Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:50

Сирдарёнинг Ховосида 31 кишига куйдирги юқиб, касалхонага ётқизилди


Микроскопда кўрилган "Куйдирги" тўқималари
Микроскопда кўрилган "Куйдирги" тўқималари

Сирдарё вилоятининг Ховос туманида куйдирги (Сибирская язва) касаллиги ташхиси билан 30 дан зиёд одам касалхонага ётқизилди. Туман юқумли касалликлар шифохонаси мулозимига кўра, қарийб ўн беш кунлик муолажадан сўнг хавфли инфекция юқтирганларнинг 7 нафарига жавоб берилган.

Ховос туманининг Ҳуснобод қишлоғида 23 июнь куни куйдиргига чалинган қорамолни сўйиш ва гўштини сотган ва сотиб олган 30 дан ортиқ одамга касаллик юққан.

Исми сир қолишини сўраган ҳуснободлик Озодлик манбасининг айтишича, қорамолнинг заҳарланган қони теккан шахслар касалхонага ётқизилган:

“Қорамол куйдирги билан касалланган экан. Уни сўйишда иштирок этган қассоб ҳам, ёрдамчилари ҳам, шу гўштни сотиб олган одамлар ҳам касалланган. Менинг билишимча, 50 га яқин одам касалхонага ётқизилган”, деди ҳуснободлик манба.

Ховос туманидаги юқумли касалликлар шифохонасининг ўзини таништирмаган шифокори Озодлик билан суҳбатда беморларга куйдирги касаллиги ташхиси қўйилганини тасдиқлади:

- Жами 31 киши шу ташхис билан касалхонага ётқизилган эди. Бу одамларда куйдирги аломати бўлган яралар пайдо бўлган эди. Беморлар асосан 24-25 июнь кунлари ётқизилган эди. Бугунгача етти кишига жавоб бердик. Ҳозир яна 24 бемор муолажани давом эттиряпти, деди шифокор.

Ховос туманининг санитария-эпидемиология станциясининг исми сир қолишини сўраган мулозимига кўра, туманда бундай ҳолат бошқа кузатилмаган:

- Касалланган молни сўйган, терисини шилган, уни тарқатган одамларга касаллик юққан. Гўштни пишириб еганлар эса касалланмаган. Чунки иссиқ ҳароратда бу вирус ўлади. Айни пайтда гўшт сотадиган дўконлар қаттиқ назоратга олинди, қассобларга ҳам молни сўйишдан олдин унинг қонини экспертизага топшириш тавсия қилинди, деди СЭС мулозими.

Ўзбекистонда чорва моллари қони ва гўштидан заҳарланиш ҳолатлари учраб туради.

Масалан, жорий йилнинг 26 июнидан бошлаб Самарқанд вилоятидаги Ургут туманининг Вағашти қишлоғида яшовчи саккиз одам касал қўйларни сўйиши натижасида касалланиб, шифохонага ётқизилган эди.

2012 йилнинг июнида Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида тўрт киши куйдирги ташхиси билан касалхонага ётқизилган эди. Бу беморлар ҳам мол сўяётганда касалликни юқтирган эди.

Куйдирги нима?

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг вебсайтида куйдирги касаллиги ҳақида шундай маълумот берилган:

Куйдирги – одамлар ва ҳайвонлар учун ўта хавфли ҳисобланган юқумли касалликлар гуруҳига киради. Касалликни қўзғатувчи бациллалар икки хил: вегетатив ва спора шаклида учрайди. Вегетатив шаклдаги бациллалар ташқи муҳит, юқори ҳарорат ва дезинфекцияловчи моддалар таъсирига чидамсизлиги боис тезда нобуд бўлади, спора шаклидаги бациллалар эса аксинча, ўта чидамли бўлиб, сувда ўн йил, тупроқда эса бир неча ўн йиллаб сақланиши ва унда кўпайиши, тўпланиши ҳам мумкин. Спора шаклидаги бациллалар 60 дақиқа давомида қайнатилгандагина нобуд бўлади.

Куйдирги касаллигининг манбаи асосан уй ҳайвонлари – қорамол, от, қўй, туя, эчки ва шу каби қон сўрувчи ҳашаротлар ҳисобланади. Куйдирги таёқчаси касал ҳайвонларнинг барча органларига тарқалиб, уларнинг пешоби ва нажаси билан ажралиб, тупроқ, ем-хашак, яйлов, сув ҳавзаси ва бошқа ерларни ифлослантиради. Касаллик соғлом одамга ветеринария хизмати ходимлари кўригидан ўтмаган ҳайвонларни сўйиб, терисини шилганда, гўштини нимталаб, яхши термик ишлов бермасдан истеъмол қилганда юқиши мумкин.

XS
SM
MD
LG