Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:34

Текширишлардан қўрққан Ўзбекфильм мулозими ўзини осди


Ўз жонига қасд қилган Тўлаган Назаров "Қўрғошин" фильмига продюссерлик қилган.
Ўз жонига қасд қилган Тўлаган Назаров "Қўрғошин" фильмига продюссерлик қилган.

Ўзбекистонда кино-видеомаҳсулотлар ишлаб чиқаришга изн олган 700га яқин ширкат ва 160 дан зиëд кинотеатрларда кенг кўламда давом этаëтган тафтиш кинокорчалонларини саросимага солиб қўйди. Бу текширишлардан қўрққан кинопродюссернинг ўз жонига қасд қилгани эса бу саросимани янада кучайтирди.

Озодлик манбаларига кўра, шу кунларда “Ўзбекфильм” очиқ ҳиссадорлик жамиятида жиддий тафтиш олиб борилмоқда.

Бу тафтиш асносида “Ўзбекфильм” очиқ ҳиссадорлик жамиятининг маҳсулотларини сотиш бўлими бошлиғи 51 яшар Назаров Тўлаган Толиповичнинг жасади 14 июн куни “Ўзбекфильм” биносида осилган ҳолда топилди.

Озодликнинг Чилонзор туман Ички ишлар бўлимидаги манбаларининг айтишича, Назаровнинг танасида пичоқ излари ҳам бўлган.

- Ўзини осиб ўлдиргани гумон қилинаëтган марҳумнинг юраги ва қорнида пичоқ санчилгани оқибатидаги жароҳатлар ҳам бор эди. Пичоқ марҳум осилган жойдан 50 метр узоқда турган марҳум Назаровга тегишли автомобил ичидан топилди,- дейди Озодлик манбаси.

Ҳозир Тошкент шаҳар прокуратураси бу худкушлик сабабларини ўрганмоқда. Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбасига кўра, Тўлаган Назаров молиявий жиноятлари фош бўлишидан қўрқиб, ўз жонига қасд қилган. Тергов маълумотларига кўра, Назаров аввалига ўзини пичоқлаган ва ана шундан кейин ўзини осган.

Айни пайтда, прокуратура Назаровнинг ўзини осишга мажбурлангани эҳтимолини ҳам ўрганаëтгани айтилмоқда.

Озодлик тасарруфидаги маълумотларга кўра, Тошкент шаҳар прокуратураси Ўзбекистон жиноят кодексининг 103-моддаси бўйича тахминларни ўрганмоқда.

Жиноят кодексининг “Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш”га доир 103-моддаси моддий томондан ёки бошқа жиҳатлардан айбдорга қарам бўлмаган шахсга раҳмсиз муомала қилиш ёки унинг шаъни ва қадр-қимматини муттасил равишда камситиш натижасида уни ўзини ўзи ўлдириш ёки ўзини ўзи ўлдиришига суиқасд қилиш даражасига етказган шахсларга нисбатан қўлланилади.

Тўлаган Назаров нафақат мулозим¸ балки кинопродюссер сифатида ҳам танилган эди. Назаров 2011 йили суратга олинган ва бир неча киносовринлар соҳиби бўлган “Қўрғошин” фильмига продюссерлик қилган эди.

Марҳум Тўлаган Назаровни яқиндан билган шахслар исми ошкор қилинмаслиги шарти билан Озодликка баъзи тафсилотларни гапириб беришди.

“Ўзбекфильм” очиқ ҳиссадорлик жамиятида ишлаган ва Тўлаган Назаровни ўлим арафасида кўрган аëл кишининг Озодликка айтишича¸ марҳум тафтишчиларнинг қаттиқ босими остида бўлган.

- Мен Тўлаган Назаровни 2007 йилдан бери биламан. Қувноқ ва оптимист одам эди. Аммо кейинги пайтда тафтишчилар босими остида қолиб, руҳий тушкунликка тушиб қолди. Текширишлар бошланганидан кейин умуман бутун “Ўзбекфильм”да руҳий атмосфера ëмонлашди. Тирноқ остидан кир қидирган текширувчиларнинг ходимларни соатлаб сўроқ қилиши жонимизга тегди¸- дейди исми ошкор қилинмалиги шарти билан Озодликка гапирган суҳбатдош.

Озодлик суҳбатлашган “Ўзбекфильм” ходимларидан яна бири эса Тўлаган Назаровнинг ўзини ўлдирганлигига ишонмайди. Суҳбатдошга кўра¸ Тўлаган Назаров олдин ўлдирилиб, кейин жиноят изларини яшириш мақсадида осиб кетилган.

Тўлаган Назаров 16 июн куни Тошкентда дафн қилинган бўлса ҳам, бу сирли ўлим борасидаги гап-сўзлар тугамагани билдирилди.

Озодликка маълум бўлишича¸ Тўлаган Назаров ўзини осган ҳолда топилган 14 июн куни “Ўзбеккино” миллий агентлиги раиси Жаҳонгир Қосимов “Ўзбекфильм”га зудлик билан етиб келган.

Озодлик суҳбатлашган баъзи мутахассислар Жаҳонгир Қосимов Ўзбекистон президентининг давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов билан биргаликда кино соҳасига ажратилган йирик миқдордаги давлат маблағларини ўзлаштирди, деган иддаоларни илгари суришди.

Бу иддаоларни илгари сураётган мутахассисларга кўра, Хайриддин Султоновнинг лавозимдаги умри тугамоқда.

Айни пайтда, бу маълумотларни бошқа манбалардан текширишнинг иложи бўлмади.

Озодлик суҳбатлашган манбалар эса мамлакатдаги барча соҳаларда кенг кўламли текшириш кетаëтганлигини айтишди.

Ўтган ҳафта Ўзбекистонда Давлат божхона қўмитасининг турли бўлимларида ишловчи юзга яқин ходими ҳибсга олингани билдирилган эди.

“Ўзбекфильм” ҳақида

“Ўзбекфильм” очиқ ҳиссадорлик жамияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси берган лицензияга мувофиқ бадиий, ҳужжатли, мультипликацион фильмларни ишлаб чиқариш, уларни турли тилларга дубляж қилиш ва субтитрлаштириш фаолияти билан шуғулланади.

Ширкат низом фондининг 93,48% давлат улушини ташкил этади, қолгани эса юридик ва жисмоний шахсларнинг улуши ҳисобланади.

“Ўзбекфильм” очиқ ҳиссадорлик жамияти ўзининг фильмлар ишлаб чиқариш жараёнида асосан давлат буюртмасига таянади ва унинг фильмларни ишлаб чиқариш ҳажмидаги улуши 91 фоиздан ортиғини ташкил этади.

Шу кунларда “Ўзбекфильм” очиқ ҳиссадорлик жамиятида молиявий ва бошқа соҳалар бўйича жиддий текширув давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG