Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:21

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: Рамазонда мусулмон қон тўкиши мусибатдир!


Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: ИШИД - мусулмонлар бошига тушган мусибатдир!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:11 0:00
Бевосита линк

Ушбу видеоматериал Озодликка WhatsApp тармоғи орқали йўлланди.

Рамазон ойи муносабати билан Тошкент шаҳридаги йирик масжидларда маъруза қилаётган ўзбекистонлик таниқли уламо, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари "Ироқ ва Шом ислом давлати" гуруҳи жанг ҳаракатларини "мусибат" деб қоралади. Ислом уламолари халқаро иттифоқи Ироқ ва Сурияда эълон қилинган халифаликни тан олмаслигини билдирди.

Юсуф Қарзовий: ИШИД халифалиги шариатга зиддир!

"Ироқ ва Шом ислом давлати" гуруҳи Ироқ ва Сурияда халифалик эълон қилганидан бир ҳафта ўтиб, Ислом уламолари халқаро иттифоқи ҳаракатни қоралаб баёнот тарқатди.

Arab News нашрининг хабар қилишича, иттифоқ аъзоларининг Дохада ўтган йиғилишида сунний мусулмонлари етакчиси кўрилган Юсуф Қарзовий ИШИД эълон қилган халифалик шариат қонунларига зиддир, деган.

"Биз халифалик имкон қадар тезроқ таъсис этилишини кутаяпмиз. Лекин "Исломий давлат" (ИШИД янги номи - Таҳр.) эълон қилган халифалик шариат нуқтаи назаридан асоссиздир ва бу Ироқддаги суннийлар ҳамда Сурияда курашаётганлар учун хавфли оқибатларни келтириши мумкин", деди Юсуф Қарзовий.

Ислом уламолари халқаро иттифоқи раҳбарининг таъкидича, мусулмонлар раҳбари саналадиган халифа радикал қарашлари билан танилган битта гуруҳ томонидан тайинланиши шариатга тўғри келмайди.

"Халифани тайинлаш бутун мусулмон умматига берилган ҳақдир, алоҳида гуруҳга эмас", деди Ислом уламолари халқаро иттифоқи раҳбари Юсуф Қарзовий.

Шайх ҳазратлари: Рамазон ойидаги бу қирғин - мусибатдир!

Рамазон ойининг илк кунидан Тошкент шаҳридаги йирик масжидларда маърузалар уюштириб келаётган ўзбекистонлик таниқли уламо, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари Ислом уламолари халқаро иттифоқи қарорини қувватлади.

Озодликка WhatsApp орқали йўлланган видеодаги нутқида шайх ҳазратлари ИШИД ҳаракатлари ва эълон қилинган халифаликка қандай муносабатда бўлиш борасида ўзбекистонлик мусулмонлардан саволлар тушаётганини айтади.

- Бир ташкилот бор - ўзларини "Ироқ ва Шом ислом давлати", деб номлаб олган. Икки кун аввал улар Ислом халифалигини эълон қилишди. Улар паспортини ҳам эълон қилишди. Буларга нима дейишимиз керак деб туриб, бомдоддан кейин Интернетга кириб, электрон почтамни очсам, Дунё мусулмон уламолари иттифоқидан менга хат келибди: "Ўша халифалик эълон қилган ташкилот бекорларни айтибди, мусулмонлар бунга қулоқ солмасин, мусулмон миллатига тегишли гапларни мусулмон миллати тан олган уламолар маслаҳат қилиб, бир овоздан ҳал қилиши керак", деган гапларни айтяпти, - дейди шайҳ ҳазратлари.

Ислом уламолари халқаро иттифоқи қарорини ўзбекистонлик мусулмонларга етказган Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари Ироқ ва Суриядаги мазҳаблараро уруш дунё мусулмонлари учун асл мусибатдир, дейди.

- Мусибат бизнинг мусулмон умматидан бошқанинг бошида йўқ ҳозир. Рамазон - ибодат ойи - улар бир-бирининг қонини тўкаяпти, мулкини вайрон қилаяпти. БМТнинг болалар бўйича бўлими эълон қилди бугун - Сурияда 6 миллион бола оч экан. Кичкина болачалар яланг оёқ, яланғоч йиғлашиб турибди - расмини чиқариб қўйибди. "6 миллион бола ёрдамга муҳтож - одамлар шуларга ёрдам беринглар!" деб ҳалиги ташкилот сўраяпти. Ана шу анавинга ўхшаган халифа "бетамизлар"нинг фаолиятининг самараси шу! - дейди шайх Муҳамммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.

