Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:40

Таҳлилчи: Гулнорани қутқариш учун шериклари қурбон келтирилди


Европадаги жиноят ишларида Гаянэ Авакян (ўнгда) билан бирга Глунора Каримова ҳам гумонланувчи деб кўрилмоқда.
Европадаги жиноят ишларида Гаянэ Авакян (ўнгда) билан бирга Глунора Каримова ҳам гумонланувчи деб кўрилмоқда.

Гулнора Каримовага яқин шахсларнинг қамалгани тўғрисида ўтган ҳафта пайдо бўлган хабарлар Ўзбекистон президенти қизи билан боғлиқ жанжал ва шов-шувларни яна авж олдирди. Рустам Мадумаров ва Гаянэ Авакянлар узоқ муддатли қамоқ жазосига маҳкум этилганига доир хабарларни таҳлилчилар Гулнора Каримованинг ўзини Европадаги жноят ишларидан иҳота қилиш уринишларига йўймоқда. Хўш, Гулнора Каримова шерикларининг қамалиши, президент қизи гумонланувчи сифатида ўтаётган Европадаги жиноят терговларига таъсир ўтказадими?

Рустам Мадумаров ва Гаянэ Авакян ёпиқ суд маҳкамасида қамоққа ҳукм қилинганига доир хабарлар Гулнора Каримова атрофидаги ҳодисаларга яна таҳлилчилар диққатини тортмоқда.

Рустам Мадумаровнинг қамалгани расмийлар тарафидан тасдиқлангани йўқ.
Рустам Мадумаровнинг қамалгани расмийлар тарафидан тасдиқлангани йўқ.

Гулнора Каримованинг фуқаровий эри экани айтиладиган Мадумаров 10 йил, унинг хос ёрдамчиси Гаянэ Авакян 9 йилга қамоққа ҳукм этилгани тўғрисидаги хабарларни Ўзбекистон расмийлари тасдиқламаган бўлса-да, аксар кузатувчилар бу хабарлар ҳақиқатга яқин эканига шубҳа қилмаяпти.

Марказий Осиё масалалари бўйича россиялик таҳлилчи Аркадий Дубнов рус матбуотига берган суҳбатида, бу хабар ҳақиқат бўлиши эҳтимоли 100 фоизга яқин ва бунинг ортида Ўзбекистон президенти қизини икки йилдан бери давом этаётган жанжалдан имкон қадар камроқ талафот билан қутқариб қолишдир, деган фикрни илгари сурди.

Ҳозир “у (Гулнора Каримова-таҳр.) гўё уй қамоғида қолмоқда, лекин унинг назоратида бўлган тузилма ва фондлар билан боғлиқ барча айбловлар унинг яқин ҳамкорлари зиммасига юклатилган... Бу ўйин жараёнида шов-шувли жанжалдан чиқишнинг турли “сценарийлари” амалга оширилмоқда”, дея таъкидлади Дубнов.

Мадумаров билан Авакян Европанинг бир неча мамлакатида очилган жиноят ишларининг фигурантларидир. Швеция, Швейцария, Франция, Латвия ва Ҳолландияда катта миқдорда пул ювиш ва коррупцияга доир тергов жараёнларида Гулнора Каримованинг ўзи ҳам гумонланувчи сифатида ўтмоқда.

Швейцарияда муҳожиратда яшаётган ўзбекистонлик собиқ дипломат Алишер Таксанов ҳам президент қизига яқин шахсларнинг қамалишини уни Европада жиноий жавобгарликдан иҳота қилиш уринишларига йўйди. Бунда шахсан президент Ислом Каримовнинг ўзи Европа ҳукуматларига таъсир қила олиш иқтидорини ишга солишга мажбур бўлган, дея иддао қилади собиқ дипломат.

- Менимча, Латвия ва Ўзбекистон президентлари ўртасида Европа Гулнорага қарши жиноят ишини ёпиши борасида келишувга эришилган. Бу келишувга кўра, Ўзбекистон томони Европада содир этилган фирибгарликлар учун Гулнора масъул эмаслигини тасдиқловчи ҳуқуқий ҳужжатларни тақдим қилади. Айнан шунинг учун Гаянэ Авакян ва Рустам Мадумаровлар бу фирибгарликлар учун жавобгар сифатида айбланувчи этиб тайинланди. Улар ҳозирда Швеция, Швейцария, Латвия ва бошқа мамлакатларда катта миқдордаги пулларнинг музлатилишига сабаб бўлган бу фирибгарликлар учун гўё бутун жавобгарликни ўз бўйнига олди. Бунинг эвазига эса, Гулнора жиноий жавогарликдан озод қилиниб, Европага қайтишига йўл очилади,- дея таъкидлайди Таксанов.

Шов-шувли жиноят ишларида гумонланувчилар сифатида ўтаётган шахслар Ўзбекистонда қамалгани хусусидаги хабарни Швейцария ва Швеция прокуратураси изоҳлмаётир.

