Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига қарашли Фуқароларни чет элларга ишга жойлаштириш бўйича вилоятлардаги минтақавий бюролар орқали Россияга ишга келаëтган айрим ўзбекистонликлар¸ ўзларининг одам савдоси бўйича уюшган жиноий гуруҳ қўлига ўлжа бўлаëтганлари ҳақида Озодликка маълумот йўлламоқдалар. Меҳнат биржаларида берилаëтган ваъдаларга учиб келаëтганларнинг кўпчилиги¸ бугун Ўзбекистонга қайтиш учун йўлкирасиз қолгани баробарида¸ ватанда қўл қўйдирилган шартнома бўйича жаримага тортилиш таҳдиди остида ҳам қолган.
Ëмғирдан қочиб¸ дўлга тутилиш?
“Уй тарафларда тузук-қуруқ иш топа олмагандан кейин¸ Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига қарашли Фуқароларни чет элларга ишга жойлаштириш бўйича минтақавий бюроларидан бири орқали Россия Федерациясининг Красноярск шаҳридаги “Дружба КРОО” фирмасига ишга келдик. Ўзбекистонда бизга бу фирма жуда катта экани¸ завод ва фабрикалари кўп экани¸ қурилиш бўйича ҳам ишлари талай эканлиги¸ иш ҳақи 500 АҚШ долларидан кам бўлмаслигини айтишган ва бу бланкаларда ҳам ëзилган эди. Бу ерга келиб билсак¸ бу посредник фирма экан¸ ҳеч қанақа завод-фабрикаси йўқ экан. Бу орада алданиб келган одамлар уйидан йўлкира пул чақириб¸ қайтиб кетишди. Сабаби¸ 7 кун 11 соатдан ишласангиз ҳам маош 300 долларга етмайди. Бу фирма бизни қурилишларда ишлатиб¸ ваъда қилинган пулнинг ярмини ҳам бермади. Ҳаққимизни сўрасак¸ бизни қарздорга чиқариб¸ ваъда қилинган иш кийимлари нархини ҳам бўйнимизга илиб қўйди. Бухоро меҳнат бюроси вилоят телевидениеси орқали айнан шу фирмани реклама қилади. Бу рекламани кўрган бухороликлар Красноярскка оқиб келмоқда. Булар ë бор-йўғини сарфлаб яна уйига қайтиб кетишга¸ ë чорасизликдан арзимаган чойчақага ишлаб юришга мажбур бўлмоқда. Айтишларича¸ Бухоро телевидениеси ҳар бир ишчи учун бу фирмадан 100 доллардан пул олмоқда. Хоразм ва Қорақалпоғистонда ҳам айни аҳвол”¸ дейилади Озодликка келган мурожаатда.
Бу мурожаат ортидан Озодлик ўтказган суриштирувдан аëн бўлишича¸ Ўзбекистоннинг қатор вилоятларидаги Фуқароларни чет элларга ишга жойлаштириш бўйича минтақавий бюролар Россияга қонуний ишга кейиш истагини билдирган юзлаб¸ минглаб йигитни тўплаб¸ Красноярск шаҳрининг Джамбульская кўчасида жойлашган “УНКЦ – Дустлик”(Дружба) КРОО бошқаув ҳайъати раиси Зафар Сафаров ихтиëрига жўнатмоқда.
Озодлик ихтиëрига тақдим қилинган расмий ҳужжатдан бу жараëннинг қандай амалга оширилишини англаш мумкин.
“Ҳурматли Сафар Зиядуллаевич¸ Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига қарашли Фуқароларни чет элларга ишга жойлаштириш бўйича ........ минтақавий бюроси қуйидаги фуқароларни сизнинг сўровингиз бўйича ишга жўнатади. Командировка муддати 1 йил”¸ деб бошланадиган расмий мактубда¸ Ўзбекистонда берилган катта ваъдаларга ишониб¸ Красноярскка қонуний ишга кетиш бўйича Меҳнат вазирлиги бюроси билан келишув тузган фуқаролар рўйхати илова қилинади.
Ўз пулига Красноярскка етиб келган бу Ўзбекистон фуқаролари¸ мактубда ëзилганидек¸ Россияга келиб¸ “ҳурматли Зафар Зиядуллаевичнинг” ҳеч қанақа қурилиш ширкати ëки завод-фабрика эгаси эмас¸ балки Ўзбекистон ҳокимият тизимидагилар билан Россиядаги иш берувчилар орасидаги ўртакаш эканини тушунишган.
