Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:01

Ислом Каримов: Бобом Лондонда бир ой яшашим учун 100$ пул берди!


Ўз онаси ҳимояси учун халқаро оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишга уринаëтган Ўзбекистон президентининг невараси Ислом Каримов Британиянинг The Guardian газетасига берган интервюсида президент Каримовни пул ва мол-дунëга бефарқ одам сифатида тасвирлади. Янги интервюсида невара Каримов¸ онасининг ҳозирда ўлик-тиригидан хабари йўқлигини иддао қилди.

Невара Каримов Ғарб матбуотига юзланди

Ëпиқлиги бўйича¸ халқаро кузатувчилар наздида¸ фақат Шимолий Кореяга таққосланиши мумкин бўлган ўзбек диктатори оиласидан яна бир садо чиқди ва бу гал ҳам биринчи оила ичидаги можаро ҳақида президент Ислом Каримовнинг бир пайтлар севимли невараси саналган кичкина Ислом Каримов гапирди.

Ўтган ой Россиянинг РенТВ канали мухбири билан Лондонда учрашиб¸ интервю берган 21 яшар Ислом¸ бу гал Британия мухбири билан Лондоннинг 5 юлдузли меҳмонхоналаридан бири фойесида учрашиб¸ онаси тушган бугунги ҳолдан баҳс этган.

Британиянинг нуфузли Oxford Brookes университетида бизнес ва ҳуқуқ бўйича иккинчи курс талабаси бўлган Ислом Каримов¸ мухбирнинг таъкидича¸ Ғарб журналистлари билан суҳбат давомида анча асабийлашган.

“Норғул¸ лекин майин овозли¸ қоп-қора сочли¸ дизейнерлар қўлидан чиққан жинси шим кийган Ислом¸ айтишича¸ Лондон бўйлаб ўзини кузатишганини пайқаган”¸ деб ëзади ўзбек президенти невараси билан суҳбатлашган мухбир.

Бу суҳбатда ҳам кичкина Ислом Россия телеканалида айтганларини такрорлаган - онам билан мартдан бери гаплашолганим йўқ¸ уни Британиядаги хусусий мактабда ўқийдиган ўспирин синглим билан бирга уй қамоғига ташлашган¸ синглим ўқишга кела олмади – деб иддао қилган майин овозли кичкина Ислом.

Мартдан бери ўзига онаси номидан нотаниш номерлардан бир неча SMS келганини айтган Ислом “буларни онам ëзганига шубҳам бор¸ чунки ëзиш услуби онамникига ўхшамайди”¸ дея баëн қилган.

Яқинларгача Ўзбекистон президентининг қудратли эркатойи¸ ҳатто унинг вориси деб кўрилган онаси Гулноранинг бошига тушган ҳозирги савдолар сабаби сўралганида кичкина Ислом Каримов¸ эҳтиëткорлик билан “айрим одамлар бобомни онамга қарши қайрамоқда” дея изоҳ берган.

Яраш-яраш кўпга чўзилмади

Шу ўринда президент невараси янги йил арафасида ўз туғилган кун – 22 декабрни Тошкентга бобоси ва қолган оила билан нишонлашга борганида¸ ўзи ва синглисининг бувиси – Татъяна Акбаровна қуролли қўриқчилари томонидан президент резиденцияга яқин йўлатилмаганини такрор ҳикоя қилади.

Айни шундай¸ кичкина Ислом¸ янги йил оқшомида ҳам на онаси¸ на ўзи ва синглисининг бобоси ҳузурига киришига “жуда юқоридагилар томонидан берилган буйруқ асосида” имкон қолдирилмаганини таъкидлайди¸ аммо буйруқни берганлар шахсини очиқламайди.

Кичкина Исломга кўра¸ қайта-қайта қилинган уринишлардан сўнг бобоси ниҳоят онаси¸ ўзи ва синглисини 2 январь куни олдига чақирган.

Ислом Каримовнинг бобоси ва бувиси.
Ислом Каримовнинг бобоси ва бувиси.

Исломнинг айтишича¸ президент бобонинг ëнида бу учрашувда Татъяна буви ҳам бўлган. Каримов Гулноранинг Twitterдаги ëзишмалари ҳақида “Ўзбекистонни дунëга шарманда қилдинг” деб дарғазаб бўлиб гапирган.

Кичкина Исломга кўра¸ бобоси онасига Швеция ва Швейцариядаги коррупция ва пул ювиш бўйича бораëтган терговлар ҳақида ҳам жаҳл билан гапирган.

“Бобомга бу ҳақда жуда кўп ëлғон маълумот беришган. Биз унга аслида нималар бўлаëтганини тушунтиришга уриндик¸ лекин бувим гапимизни бўлиб турди¸ у нималар бўлаëтгани ҳақида ўз гапини тиқиштиришга уринди”¸ дейди Guardian мухбири билан суҳбатда кискина Ислом Каримов.

