Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:09

"Президентни судга берган фаол Чўян Маматқуловни қамоқда қийнашмоқда"


Қашқадарёлик инсон ҳуқуқлари фаоли Чўян Маматқулов
Қашқадарёлик инсон ҳуқуқлари фаоли Чўян Маматқулов

Ўн йилга озодликдан маҳрум этилган Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти Қашқадарё вилояти фаоли Чўян Маматқуловнинг қамоқхонадаги аҳволи тобора оғирлашмоқда. Чўян Маматқуловнинг яқинлари иддаосича, икки йиллик қамоқ даврида қамоқхона нозирлари томонидан мунтазам калтакланиши оқибатида унинг тишлари тўкилиб кетган.

Навоий шаҳридаги 64/29-жазони ўташ муассасасида муддатини ўтаётган Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти Қашқадарё вилояти фаоли 44 ёшли Чўян Маматқулов муассаса нозирлари томонидан мунтазам қийноққа солинаётгани иддао қилинмоқда.

Чўян Маматқуловнинг хотини Дилором Маманова иддаосича, эрининг Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати раиси Рустам Иноятовга ёзган шикоят мактуби учун уни аёвсиз қийноққа солишган:

- Мен яқинда эримнинг олдига бориб келдим. Эримнинг айтишича, 20 апрелда унга нисбатан қўлланилаётган таъқиб ва қийноқлар ҳақида, айбсиз қамалгани ҳақида Рустам Иноятов номига шикоят мактуби ёзган экан. Ўша хатни чиқармаслик учун уни бошига дубинка билан роса уришибди. Кейин бир карцерга ташлабди. Аҳволи ёмон бўлгандан сўнг бир ҳафта бошига укол қилишибди. Бундан ташқари, икки йил ичида тишлари тўкилиб кетибди, бошга уришганини ҳисобига кўзи яхши кўрмай қолибди, кўзойнак олиб бериб келдим, - дейди Дилором Маманова.

Унинг айтишича, Чўян Маматқулов қамоқхонада унга нисбатан қийноқлар мунтазам қўлланиб келинаётгани ҳақида гапирган:

- Икки йилдан буён унинг ҳаёти азобда экан. Доимий таъқиблар, калтакланишлар зарбидан саломатлигини буткул йўқотган. Қамалишидан олдин боши жароҳат олиб, бош суягининг бир қисми олиб ташланган ва иккинчи гуруҳ ногирони бўлиб қолган эди. Лекин шунга қарамасдан уни ғишт пишириш ишига қўйган. Яқинда эса ундан ҳам оғир иш, оҳак пиширишга қўйибди, - деди Дилором Маманова.

Франциядаги “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ташкилоти Чўян Маматқуловнинг жазони ўташ муассасида қийноқларга солинаётганидан хавотир билдириб, баёнот тарқатди.

“Чўян Маматқуловнинг ишига БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссарлиги ва бошқа халқаро ташкилотлар зудлик билан аралашишлари лозим. Маҳкум Чўян Маматқуловга нисбатан инсонпарварлик муомалани яхшилаш ва қийноқларни тўхтатиш, унга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг иши мустақил ва холис судда қайта кўриб чиқилиши керак”, дейилади “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ташкилоти тарқатган баёнотда.

Ўзбекистон Қуролли кучларининг зобити бўлган Чўян Маматқулов 2004 йилда ҳарбий ишидан ғайриқонуний бўшатилганидан ва адолатни қарор топтира олмаганидан сўнг Қуролли кучларнинг бош қўмондони, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовни Тошкент шаҳри устидан Мирзо Улуғбек тумани судига ариза берган эди.

Суд унинг даъво аризасини қабул қилган, лекин бу ишни кўриб чиқмаган.

Чўян Маматқулов 2004 йилдан бошлаб Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Қашқадарё вилояти бўлими аъзоси сифатида фаолият юритган.

Косон туманида истиқомат қилган Чўян Маматқулов 2012 йилнинг 29 августида ҳибсга олинган эди. 2013 йилнинг 8 февраль куни Қашқадарё вилояти Жиноят ишлари суди уни “конституцион тузумга тажовуз”, “одам ўғирлаш”, “товламачилик”, “ҳужжатларни қалбакилаштириш”, “ёлғон гувоҳлик бериш” каби моддалар билан айблаб, 10 йилга озодликдан маҳрум этган эди.

Бугун Ўзбекистон қамоқхоналарида ўнлаб инсон ҳуқуқи фаоллари, журналистлар ва мухолифат вакиллари жазо муддатини ўтамоқда.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти ўтган йили эълон қилган сиёсий маҳбуслар рўйхатида Солижон Абдураҳмонов, Аъзам Фармонов, Меҳринисо Ҳамдамова, Зулхумор Ҳамдамова, Исроилжон Холдоров, Насим Исоқов, Ғайбулло Жалилов, Ғанихон Маматхонов, Чўян Маматқулов, Зафаржон Раҳимов, Йўлдош Расулов, Бобомурод Раззоқов, Дилмурод Саййид, Неъматжон Сиддиқов ва Аъзам Турғунов сингари ҳуқуқ фаоллари, Муҳаммад Бекжон, Ботирбек Эшқўзиев, Руҳиддин Фахруддинов, Хайрулла Ҳамидов, Баҳром Иброҳимов, Мурод Жўраев, Даврон Қобилов, Матлуба Каримова, Самандар Қўқонов, Ғайрат Мехлибоев, Эркин Мусаев, Юсуф Рўзимуродов, Қудратбек Расулов, Рустам Усмонов, Равшанбек Вафоев ва Акром Йўлдошев каби ёзувчилар, зиёлилар, мухолифатчилар ва диндорларнинг исмлари зикр этилган.

XS
SM
MD
LG