Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:46

Чиқиш визаси берилмаган Слава Охунов фуқароликдан чиқмоқчи


Рассом Вячеслав Охунов
Рассом Вячеслав Охунов

Таниқли рассом Вячеслав Охунов Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиш ҳаракатига тушди. Халқаро арт анжуманларга тез-тез таклиф қилинадиган ўзбек рассоми 2 йилдан буён чиқиш визаси берилмагани бўйича судга киритган аризаси қондирилмагач, фуқароликдан воз кечишга қарор қилди.

Ўзбекистонлик рассом Вячеслав Охунов Ўзбекистон ичида ўз ижодий фаолиятини амалга ошириш иложи қолмагани боис, фуқароликдан чиқишга қарор қилганини билдирди.

- Тамом, тўйдим. Мен Ўзбекистон фуқаролигидан чиқмоқчиман. Биринчидан, сизга виза бермаслик ҳақида МХХ қарор чиқарди, деб айтишди. Иккинчидан эса Ўзбекистон рассомлари анталогиясидан мен ҳақимдаги мақола чиқариб ташланди. Демак, мен бу мамлакатда тўлақонли фуқаро эмасман. Ҳуқуқларимдан маҳрум қилинганман. Шундай экан менга бунақа фуқаролик керак эмас. Мен эркин одамлар орасида эркин бир давлатда ўлишни истайман, - дейди 66 яшар ўзбек рассоми Вячеслав Охунов.

Халқаро арт анжуманларига тез-тез таклиф қилинадиган ўзбек рассоми Вячеслав Охунов икки йилдан бери чиқиш визасини ололмай сарсон.

Ўтган бир йил мобайнида рассом Ўзбекистон ресупбликаси ИИВ Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимини (ОВИР) судга берди. Туман суди ОВИРнинг Вячеслав Охуновга чиқиш визаси бермаслик қарорини тўғри, деб топди.

Ана шундан кейин рассом туман суди устидан шаҳар судига ариза берди.

Тошкент шаҳар суди қуйи суд қарорини тўғри, деб топгандан кейин Вячеслав Охунов Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиш учун президент Ислом Каримовга ариза ëзиш нияти ҳақида Қозоғистон телеканалига баëнот берди.

Ўзбекистон санъатини тақдим қилиш учун қатор жаҳон форумлари, жумладан Венеция Биенналесига таклиф қилинган рассом Вячеслав Охунов чиқиш визаси олиш учун аризани бундан икки йил аввал топширган эди.

Рассомга чиқиш визаси берилмаётганини турли баҳоналар билан изоҳлаб келган ОВИР мулозимлари Вячеслав Охуновнинг мамлакатдан ташқарига чиқарилиши тақиқланган “қора рўйхатга” тиркалганини маълум қилиб қўлига қоғоз беришган.

- Икки йил аввал ариза топширганимдан бир ой ўтиб мурожаат қилдим, кейин икки ўтиб, кейин уч ой ўтиб қайта-қайта мурожаат қилганимда, кутинг, ана бўлади, мана бўлади, деб айтиб юришди. Кейин паспортингизни алмаштиринг, дейишди. Биометрик паспорт олиб яна қайтадан ариза топширдим. Охири, менга расман виза бермаслик ҳақида қарорни беришди. Бу қарор устидан судга ариза бердим. Суд ҳам ОВИР тарафини олди¸ - дейди рассом.

Рассом икки йилдан бери чиқиш визаси ололмаётгани сабаби ўзининг диссидентлик қарашлари билан боғлиқ эканига шубҳа қилмаслигини айтади.

- Мен бундан 3 йил олдин Туркиядаги халқаро кўргазмада қатнашганимда Муҳаммад Солиҳ билан кўришдим. Муҳаммад Солиҳ дўстим бўлади. Иккинчи сабаб, Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг Прагадаги қурултойига таклиф қилинганимдир. Яна бир сабаб эса, дўстим Баҳодир Мусаев билан халқ турмуши оғирлашгани акс этган перформенсни ташкил қилганим бўлди. Афтидан ҳокимиятга нисбатан танқидий қарашларим акс этган бу ҳаракатлар секин-аста тўплангани оқибати бўлса керак бунинг сабаби. Бошқа сабаб кўрмаяпман, - дейди Вячеслав Охунов.

Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:24 0:00
Бевосита линк

Ўзбекистон фуқароларнинг хорижга чиқиши тартибига оид меъёрий ҳужжатларга кўра, фуқароларнинг чиқиш визаси сўраб, топширган аризалари икки ҳафта ичида кўриб чиқилиши лозим.

Бу ҳужжатларда муайан вазиятда фуқароларнинг хорижга чиқишига рухсат берилмаслиги кўзда тутилган.

Озодлик мухбири Вячеслав Охунов чиқиш визаси берилмагани сабабини сўраб, Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш Тошкент шаҳар бошқармаси визалар бўлими бошлиғи Улуғбек Саидовга мурожаат қилди.

Улуғбек Саидов бу саволга аниқ жавоб бермасдан чиқиш визаси берилмайдиган ҳолатларни санаб берди холос:

- Қайси ҳолатларда берилмайди? Агар суддан қарзи бўлса, суд бўлаëтган бўлса, жиноят иши қўзғатилган бўлса, давлат тарафидан қанақадир процесс бўлаëтган бўлса, муқаддам судланган бўлсаю судланганлик муддати тугамаган бўлса, берилмайди, - дейди Тошкент шаҳар ОВИР мулозими.

Рассом Вячеслав Охунов давлат ёки бошқа жисмоний шахслар олдида ҳеч қандай қарзлари ёки бажарилмаган мажбуриятлари йўқлиги ва бу мисоллар унга тааллуқли эмаслигини айтади Озодлик билан суҳбатда.

Дунëга танилган рассом Охунов чиқиш визаси бўлмагани учун Ўзбекистон санъатини тақдим қилиш учун қатор халқаро анжуманлар, жумладан Венеция Биенналеси, Миланда шахсий кўргазма ташкил қилиш, машҳур Sothby’s аукцион уйи томонидан Лондонда уюштирилаётган Марказий Осиё тасвирий санъати кўргазмасига бора олмади.

Рассом шу кунларда Ҳамбургда ўтказиладиган дунёнинг энг нуфузли кўргазмаси ва бошқа тадбирларга таклиф қилинган.

XS
SM
MD
LG