Швейцария Бош прокуратуарси вакили Ўзбекистон расмийларидан бу борада баёнот бўлмагунча, изоҳ бера олмаслигини билдирди Озодликка.

Швеция Бош прокуратурасининг коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи Гуннар Стетлер, Озодлик билан суҳбатда, Ўзбекистон суди чиқарган қарор, Швециядаги жиноят иши терговига таъсир қилмаслигини билдирди.

- Бу хабар мен олиб бораётган ишга қандай таъсир ўтказиши мумкинлигини тасаввур қила олмайман. Чунки Гаянэ Авакян иш бошида турган шахс, деб тақдим қилинганига қарамасдан, бизнинг ишдаги гумонланувчилар орасида, таъбир жоиз бўлса, энг асосий жиноятчи эмас. Бошқача қилиб айтадиган бўлсам, Гаянэ Авакян биз олиб бораётган терговнинг асосий фигуранти эмас,- дейди Швеция прокуратураси терговчиси.

Бўлмаса, терговнинг асосий нишони ким, Гулнора Каримовами, Рустам Мадумаровми, деган саволни швед терговчиси жавобсиз қолдирди.

- Бу саволга ҳам жавоб бера олмайман. Агар менга бир ойдан кейин, августда қўнғироқ қилсангиз, балки бу борада жавоб бера олишим мумкин. Лекин ҳозир, турли версиялар кўриб чиқилаётгани боис, жавоб бера олмайман, деди Гуннар Стетлер.

Шу йилнинг феврал ойида Гулнора Каримова уйида МХХ махсус гуруҳи рейд ўтказиб, Рустам Мадумаров, Гаянэ Авакян дохил бир гурух шахслар қўлга олиниб, жиноят иши қўзғатилганидан бери президент қизининг ўзи уй қамоғига олинганига ишора қилувчи хабарлар пайдо бўлди. Гулноранинг ўғли кичкина Ислом Каримов Россия телевидениесига интервью бериб, бу иддаоларни тасдиқлади.

Собиқ дипломат Алишер Таксановнинг фикрича, президент неварасининг чиқишини изоляция қилинган “эркатой онасининг” жамоатчилик диққатини яна ўзига қаратиш уринишидир, дея талқин қилади.

- Неваранинг чиқиши Гулноранинг кутилмаган PR қадами бўлди. Гулнора табиатан доимо жамоатчилик диққатида бўлишни хуш кўради. У бундай имкониятдан маҳрум қилинди. Шу сабабдан, ўғли воситасида ташқи дунёга ўзи ҳақида эслатишга ҳаракат қилди. Президент Гулнорани қуюшқонда ушлаб туриб бўлмаслигини тушунади. У ўз ҳаракатлари билан барча йўлларни барбод қилмоқда. Шу пайтгача бу йўллар орқали катта пул Европа ва бошқа мамлакатларга олиб чиқилаётган эди. У эса ўзининг хатти-ҳаракатлари билан капитални олиб чиқиш механизмларини бузиб ташлади. Бу билан у айни механизмлардан фойдаланиб келган ҳокимиятдаги бошқа гуруҳларни ҳам нишонга айлантирди,- дея иддао қилади Таксанов.

Гулнора Каримова билан боғлиқ жанжаллар 2012 йилда Швейцария ва Швецияда катта миқдорда пул ювиш ва коррупцияга доир жиноят ишларининг очилишидан бошланди.

Ундан кейин Ҳолландия, Франция ва Латвияда ҳам бошланган терговларда Ўзбекистон президентининг қизи йирик хорижий компаниялар, хусусан Швециянинг TeliaSonera телеком ширкатидан миллионлаб АҚШ доллари миқдорида пора олганликда гумон қилинмоқда.

Айни пайтда, 14 июль куни EurasiaNet.org нашри ўзини Гулнора Каримова оиласининг вакили, дея иддао қилган шахснинг, президент қизи порахўрлик ва пул ювиш жиноятларига алоқаси йўқ ва барча айбловлар сиёсийдир, дея даъво қилувчи баёнотини тарқатди.

EurasiaNet.org таҳририятига юборилган баёнотда, “Гулнора Каримовга қарши илгари сурилган иддаоларнинг бирортаси исботланмади”, дея таъкидланган. Ўзини Лондондаги таниқли PR фирмасига доир экани, лекин на ўзининг исми, на фирманинг номи ошкор қилинишига розилик берган бу шахс баёнотида “унинг (Гулнора Каримованинг-таҳр.) Ўзбекистон президентига алоқасини инобатга олиб, Гулнора Каримовага қарши илгари сурилган иддаолар 2015 йилдаги сайлов олдидан сиёсий мотивларга асосланганини эҳтимолдан соқи қила олмаймиз”, дея қўшимча қилинган.

XS
SM
MD
LG