Шу йилнинг 5 июль куни Ўш шаҳри марказий бозорида жойлашган чойхонада 38 ёшли ўшлик Муҳаммаджон Нишонов жон таслим қилган. Иккинчи гуруҳ ногирони бўлган бу йигитнинг ўлимида гумонланаётган бир одам ҳибсга олинган. Бироқ марҳумнинг яқинлари Муҳаммаджоннинг ўлимига фақат биргина киши сабаб бўлганига шубҳа қилмоқдалар.
Муҳаммаджон Нишоновнинг аммаси Муҳаббатхон опанинг айтишича, жиянининг шанба куни жон таслим қилганидан даставвал қариндошларнинг хабари бўлмаган. Улар Муҳаммаджон йўқолган кунни хавотир билан ўтказганлар. Эртаси куни Муҳаммаджон Ўш шаҳар касалхонаси моргидан топилган.
Уйига олиб келинган ногирон йигит жасади душанба – 7 июль куни дафн этилган.
Дафн маросимидан сўнг Муҳаммаджоннинг яқинлари ўлим тафсилотларини суриштира бошлаганлар.
- Кейин терговчининг олдига бордик боланинг (Муҳаммаджоннинг - таҳр.) поччаси билан. Борсак: “У болани (яъни Муҳаммаджоннинг ўлимида гумонланган йигитни – таҳр.) ушладик, қамадик. Қирғиз бола экан, партсъездлик (Ўш атрофидаги қишлоқлардан бири – таҳр.) бола экан”, деяпти. Ҳали биз уни кўрмадик. Терговчи билан бир марта учрашганимизча қайтиб борганимиз йўқ, - дейди Муҳаммаджоннинг аммаси Муҳаббатхон опа.
Бу ҳодисани текшираётган Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси терговчиси Жилдиз Маккамбаевга кўра, Муҳаммаджоннинг ўлимида гумонланаётган шахсга нисбатан Қирғизистон Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) бўйича жиноят иши очилган.
- Булар биргаликда бозорда спиртли ичимликларни ичиб ўтириб, ўзаро гап талашиб, уришиб кетишган. Кейин бирови урганда иккинчиси қазо қилган. У одам ҳозир Ўш шаҳар суди қарори билан эҳтиёт чораси сифатида икки ойга ҳибсга олинган. У тергов пайтида ҳибсхонада бўлади. Тергов битганидан кейин суд бўлиб, унга нисбатан тегишли чора кўрилади, - деди терговчи Жилдиз Маккамбаев Озодликка.
Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, Муҳаммаджон рақиби зарбасидан йиқилиш натижасида олган жароҳати туфайли жон таслим қилган. Айни пайтда марҳумнинг яқинлари унинг рақиби фақат биттагина маст одам бўлганига шубҳа қилмоқдалар.
- Биз подозрение қиляпмиз “маст одам уни шу даражада қилиб уриб ўлдириб қўймаса керак” деб. Бўйнининг ўнг тарафида елканинг пастигача кўм-кўк бўлиб кетган. Моргдаги қизга кўрсатсак, “энди чиқибди манави кўклари”, деди. Кейин чап қўлида бешта бармоқнинг изи бор – қисилган. Иннайкейин иккала сони, тиззадан пастлари ҳам кўкариб кетган. Тепилганда бу бола-чи, тепилмаса, унақа кўкармайди-да, - дейди Муҳаббат опа.
Айни пайтда ўшликлар орасида бозордаги чойхонада ўлдирилган Муҳаммаджонни беш кишилашиб дўппослаганлари, калтаклаганлар бозорда ангишвона ўйнатувчи қирғиз миллатига мансуб йигитлар бўлгани ҳақида гап-сўзлар юрибди.
Аммо мазкур ишни олиб бораётган терговчи Жилдиз Маккамбаев фикрича, ҳодисага миллатлараро низо тусини бериш тўғри бўлмайди.
- Бу ерда ҳеч қандай миллатлараро масала йўқ. Бунинг маиший жанжал экани очиқ-ойдин кўриниб турибди, - деди терговчи Маккамбаев бу иш бўйича бир неча кишини тергашга муваффақ бўлганини қўшимча қиларкан.
Ўзбек миллатига мансуб айрим ўшликлар иддаосига кўра, 2010 йил воқеаларидан кейин суд ва тергов жараёнларида миллати ўзбек бўлган айбланувчилар тегишлича ва баъзан ортиғи билан жазоланиб, миллати қирғиз бўлган айбланувчилар жазодан қутулиб кетиш ҳолатлари кўп кузатилган. Шунга қарамай, Муҳаммаджон Нишоновнинг яқинлари бозордаги қотиллик ҳодисаси бўйича тергов ва суд жараёнлари адолатли ўтказилиб, айбдорлар тегишли жазо олишларига умид қилмоқдалар.