Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:58

Ўзбекистоннинг лалми ерларидан бу йил 30-35% кам ғалла олиниши кутилмоқда


Ўзбекистоннинг айрим вилоятларидаги лалми майдонларда бу йил гектаридан 6-7 центнердангина ғалла ҳосили олиниши кутиляпти. Бу кўрсаткич одатдагидан қарийб 30-35 фоизга оздир. Фермерлар буни ёғингарчилик кам бўлгани билан изоҳламоқда. Расмийлар лалмикор ерларда ҳосилнинг камайиши Республика бўйича умумий ғалла ҳосилнинг камайишига олиб келмаслигини таъкидламоқда.

Хабарларга қараганда, вазият Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро ва Жиззах вилоятларда оғир.

Озодлик билан суҳбатда бўлган қашқадарёлик фермер Ботир ака ўзи яшайдиган ҳудуддаги лалми майдонларда ғалла ҳосили кам бўлганини об-ҳаво шароити ноқулай келгани билан изоҳлади.

- Баҳорда бир ёмғир ёғди ва ортидан ҳаво совиб кетди. Совуқнинг таъсири натижасида ғалланинг ўсиши, ривожланиши қийин бўлди. Кейин ёғингарчилик танқис бўлди, дейди Ботир ака.

Хоразмлик фермер Нодир ака ҳам қурғоқчилик сабабли Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистондаги фермерларнинг лалми ерларга эккан ғалла ҳосили кам эканидан нолиди.

- Бу йил Хоразм ва Қорақалпоғистон намсиз бўлди. Об-ҳаво қурғоқ келди. Қорақалпоғистоннинг чўл зоналарида ҳарорат 42-43 даража иссиқ бўляпти. Шу сабабли ҳосил кам, дейди хоразмлик фермер.

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг ўзини таништирмаган ходими Озодлик билан суҳбатда бу йил лалми майдонларда ғалла ҳосили аввалги йилларга нисбатан камайганини тан олди.

- Бу йил май ойининг биринчи ярмида ёмғир ёғмади. Шунинг ҳисобига лалми майдонларнинг бир қисмида ҳосилдорлик камайгани сезилмоқда, деди вазирлик ходими.

Унга кўра, одатда лалми майдонларда гектаридан 10 центнер ғалла ҳосили етиштириш режаланади.

Вазирлик расмийси, "об-ҳаво ноқулай келган мавсумда ҳосил 6-7 центнерни ташкил этиши нормал ҳолат" эканини қўшимча қилди.

Ўзбекистонда ғалла ҳосилининг тахминан 15 фоизигина лалми майдонларда етиштирилгани боис, вазирлик ходими бу йил бу майдонларда ҳосилнинг бир оз камайиши Республика бўйича умумий ҳосил миқдорининг камайишига олиб келмаслигини таъкидлади.

- Лалми майдонлар Республика учун “погода” қилмайди. Бизда, асосан, сувли майдонлардан юқори ҳосил олинади. Лалми ҳосили 4-5 центнерга камайса ҳам, сувли майдонлар ҳисобига ҳосилигимиз ўтган йилдагидан кўп бўлади, деди Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ходими.

Вазирлик маълумотига кўра, Ўзбекистонда 1 миллион 420 минг гектар майдонда ғалла етиштирилади.

Бу йил Ўзбекистонда 2 миллион 824 минг тонна ғалла ҳосили олиш режалаштирилган. Ҳосилнинг қарийб 310 минг тоннасини уруғлик ғалла ташкил этади.

XS
SM
MD
LG