Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:36

Ўзбек сўми 20 йил ичида камида 450 баробар қадрсизланди


1 июль куни Ўзбекистон миллий валютаси сўм муомалага киритилганига 20 йил тўлди. Бу вақт ичида сўм бир неча юз баробарга қадрсизланди. Орадан 20 йил ўтиб, бозорга тушган оддий ўзбекистонлик сўмни халтада кўтариб юриши оддий ҳолга айланди. Иқтисодчилар бу ҳолни нафақат пул-кредит сиёсати, балки умуман Ўзбекистоннинг иқтисодий сиёсати муваффақиятсизликка учрагани билан изоҳлашади. Лекин Ўзбекистон банк соҳаси мулозимлари 20 йил аввал миллий валюта муомалага киритилган пайтда сўмдан кўзланган умид ва мақсадлар тўла амалга ошганини айтади.

Ўзбекистон банк соҳаси расмийларидан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, бугун 20 ёшга тўлган ўзбек сўми ўзига юкланган вазифани тўла бажармоқда, деган фикрни илгари сурди.

Лекин мутахассисларнинг кўпчилиги, қолаверса оддий ўзбекистонликлар орасида ўзбек мулозимининг бу фикрларига қўшилмайдиганлар кўпчиликни ташкил қилади.

1994 йилнинг 1 июлида янги пул 1, 3, 5, 10, 25, 50 ва 100 сўмлик купюралар ҳамда 1, 3, 5, 10, 20 ва 50 тийнлик танглар шаклида муомалага кирди. 20 йил аввал сўмнинг қадри ҳам анча баланд бўлган. Масалан, жаҳон валютаси – АҚШ долларига нисбатан қиймати 6 сўмга 1 долларни ташкил қилган. Оддий ўзбекистонлик учун асосий ўлчамлардан бири бўлган гўшт нархи ҳам бир килосига 15-20 сўмлар атрофида бўлган.

Орадан 20 йил ўтиб, танга у ёқда турсин 100 сўмлик қоғоз пул ҳам деярли муомаладан чиқиб қолганини кузатиш мумкин.

Ўзбекистон Молия вазирлигининг пул сиёсатига алоқадор собиқ мулозими Сапарбой Жубаев сўнгги 20 йил давомида мамлакат иқтисоди қандай ривожланган бўлса, сўмнинг аҳволи ҳам шунга яраша бўлди, дейди.

- Бу умумий иқтисодий сиëсатнинг натижаси. Пул-кредит сиëсати ҳам умумий иқтисодий сиëсатнинг бир қисмидир. Шунинг учун умумий иқтисод аниқ бозор иқтисодиëтига очиқ ўтиш масаласи ҳал бўлмагандан кейин унинг ичидаги бир қисми бўлган пул-кредит сиëсати тўғри келмайдиган бир йўл билан кетаяптида,- дейди Остонадаги Евроосиё университети доценти Сапарбой Жубаев.

Сўмнинг АҚШ долларига бугунги қиймати бозор нархида 3100 сўм, расмий кусрда 2300 сўмни ташкил қилади. Яъни 20 йил ичида сўм камида 450 баробарга арзолаганини хулоса қилиш мумкин. Ёки сўмнинг бир килограмм гўшт ҳисобидаги нархи 1000 баробарга қадрсизланди.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Миркомил Тошкандий сўмнинг бундай тез суръатда қадрсизланиши мамлакат иқтисоди учун салбий оқибатидан ташқари, кундалик ҳаётда ноқулайликлар яратмоқда, жумладан бозорга тушган одам сўмини халтага солиб бориш мажбур бўлмоқда, дея мисол келтирди.

- 20 йил ичидаги инфляция миллий валютанинг қадрини еб қўйди. Албатта бу тенденция бўлиши керак эди. Бу нарса бўлиши керак эди. Бу нарсани бизлар кутган эдик. Лекин бу даражада тез бўлади деб кутмаган эдик. Ҳозир бир ҳафталик эмас, икки кунлик бозорга камида 100 минг пул керак. Натижада, бозорларда қоплаб пул кўтариб юрганларни кўриш мумкин,- дейди иқтисодчи.

Бозорга пулини халтада ташишдан ташқари пул-кредит сиёсатининг мантиқсизлиги бошқа фавқулодда вазиятларни ҳам келтириб чиқармоқда.

Масалан, 100 сўмлик муомаладан чиқиб қолгани боис Самарқанд шаҳрида жамоат транспортида 700 сўмлик йўлкира учун 1000 сўм берган йўловчиларга қайтимига пулнинг ўрнига сақич билан бир қути гугурт берилаётгани ҳақида Озодлик хабар қилди.

Ўзбекистон Молия вазирлигининг собиқ мулозими Сапарбой Жубаев бундай ноқулайликларга сабаб бўлаётган ҳукумат пул сиёсатининг мантиғини мутахассислар йиллар давомида қидириб тополмайди, дейди.

- Бу ҳеч бир маъноси, логикаси йўқ масала. Ҳеч тушуниб бўлмайдиган. Буни 20 йилдан бери на Ўзбекистондаги иқтисодчилар билади, на четдан Ўзбекистонни тушунишга ҳаракат қиладиган иқтисодчилар ҳеч тушунмаган нарсада. Бунда ҳеч қанақа мантиқ йўқ,- дейди Сапарбой Жубаев.

1994 йил 1 июлидан бери Ўзбекистон Марказий банки 200, 500, 1000 ва 5000 сўм қийматидаги купюраларни ҳам муомалага киритди. Бугун Ўзбекистонда энг йирик банкнота 5000 сўмлик қора бозор нархида 1,6 АҚШ доллари, давлат курсида 2,15 АҚШ долларига тенг.

Қиёслаш учун қўшни Туркманистонда энг йирик 500 манат 180 АҚШ доллари, Тожикистон ва Туркманистондаги энг йирик пул 100 доллар, Қозоғистонда эса энг йирик пул 55 долларга тенг.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатлашган Ўзбекистон банк соҳаси мулозими мутахассислар билдирган фикрларга жавобан, кейинги 5-6 йил давомида мамлакатда жорий қилинган банк карталари тизими халтада нақд пул кўтариб юриш эҳтиёжини ҳал қилган, дея таъкидлади.

XS
SM
MD
LG