали Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухтор вилоятига етказиб беради. Иншоот лойиҳасига кўра, ундан йилига 25 миллиард куб метр газ ташилади. Бу кўрсаткичнинг 40 фоизи Ўзбекистонга, 40 фоизи Туркманистонга ва қолгани Қозоғистонга тўғри келади. Яъни Ўзбекистон Хитойга бир йилда 10 миллиард куб метр газ сотишни режалаштирмоқда.

Мутахасислар фикрича, “Газпром” Ўзбекистондан сотиб олинаётган газ миқдорини 2009 йилдан бери камайтириб бораётгани сабабли, Тошкент учун Хитой бозори муҳим бўлиб қолмоқда. Масалан, “Газпром” 2009 йилда Ўзбекистондан деярли 15,5 миллиард кубометр газ сотиб олган бўлса, 2012 йилга келиб бу кўрсаткич 8 миллиард 700 миллион кубометрни ташкил қилган. (Маълумот “Газпром”нинг расмий сайтидан олинди)

Бироқ Ўзбекистон Хитойга газ сотиш бўйича мажбуриятларини бажариш ва мазкур бозордаги улушини кўпайтириш учун янги газ конларини ўзлаштириш юзасидан кўп вақт ҳамда маблағ талаб қиладиган ишларни амалга ошириши керак бўлади.

Ўзбекистон иқтисодий тадқиқотлар марказининг 2011 йилда эълон қилинган тахминича, ҳозирги кўламда ишлатиладиган бўлса, Ўзбекистонда ҳозирги кунгача ўзлаштирилган конлардаги табиий газ заҳиралари кейинги 20-30 йилга етиши мумкин, холос.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 2010 йилда олинган суюқ углеводород ҳажми 2009 йилдагига қараганда 17,9 фоизга, газ конденсати ҳажми 22,5 фоизга, табиий газ ҳажми эса 2,1 фоизга камайган. Тадқиқотларда Ўзбекистонда ҳали ўзлаштиирилмаган газ заҳираси 1,1 триллион кубометр экани айтилади.

Россиялик газ соҳаси мутахасиси Иван Гоголев “Газпром” Устюрт платосида газ заҳираси 120 миллиард куб метр, конденсат заҳираси эса 7 миллион тонна экани таҳмин қилинган ҳудудни ўрганаётганини айтди. Унга кўра, “Газпром” томонидан бу ҳудудда янги Жел газ кони кашф этилган. Бироқ таҳминий заҳиранинг қанчаси бу конга тўғри келиши ҳозирча аниқланмаган.

- Энг оғирги қудуқ 2011 йилда бурғуланди. Шунинг учун ҳам бу конда газ заҳираси қанча экани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Ҳозир олимларимиз бу масалани ўрганишмоқда. Газ заҳирасини аниқлаш жуда узоқ давом этадиган жараёндир. Мазкур жараён якунлангач, газ конини қачон ишга тушириш мумкинлиги ҳам аниқ бўлади, -деди Иван Гоголев.

Марказий Осиё - Хитой газ қувурининг А ва B тармоқлари 2009 ҳамда 2010 йилда ишга туширилган эди. Бу тармоқ С йўналишига паралел равишда қурилган. “Марказий Осиё - Хитой” газ қувурининг уччала тармоғидан ўтадиган газ ҳажми эса, 2015 йилнинг охирига бориб йилига 55 млрд. куб метрга етади.

D тармоғининг қурилиши эса жорий йил якунида бошланади. D тармоғи газни Ўзбекистон жануби, Тожикистон ва Қирғизистон шимоли шарқи орқали Хитойга етказиб беради.

Мазкур 4 йўналишдаги тармоқ тўла ишга туширилса, бу қувурлар орқали Хитойга экспорт қилинаётган газнинг 40 фоизи олиб ўтилади.
XS
SM
MD
LG