"Аммо буни тушунганимизда¸ боз устига¸ оғир меҳнат қилиб топган пулимизни ҳар ой бу ўртакаш билан баҳам кўришга мажбурлигимизни англаганимизда¸ анча кеч бўлди. Бир томонда¸ вилоят меҳнат бюросида бир йил ишлаб бераман¸ ишламасам¸ жарима тўлайман¸деган ҳужжатга қўл қўйганмиз¸ бошқа томондан¸ Россияда қонуний ишлашга рухсат берувчи ҳужжатларимиз “Дружба” КРОО эгасининг қўлида - бундай ҳужжатсиз биз кўчада қолиш баробарида исталган пайтда ноқонуний мигрант сифатида депортация қилинадиган тоифага айландик"¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистондан Красноярскка "посилка" қилинган ишчилардан бири ўз шахси очиқланмаслиги шарти билан.
“Иш берувчи” – Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги (элчихона ва МХХ) вакили
Озодлик ўтказган суриштирув давомида¸ ўзбекистонлик минглаб ишчи “ўз ихтиëрига” юборилаëтган Зафар Сафаровнинг нафақат “УНКЦ – Дустлик”(Дружба) КРОО бошқарув ҳайъати раиси¸ балки Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг Ўзбекистон фуқароларини Россияда ишга жойлаштириш бўйича махсус намояндаси ҳам экани аниқланди. Буни Озодлик билан суҳбатда Зафар Сафаровнинг ўзи маълум қилди:
- Мен бу ерда Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги бюросининг вакилиман. Мен айнан Ўзбекистон халқларининг бу ердаги ижтимоий-ҳуқуқий адаптацияси бўйича раисман. Менинг вазифам¸ бизникиларни бу ердаги иш берувчилар ишлатиб кўчага отиши олдини олишдир.Менинг ишим иш берувчининг барча қонуний ҳужжатлар асосида Ўзбекистон фуқаросини ишга олиши ва иш ҳақини вақтида беришини назорат қилишдир. Биз Ўзбекистондан беш йилдан бери одам олиб келамиз¸ уларни дарҳол ëтоқхона¸ ишга рухсатнома ва иш билан таъминлаймиз. Уларга ўзининг уйида йўқ шароитни қилиб берамиз. Ўзларида новвойхонаю¸ ошпази бор. Кунига беш марта овқатланиш учун арзимаган 2500 рубл олиб қоламиз. Уларни россиялик иш берувчиларга сотиб¸ меҳнат ҳақларига шерик бўлаëтганимиз ҳақидаги шикоятлар¸ қуруқ туҳмат. Агар тўғри бўлса¸ Озодликка эмас¸ Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси¸ Бош консулликка шикоят қилсинлар. Мен уларга ҳисоб бераман¸ менинг ишимни улар¸ керак бўлса¸ МХХ текширади¸ деди Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистондаги Фуқароларни чет элларга ишга жойлаштириш бўйича минтақавий бюролар минглаб ўзбекистонликни “ихтиëрига” жўнатаëтган Зафар Сафаров.
Уюштирилган одам савдоси?
Москвадаги Мемориал инсон ҳуқуқлари ташкилоти кузатувчиси Баҳром Ҳамроев¸ Красноярскдаги “Дружба” КРОО мисолидаги схемани¸ Ўзбекистон ҳукуматидаги муайян гуруҳларнинг Россияга ишга кетаëтганларни тўлиқ назоратга олиш¸ айни пайтда¸улар орқасидан катта пул ишлашга қаратилган яна бир схемаси деб баҳолайди:
- Бунақа схема бутун Россия бўйлаб ëйила бошлади. Масалан¸ Москва ва Москва областида худди шу ишни Ўзбеклар Конгрессимией¸ деб аталадиган бир гуруҳ қилаяпти. Булар орқали минглаб одам Россияга келаяпти. Лекин уларнинг на ҳужжати охиригача нормаллашади¸ на оладиган ойлиги. Яна айни схема – Ўзбекистон ҳукумати ва СНБга отчëт берадиган¸ ўзбек элчихонасига ҳисоб берадиганлар шу ҳукумат билан биргаликда шу халқнинг қонини биргаликда ичиб юрипти¸ шу халққа фақат муаммо яратаяпти¸ шу халқнинг сўнгги имконини тортиб олаяпти. Бу йигитларга энди Афғонистонга кетишдан бошқа имкон қолдирмаяпти булар¸ дейди ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли.