Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:06

Қорақалпоқ мухолифатчиси Тошкент айбловларини рад этмоқда


"Олға Қорақалпоғистон" ҳаракати варақаларидан бири.
"Олға Қорақалпоғистон" ҳаракати варақаларидан бири.

Қорақалпоқ мухолифатчиси Омон Сагидуллаев Ўзбекистон расмийлари томонидан ўзига қўйилаётган айбловларни уйдирма, деб атади. Қорақалпоғистон мустақиллиги учун курашаётганлар кўнглида ўзбек элига нисбатан ҳеч қанақа кин-адоват йўқлигини урғулаган Сагидуллаев Озодлик билан суҳбатда ўз сафдошларининг барча эътирозлари Каримов режимига қаратилганини таъкидлади.

Омон Сагидуллаев таъкидича, Қорақалпоғистоннинг Ўзбекистон таркибига кириши ҳақида 1993 йили 20 йилга тузилган шартномаси муддати ўтган йили тугаган. Бунинг ортидан Қорақалпоғистонда мустақиллик талаби билан чиқаётган турли ҳаракатлар, мухолифат партиялари фаоллашиб қолган.

- Номларини келтирадиган бўлсак: “Эркин Қорақалпоғистон” партияси, Қорақалпоғистон озодлик ҳаракати, “Қорақалпоқ патриотлари”, “Қорақалпоғистон ёшлари” каби ҳаракатлар пайдо бўлди. Буларнинг мақсади фақат битта – бу Қорақалпоғистон Республикаси мустақиллигидир, - деди Омон Сагидуллаев.

Қорақалпоқ мухолифатчиларининг фаоллашуви баробарида ўзбек махсус хизматлари уларга қарши ўзига хос ов бошлаганлар. Суҳбатдошимиз Ўзбекистон нашрларида ўзи ҳақида танқидий мақолалар пайдо бўлишини ҳам шу ов кампаниясининг бир кўринишини ўлароқ баҳолайди.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 3 июль куни Ўзбекистондаги ярим расмий 12news.uz сайтида “ўзини “Олға Қорақалпоғистон” айирмачи оқими лидери деб атайдиган Омон Сагидуллаев Ўзбекистонга етказган моддий зарари учун республика бўйлаб ва халқаро қидирувга берилган”и ҳақида хабар қилинганди.

Қорақалпоғистондаги “Агроинтехника” корхонасида раҳбар бўлиб турганда давлатнинг 2 миллиард сўмини ўмарди, деган айбловларни туҳмат деб атаган Сагидуллаев аввалроқ уни 64 миллион сўм камомадда айблаганларини, қариндош-уруғлари бу пулни йиғиб берганидан кейин ҳам Қорақалпоғистонда уни таъқиб қилиш давом этаётганини узоқ вақт турли мисоллар билан тушунтирди.

Ҳозир Ўзбекистон хорижида истиқомат қилаётган Омон Сагидуллаев ўзига қарши очилган жиноят ишларини сиёсий фаолияти учун таъқиб, деб билишини айтади.

Унинг фикрича, узоқ йиллар турли мамлакат таркибида бўлиб келган Қорақалпоғистоннинг бугунга келиб мустақил давлат сифатида майдонга чиқиш фурсати етган ва бу иш умумхалқ референдуми ўтказиш орқали ҳал қилиниши лозим.

“Сиз айтгандек, кун келиб Қорақалпоғистон мустақил давлатга айланса, постсовет ҳудудида пайдо бўлган этник давлатларда кузатилгани каби миллатчилик авж олмайдими, миллий озчилик ҳисобланган халқлар вакиллари, шу жумладан, ўзбеклар камситилмайдими?” деган саволимизга жавобан Омон Сагидуллаев қорақалпоқлар аввалдан толерант эл бўлганини айтди.

- Биз мактабда ўқиган пайтимизда, хусусан, қорақалпоқлар бошқа миллатдаги одамларга “сенинг миллатинг ўзбек ё туркман” деб айтмасди, бунақа деб айтишга уяларди. СССР вақтида Қорақалпоғистон телевидениесида турли халқлар маданияти оид кечалар, “Тил ўрталиғи” деган программалар чиқиб турарди. Кейинги пайтларда буларнинг бари тўхтатилиб, ҳозирги пайтда телевидениеда қорақалпоқ тилининг ўзи мушкул аҳволга тушиб қолди. Мен бугунги кунда қорақалпоқ адабиёти, маданияти, санъати, таълим-тарбия тизими катта бир таъқиб остида, деб ҳисоблайман. Биз бу таъқибларни бошимиздан ўтказганимиздан кейин ҳеч қачон миллатчиликка йўл қўймаймиз, - деди Омон Сагидуллаев.

Қорақалпоғистонни келажакда парламент республикаси ўлароқ кўриш ниятида эканини қайд этган суҳбатдошимиз бу мамлакатда одамлар таниш-билишчилик ёки миллий мансубиятига кўра эмас, балки иқтидорига кўра масъул вазифаларга тайинланишини орзу қилишини айтади.

Сагидуллаев мулоҳазасича, Қорақалпоғистон мустақил бўлганидан кейин ҳам қўшни мамлакатлар билан, хусусан, Ўзбекистон ва унинг халқи билан яхши қўшничилик алоқаларини сақлаб қолиши ва ривожлантириши лозим.

- Биз қорақалпоқларнинг, қорақалпоқ мухолифатининг Ўзбекистонга қарши, ўзбек халқига, ўзбек мухолифатига қарши ҳеч қандай ғаразимиз йўқ. Биз қорақалпоқлар ва ўзбеклар - қардош халқлармиз. Биз Каримов режимининг қурбонларимиз. Биз Каримов режимининг Қорақалпоғистон ҳудудидаги “Жаслиқ” концлагерини ёпиш ва у ердаги барча ўзбек сиёсий маҳбусларини озод қилиш тарафдоримиз. Агар биз мустақилликка эришадиган бўлсак, қочқин ўзбекларга ва ўзбек мухолифатига сиёсий бошпана ҳам тақдим этишимиз мумкин. Биз “ваҳҳобийлик”, “акромийлик” каби гаплар Каримов режими томонидан ўйлаб топилган уйдирма, деб ҳисоблаймиз. Булар намоз ўқиб юрган оддий ўзбек йигитларидир. Одамни диний ёки сиёсий эътиқоди учун таъқиб қилиш ёки қамоққа тиқиш мумкин эмас. Бу ишлар Каримов ҳокимиятини сақлаб қолиш учун қилинаяпти. У бу ўриндиқда 25 йилдан кўпроқ вақтдан бери ўтирибди. Мен Каримов кетса, Ўзбекистонда ҳаёт ёмонлашади, деб ўйламайман, аксинча, Ўзбекистон анча яхши яшай бошлайди. Биз Қорақалпоғистоннинг ҳам Каримов режимидан озод бўлишини истаймиз, - деди қорақалпоқ мухолифатчиси Омон Сагидуллаев.

XS
SM
MD
LG