Рамазон ойидаги нутқлари давомида шайх ҳазратлари жиҳодчилик ҳаракати ва жиҳодчилар сафига қўшилаётган ўзбеклар ҳақидаги танқидий қарашларини шу кунга қадар ҳам умумий жумлаларда ифода этиб келаётган эди.

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари Ўзбекистон ҳукумати аъзолари ёхуд мамлакатда танилган арбоблар орасида Ироқдаги вазият борасида аниқ-тиниқ баёнот берган илк йирик арбоб бўлди.

Бунга қадар диний идора раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур ҳам умумий жумлаларда ўз кўз қарашини билдирган ва араб ўлкаларидаги жиҳодий ҳаракатларга қўшилишдан ўзбекистонлик мусулмонларни қайтарган эди.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ва Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Дин ишлари бўйича қўмита мутасаддилари сафида юзлаб ўзбек жанггарилари борлиги айтилган ИШИД ҳаракатлари ҳақида расман муносабат билдирмай келаётир.

ИШИД халифаси кўринган видео ҳаққонийми?

Рамазон ойининг биринчи куни - 29 июнда ИШИД гуруҳи ўзлари эгаллаб олган ҳудудда теократик давлат – халифалик тузилганини эълон қилди.

Интернетда эълон қилинган аудио-баёнотда ИШИД ўз номини "Исломий Давлат" деб ўзгартирганини ва гуруҳ етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодийни “халифа” ва “амирулмуслимийн”, яъни бутун дунё мусулмонлари амири, деб эълон қилганини билдирди.

Айни пайтда, Ироқ расмийлари Ироқ ва Шом Исломий давлати раҳбари Абу Бакр Бағдодий тасвирлангани айтилиб, 5 июль куни Интернетга жойланган видеонинг ҳаққонийлигини ўрганмоқда.

5 июль куни Интернетга жойланган видеода Бағдодийнинг гўё Мосулдаги Катта жомеъда Жумъа намозидан олдин ваъз қилаётгани тасвирланган. Халифа Иброҳим номини олган Абу Бакр ал-Бағдодий жума куни олингани айтилаётган видеода қора салла ва қора либосда намоён бўлган.

Мосул ИШИД жанггарилари томонидан ўтган ой эгалланган энг йирик шаҳардир.

Халифалик қурганлар орасида ўзбеклар бор

Айни пайтда ИШИД жангарилари сони турли манбаларда 12 минг - 80 минг нафарга қадар, деб келтирилмоқда.

Туркиядаги норасмий манбалар бу жангарилар сафида ўзбекларнинг ўзларини "Сабрийлар" деб атаган гуруҳи ҳам қўшилгани, гуруҳ сафида Марказий Осиёдан борган 3 мингга яқин ўзбек борлигини айтиб келади.

Март ойида Сурияда жиҳод қилиб юрганини айтган ва ўзини ўзбекистонлик мужоҳид Абу Усмон Ўзбек, деб таништирган бир ўзбек WhatsApp орқали Озодликка боғланган эди.

Сурияда ҳозир нима иш қилаётгани ва қаерда эканига оид Озодлик мухбири саволига WhatsApp орқали жавоб берган жиҳодчи "кичиккина исломий давлатча - "Давлати исломия Ироқ ва Шом" амири Абу Бакр Бағдодийга байъат берган"ини айтган эди.

Сурияда "оилалилари ҳам бор"лигини айтган Абу Усмон Ўзбек тез орада халифалик эълон қилинишини даъво қилган эди. Озодликка WhatsApp орқали боғланган бу жанггари берган видеобаёнотдан роппа-роса 3 ой ўтиб, дарҳақиқат "Исломий давлат" эълон қилинди.

Ассад режимига қарши курашаëтган ўзбекистонлик
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:16 0:00

Озодлик шу кунларда Абу Усмонга WhatsApp орқали боғланишга уринди, аммо натижа бўлмади. (Озодлик тасарруфида Суриядаги ўзбек жанггарилари сони 3 мингдан ошиқ экани ҳамда ўзини Абу Усмон деб таништирган суҳбатдош илгари сурган бошқа иддаоларни тасдиқловчи далиллар йўқ.)

XS
SM
MD
LG