Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:42

ЖЧ-2014: Ўзбекистонлик ҳакам Эрматов 20 йиллик рекордни урди


Ўзбекистонлик рефери Равшан Эрматов 15 июнь куни бўлиб ўтган Швейцария-Эквадор ўйинига ҳам ҳакамлик қилган пайтдан лавҳа.
Ўзбекистонлик рефери Равшан Эрматов 15 июнь куни бўлиб ўтган Швейцария-Эквадор ўйинига ҳам ҳакамлик қилган пайтдан лавҳа.

Ўзбекистонлик ФИФА рефериси Равшан Эрматов жаҳон чемпионатида тўққизта ўйинни бошқариб рекорд ўрнатди. Бунга қадар уч нафар ҳакам жаҳон чемпионатида саккизтадан ўйинни бошқариб рекорд ўрнатганди.

Ўзбекистонлик 36 ёшли футбол ҳаками Равшан Эрматов Брaзилиядa ўтaётгaн Жaҳон чемпионaти чорак финалида 5 июль куни Ҳолландия–Коста-Рика учрaшувини бошқaрди. Ўйин қўшимча вақтдан кейин пенальтида тўп тепиш бўйича Ҳолландия жамоаси фойдасига ҳал бўлди.

Бу билан Эрматов жаҳон чемпионатининг финал босқичида тўққизта ўйинни бошқарган ягона ҳакам бўлди.

Шу кунгача жаҳон чемпионати ўйинларида рекорд франциялик Жоэл Киньо, уругвайлик Жорж Ларрионда ва мексикалик Бенито Арчундиага тегишли бўлиб, уларнинг ҳар бири реферилик карьераси давомида саккизтадан ўйинни бошқарган.

Франциялик Жоэл Киньо 1994 йилдан бери жаҳон чемпионати ўйинларида саккизта ўйинни бошқарган ягона футбол ҳаками эди. 2010 йилда унинг сафига Жорж Ларрионда ва Бенито Арчундиа қўшилди.

Бразилияда ўтаётган жаҳон чемпионатида Равшан Эрматов бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси 5 июлга қадар жами тўртта ўйинни, Швейцария-Эквадор, Хорватия-Мексика, АҚШ-Германия ҳамда Ҳолландия–Коста-Рика жамоалари ўйинларини бошқарди.

Равшан Эрматов 2003 йилдан бери ФИФА рефериси бўлиб, халқаро ўйинларни бошқариб келмоқда.

2010 йилда Жанубий Африка Республикасида ўтказилган жаҳон чемпионати ўйинларида биринчи марта ҳакамлик қилган Эрматов чемпионат давомида бешта ўйинни, жумладан, ярим финалда Голландия-Уругвай терма жамоалари ўйинини бошқарган.

Ўша пайтда 32 ёшда бўлган Эрматов, айни пайтда, жаҳон чемпионати ўйинларини бошқарган энг ёш рефери бўлганди.

16 ёшгача бўлган Ўзбекистон ёшлар футбол терма жамоасини 2012 йилда Осиё чемпиони қилган мураббий, ҳозирда Пахтакор-2 жамоаси раҳбари ва Пахтакор футбол академияси директори Дилшод Нуралиев Озодлик билан суҳбатда ўзбекистонлик барча ишқибозлар, футболчилар ва мураббийлар Равшан Эрматов эришган ютуқдан жуда ҳурсанд эканларини айтади.

Дилшод Нуралиев барча ўйинларни муваффақиятли ўтказган Равшан Эрматовга Бразилиядаги жаҳон чемпионатининг финал ўйини ҳам ишониб топшириши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:21 0:00
Бевосита линк

Равшан Эрматов ўзбекистонлик Абдуҳамидулло Расулов ва қирғизистонлик Баҳодир Қўчқоров билан бирга жаҳон, Осиё, Олимпиада ва бошқа халқаро мусобақаларда ҳакамлик қилиб келмоқда.

2011 йилда ФИФА Равшан Эрматовни “йилнинг энг яхши ҳаками” деб эълон қилган.

Эрматов Осиё Футбол конфедерацияси томонида тўрт марта “энг яхши ҳакам” деб элон қилинган ягона ҳакамдир.

XS
SM
MD
LG