Бақир-чақир¸ кўз ëш ва келишмовчилик билан ўтган ҳиссиëтли бу учрашув¸ кичкина Исломнинг айтишича¸ охири яхшилик билан тугаган ва шундан сўнг у Лондонга қайтиб келган.

“Бир-биримизни охирги кўрганимиз шу бўлди”¸ деган кичкина Ислом¸ кўп ўтмай онасининг уй қамоғига ташлангани¸ онасига яқин ўнлаб одамнинг қамоққа олингани¸ ўз тан соқчиларидан тўрттасининг ушланганини айтади.

Президент кўп нарсани билмайди...

Бу воқеаларда бобосининг роли қандай эканлиги ҳақидаги сўровга унинг асл воқеликдан иҳоталанганига ишора қилган невара Каримов¸ президент бобонинг молиявий манфаатлари йўқлиги¸ “катта пул”дан изоляция қилинганини таъкидлай туриб¸ бир воқеани ҳикоя қилади.

Неваранинг айтишича¸ Лондондан Тошкентга каникулга борганида¸ президент бобо ўзи ва синглисини Британияда зориқмай яшаш учун сийлашга қарор қилган:

Кичкина Исломнинг Лондонда бир ой яшаши учун 100 доллар берган Ўзбекистон президенти¸ афтидан¸ неварасининг ярим миллион долларлик машиналарда юришини ҳам билмайди.
Кичкина Исломнинг Лондонда бир ой яшаши учун 100 доллар берган Ўзбекистон президенти¸ афтидан¸ неварасининг ярим миллион долларлик машиналарда юришини ҳам билмайди.

“У конвертга солинган ойликлари ташлаб қўйилган столи тортмадан битта конвертни олди. Бу конвертдан битта 100 долларлик олиб менга¸ яна биттасини синглимга берди. Бобом бизга “Мен сизларнинг бу ҳаëтда ҳеч нимага зор бўлмасликларингизни хоҳлаганим учун бу пулни олинглар. Лекин ҳаммасини бирданига ишлатиб қўйманглар. Агар бу пул бир ойга етмаса¸ кейинги келганларингда яна бераман”¸ деди деб эслайди бу воқеани президент бобонинг пулга қизиқиши йўқлигини тасдиқлаш ниятида кичкина Ислом.

Бундан олдин Россия телеканалига берган интервюсида дунëнинг энг нуфузли ва қиммат университетларидан бирида ўқиб¸ Лондоннинг энг қиммат мавзеларидан бирида қўриқчилар қуршовида яшаëтган 21 яшар Ислом Каримов¸ бунақа қиммат шаҳарда қайси пулига ўқиëтгани ҳақидаги саволга “Онам берган пулга” деб мавҳум жавоб билан чекланган эди.

Twiiter саҳифаси ëпилгунга қадар ëзганларида Исломнинг онаси Гулнора Каримова МХХ ва унинг раиси Рустам Иноятовни мамлакатда ҳукм сураëтган инсон ҳақларининг даҳшатли равишда топталиши учун айблаган эди. Бундай фош этишга муносабат билдирган ҳуқуқ фаоллари¸ Гулнора Каримованинг ўзи узоқ йиллар айнан шу режим воситасида истаганини қилиб келгани учун¸ унинг бундай қаҳрамонлиги хайрихоҳлик уйғотмаслигини таъкидлаган эди.

“Бундай дейиш жуда осон. Бу одамлар ҳатто онам (президентнинг эрка қизи) МХХ қудратидан ҳимояланмаган бир пайтда ҳеч ким гапирмаган нарсаларга қарши чиқишни ундан қандай талаб қилишлари мумкин? MXX га қарши чиққан онамнинг бошига нима кун тушганини кўриб турибсиз”¸ деб эътироз билдиради кичкина Ислом онаси танқидчиларига қарата.

Ўзбекистон президенти невараси билан суҳбат асосида ҳозирланган The Guаrdian мақоласи Фарғона.ру ахборот агентлиги бош муҳаррири Даниил Кислов сўзларидан иқтибос билан тугайди.

“Совет иттифоқи қулаганидан сўнг Марказий Осиë давлатлари 19-асрдаги хонлик ва амирликларга ўхшаб қолди. Бу айниқса¸ кейинги 15 йил давомида президентнинг икки қизи Гулнора ва Лола ўртасидаги ғанимлик давом этиб келаëтган Ўзбекистон мисолида очиқ кўриниб қолди. Тарихдан эса феодал давлатларда тахт учун ворисларнинг ўзаро ғанимлик ва ҳатто очиқ урушгача борганларини яхши биламиз”¸ дейди Кислов.

Онасининг овози ўчирилганидан бери аввалига Россия¸ сўнгра Британия журналистларига интервю берган президент невараси¸ ҳар иккала суҳбатда ҳам¸ онасининг бобоси қаҳрига йўлиқиши учун очиқчасига на бувиси ва на холасини айблагани йўқ.

XS
SM
MD
LG