Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:24

Ўзбекистонга сув берадиган Қирғизистонда қурғоқчилик бошланди


Ўзбекистон ва Қозоғистонни суғориш мавсумида сув билан таъминлайдиган Қирғизистонда қурғоқчилик бошланди. Қирғиз расмийларининг билдиришиларича, сув омборларидаги сув заҳирасининг 70 фоизи шу кунгача ишлатиб бўлинган.

"Сув омборларида 30 фоизгина сув қолди"

Қирғизистонда мавжуд бўлган 33 сув омборида, Тўқтўғул сув омборини ҳисобга олмаганда, фақат 30 фоизгина сув қолди. Бу ҳақда Қирғизистон Сув хўжалиги департаменти раҳбарининг ўринбосари Тилек Исабеков маълумот берди.

-Қирғизистонда апрель, май, июнь ойларида ёғингарчилик бўлмади. Бунинг оқибатида қурғоқчилик юзага келмоқда. Бугунги кунда сув омборларида тўпланган сувларнинг 70 фоизини суғориш учун ишлатиб бўлдик, -деди Тилек Исабеков.

Расмийнинг айтишича, сув омборларининг кўпчилигида 12-13 кунга етадиган миқдорда сув қолган.

Сувсизлик туфайли Қирғизистон далаларидаги экинлар қуриб қолмоқда. Фермерлар орасида эса сув талош жанжаллари тез-тез содир бўлиб турибди. Академик Жамин Акималиев “Қурғоқчилик туфайли жорий йилда Қирғизистонда қишлоқ хўжалик экинларининг камида 30 – 35 фоизи нобуд бўлиши”ни билдирмоқда.

Ўзбекистонга 10 миллиард кубометр сув берилиши керак, аммо...

Ўзбекистон ва Қозоғистонни сув билан таъминлайдиган ва 19 миллиард кубометр сув сақлашга мўлжалланган Тўқтўғул сув омборида ҳам сув миқдори ўтган йилга нисбатан анча кам. 2013 йилнинг шу даврида Тўқтўғулга 13 миллиард 699 кубометр сув йиғилган бўлса, бугунги кунда 10 миллиард 758 миллион кубометр сув бор холос. Тўқтўғулда сув миқдори 7 миллиард кубометрга тушса, у ҳолда Тўқтўғул ГЭСи ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлади.

Қирғизистон Сув масалалари институтининг билдиришича, Ўзбекистонга ҳар йили Тўқтўғул сув омборидан 10 миллиард кубометр сув берилади. Жорий йилда сув миқдорининг оз бўлиши оқибатида Қирғизистон томони Катта Наманган каналига таъмирлаш баҳонасида сув беришни тўхтатишини билдирган эди. Мазкур канал Наманган вилоятининг тўртта туманига сув етказиб беради.

20 йилдан бери деҳқончилик билан шуғулланиб келаётган ўзбекистонлик Улуғбек Маматов, агар Қирғизистон бу йил сув бермаса, у ҳолда фермерлар ҳосилининг 30 фоизидан ажралиши ва хўжаликлар ўртасида сув талош мажороси юзага келиши мумкин деб ҳисоблайди:

-Сув талош бўлади. Лекин йўлини қилиб, бир кун бу тарафга, иккинчи кун бошқа тарафга сув берилиб, бўлиниб бўлиниб суғорилади. Сув танқис бўлса ҳосилдорлик ҳам 30 фоизга камаяди, -деди Улуғбек Маматов.

Сўнгги марта бундай вазият 2008-2009 йиллар мобайнида кузатилган эди. Ўшанда Қирғизистон томони камсувлик даври бошлангани муносабати билан Ўзбекистонга сув беришни тўхтатиб қўйган. Бунинг оқибатида Наманган, Андижон, Фарғона, Сирдарё, Жиззах, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида сув танқислиги кузатилган эди. Масалан, ўша йиллари Хоразмда сув таъминоти 44 фоиз бўлгани ва кўплаб фермерлар зиён кўргани ҳақида Озодлик радиоси ўз вақтида хабар берган.

XS
SM
MD
LG