Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:16

Ҳазорасплик фермер МТПнинг тракторини ёқиб юборди


Magnum тракторлари Ўзбекистонга АҚШдан 90 йилларда олиб келинган эди.
Magnum тракторлари Ўзбекистонга АҚШдан 90 йилларда олиб келинган эди.

Ҳазорасплик фермер Бахтиёр Рўзиметов туман машина трактор паркига қарашли тракторни ёқиб юборди. Воқеа гувоҳларининг айтишларича, туман ҳокими буғдой планини тўлдирмагани учун унинг еридаги пишиб қолай деган кунгабоқарни ҳайдаб ташламоқчи бўлган.

Хоразм вилоятидаги Ҳазорасп туманининг Овшар қишлоқ фуқаролик йиғини ҳудудида фермерлик қилаётган 44 ёшли Бахтиёр Рўзиметов 11 июль куни туман машина трактор паркига қарашли “Магнум” русумли шудгор тракторини ёқиб юборди.

Исми сир қолишини сўраган овшарлик Озодлик манбасининг айтишича, "Бахтиёр туман ҳокими томонидан қилинган зулмга чидай олмай" бу ишга қўл урган:

- Бахтиёр ёш фермерлардан бири. У буғдой топшириш планини бажара олмагани учун туман ҳокими томонидан тазйиққа учраган. Ҳоким унинг томорқасидаги пишиб қолай деган кунгабоқарни ҳайдаб ташлаш учун трактор юборган. Бахтиёр эса норозилик сифатида ана шу тракторга ўт қўйган, - деди овшарлик манба.

Овшар қишлоқ фуқаролар йиғинининг раиси Ражаббой Искандаров Озодлик билан суҳбатда шундай воқеа бўлганини тасдиқлади:

- Бахтиёр Рўзиметовнинг ноқонуний экилган кунгабоқари бўлган. МТПнинг трактори уни ҳайдаб ташлашга келган. Менимча, Бахтиёр қаттиқ қаршилик қилганми, тракторчи тракторини ташлаб уйига кетган. Кейин кечаси Бахтиёр бензин обориб ёқиб юборган. Мен эрталаб бориб кўрганимда тарктордан бир уюм темир-терсак қолган эди, холос,- деди Ражаббой Искандаров.

Ҳазорасп тумани ички ишлар бўлимининг исми сир қолишини сўраган мулозимига кўра, Бахтиёр Рўзиметов айни пайтда вақтинча сақлаш изоляторида сақланмоқда ва унинг устидан жиноят иши қўзғатилган. Мулозимнинг айтишича, ундан ёқиб юборган “Магнум” тракторининг қиймати ундириб олинади.

Сўнггий йилларда маҳаллий ҳокимларнинг фермерлар ва аҳолининг ям-яшил бўлиб ётган экинзорларини шафқатсиз ҳайдатиб ташлаш ҳолатлари кўп кузатиляпти.

Жумладан, жорий йилнинг 17 апрелида Бухоро вилоятидаги Олот туманининг Давлатбой, Кўкча қишлоқларида яшовчи мингдан ортиқ хонадон томорқасига экилган картошка, буғдой ва бошқа экинлар бир куннинг ўзида ҳайдаб ташланган эди.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида Бухоро вилоятининг Жондор туманида аҳолини ижтимоий ва иқтисодий қўллаб-қувватлаш мақсадида президент қарори билан берилган 10 сўтихлик томорқа ерлар ҳокимият томонидан олиб қўйилгани ҳақида хабар берилган.

XS
SM
MD
LG