Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:23

Кичик Ислом Каримов: Онам билан синглимни мамлакатдан чиқаришмаяпти


Кичик Ислом Каримов президент бобосини кимдир бошқараётганини иддао қилмоқда.
Кичик Ислом Каримов президент бобосини кимдир бошқараётганини иддао қилмоқда.

Ўзбекистон президентининг невараси Ислом Каримов Россиянинг "РенТВ" каналининг “Неделя” дастурига берган интервьюсида онаси Гулнора Каримова “норасмий уй қамоғида” экани, у билан олти ойдан буён кўришмаганини маълум қилди.


Лондондаги Оксфорд университетида таҳсил олаётган 21 ёшли Ислом Каримов онасини сўнгги марта январь ойи охирлари – февраль ойи бошларида кўрганини айтди.

- У (яъни Гулнора Каримова - таҳр.) билан алоқам чекланган. Кўп тафсилотлар менга номаълум, лекин аниқ биламанки, у (Гулнора Каримовани назарда тутмоқда – таҳр.) билан синглимни уйдан ҳам, мамлакатдан ҳам чиқаришмаяпти. Синглим ҳатто бу ердаги ўқишига ҳам қайтолмади, - деди кичик Ислом Каримов "РенТВ" мухбирига.

Аввалроқ Гулнора Каримова ижтимоий тармоқлар орқали қизи Иймон билан уй қамоғида экани ҳақида ёзганди.

Гулноранинг ўғли Ислом декабр ойида президент бобоси ҳузурига қўйилмаганини тасдиқлади.

- 22 декабрь - менинг туғилган куним. 21 йилдан буён ҳар туғилган кунимни бобом билан нишонлаб келганмиз. Сўнгги бор 22 декабрь куни Тошкентда бизни қандайдир буйруқ борлигини айтиб, уни олдига киритишмади. Буйруқ кимдан эканини айтишмади, - деди Ўзбекистон президентининг невараси.

Кичик Ислом Каримов бобоси ва онасини кимлардир манипуляция қилишга уринаётганини, уларни бир-бирига қарама-қарши қўйишга ҳаракат қилаётганини айтади.

- Бизнинг душманимиз бўлган кимлардир унга (бобоси Ислом Каримовга демоқчи – таҳр.) воқеликни аслидан кўра бошқачароқ кўрсатишга уринаяптилар, - дер экан Гулноранинг ўғли Ислом, агар бобоси билан гаплашиш имкони туғилса, унга ҳаммасини тушунтириб беришини, шундан сўнг хулоса чиқарган бобоси вазиятни изга солиб юборишига ишонишини айтади, бироқ бу “кимлардир”нинг ким эканини очиқламайди.

Аввалроқ Гулнора Каримова ўз твитларида ўзига қарши кампания бошида онаси Татьяна Каримова ва Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Рустам Иноятов турганини иддао қилганди. Шунингдек, у синглиси Лола Каримова-Тиллаева ҳамда унинг турмуш ўртоғи Тимур Тиллаев ҳақида ҳам “фош қилувчи” твитлар ёзганди.

Кичик Ислом Каримов бувиси Татьяна Акбаровна ва холаси Лола Исломовна ҳақида сўзларкан, Гулнора Каримова ва фарзандларининг “бу одамлар билан” муносабатлари “унча яхши эмас”лигини қўшимча қилади.

РенТВга берган интервьюсида Ислом Исломович Каримов (ўзининг эътирофича, Гулнора Каримова Мансур Мақсудий билан ажрашганидан кейин бобоси унга ўз исмини ота исми ўлароқ берган экан) ўзини ялло қилиб юрадиган “олтин ёшлар” тоифасига кирмаслигини айтиб, камтарона турмуш кечиришига ишонтиришга уринади.

Сўзи охирида Ислом Каримов ҳозир онаси, ўзи ва синглиси тушган ҳолат яхши эмаслигини, бироқ унда шуни қабул қилишдан бошқа илож-имкон йўқлигини эътироф этади.

Гулнора Каримова ўтган йилнинг октябрь ойидан бери Ўзбекистонда сиқувга олинган.

Ҳозирда Ўзбекистон прeзидентининг қизи Швейцария ва Швецияда катта миқдорда пора олганлик ва пул ювганликда гумон қилинмоқда.

Бундан ташқари Гулнора Каримова шахси билан боғлиқ жиноят ишлари Ҳолландия, Франция, Финляндия, Латвия ва Қўшма Штатларда ҳам очилган.
XS
SM
MD
LG