Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:07

Фарғонада хориждан пул жўнатмасини олиш учун 2 кунлаб навбат кутмоқдалар


Фарғонадаги банклардан бири олдида шу кунларда туширилган сурат.
Фарғонадаги банклардан бири олдида шу кунларда туширилган сурат.

Фарғонадаги вилоятидаги банклар бинолари олдида пул жўнатмаларини олишга мижозлар турнақатор навбатга тизилгани тингловчилар жўнатган суратлардан кўриниб турибди.

Қатор банклар ходимлари, хусусан “Агробанк”нинг вилоятдаги бўлимларидан бирининг ходими пул жўнатмасини олишга келганларнинг ярмигагина хизмат кўрсатишга улгура олишаётганини айтар экан, буни Россиядаги пул жўнатиш хизматини амалга оширувчи ширкатлар билан ҳамкорлик қилувчи банклар озайиб кетгани билан изоҳлади.

“Агробанк” вакили Озодлик саволига жавоб берар экан, айнан мана бундай деди:

- Пул олишга келаётганлар кўпайиб кетган. Шу кунларда бир кунда тахминан 150 киши келаяпти. Милиция ходимлари навбат билан биттадан киритаяпти. Натижада 70 киши бугун олишга улгурса, қолгани эртагага қолиб кетаяпти. Бугун ҳам, масалан, 110 кишига яқин одам келган эди. 80 кишига пул беришга улгурдик, қолганлари эртагаликка қолди. Эртага яна янгилар қўшилади, албатта, деди “Агробанк” вакили.

Унинг айтишича, гап жўнатмалар ҳақида борар экан, “пул йўқ”, “пул тақчил”, деган баҳонанинг ўзи кулгилидир. Чунки жўнатма – бошқа давлатдан келадиган пул ва у, албатта, берилади. Бу ерда гап жўнатилаётган пулни олиш мумкин бўлган банклар озайиб кетганидадир.

“Агробанк” вакилининг айтишича, ҳозирда Россиянинг “Золотая корона”, ва “Контакт” каби ширкатлари билан ҳамкорлик қиладиган банклар озайиб кетган. Жўнатмаларнинг мутлақ катта қисми эса, Россиядан келади. Масалан, “Вестерн Юнион” орқали жўнатилган пулни бошқа ҳар қандай банкдан олиш мумкин бўлгани учун муаммо йўқ.

Банк ходимидан эшитганимиз бу гапни банкларга алоқаси йўқ марғилонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Аҳмаджон Мадумаровдан ҳам эшитдик.

Россиядаги “Мигом” пул ўтказиш тизими маҳкама томонидан банкрот деб эълон этилиши ортидан, Ўзбекистон тижорат банклари 1 апрелдан бошлаб¸ Россиядаги ўзбек муҳожирлари орасида оммавийлашган "Золотая корона" ва “Контакт” каби пул ўтказиш тизимларининг Ўзбекистондаги операцияларини тўхтатиши ҳақида шу йил баҳорда гап-сўзлар пайдо бўлган эди.

“Русславбанк”нинг “Контакт” тизими матбуот вакили Ансатасия Поздникова Озодлик 5 апрель куни Озодлик саволларига жавоб берар экан, “Контакт” Ўзбекистондаги айрим банклар билан ҳамкорликни тўхтатганини айтган эди.

Айрим истеъмол товарларига, хусусан, кейинги қарийб уч ҳафта давомида кузатилган шакарга навбат ортидан энди пулга навбатнинг пайдо бўлиши халқ орасида ажабтовур миш-мишларни туғдирмоқда.

Исми айтилмаслигини сўраган бир фарғоналик тингловчимиз банклар олидаги навбатни баъзилар бундан роппа-роса бир йил муқаддам содир бўлган воқеа билан боғлаётгани тўғрисида айтиб берди.

2013 йилнинг 21 июлига ўтар кечаси Фарғонанинг Қори Ниëзий кўчасида жойлашган “Ҳамкорбанк” филиали кассасига номаълум қуроллилар ҳужум қилиб, банк қоровуллари – икки милиция ходимини ўлдириб кетган, қотилликда гумон қилинаётганлар ҳақидаги эълонларда уларни топганга иккита "Матиз" ваъда қилинган эди.

Тингловчининг айтишича, шу кунда Фарғонада одамлар пул тақчиллигини шу воқеа билан боғлар экан, “ўшанда йўқотилган пулларнинг ўрнини қоплаш учун жўнатмаларни айлантириб ётишганмиш”, деган миш-мишлар юрибди.

Йиллардан бери Россиядан хорижга пул жўнатаëтганлар рўйхатида биринчиликни ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари эгаллаб келмоқда.

2013 йилнинг 9 ойи давомида Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми 4 миллиард 908 миллион АҚШ долларидан ошди. Ўтган йили бу миқдор 6 миллиардга яқинлаган эди.

XS
SM
MD
LG