Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:51

Водийда муҳожирларни Ўзбекистонга қайтариш ҳаракати бошланди


Фарғона вилоятининг шаҳар ва туманларидан хорижга чиққан меҳнат муҳожирларини Ўзбекистонга қайтаришга қаратилган тарғибот ва ташвиқот ишлари бошланди. Озодлик манбаларига кўра, милиция ходимлари уйма-уй юриб, ота-оналардан муҳожирликдаги фарзандларини қайтаришни талаб қилаяпти. Акс ҳолда катта миқдорда жарима солиш билан таҳдид қилинмоқда.

Сўнгги кунларда Озодликка Россия ва Қозоғистондаги меҳнат муҳожирларидан бир-биридан ташвишли хабарлар кела бошлади.

Меҳнат муҳожирларининг ёзишларича, Ўзбекистондаги уйларига маҳалла оқсоқоллари ва милиция ходимлари келишиб, уларнинг ота-оналарига фарзандларини хориждан чақириб олиш талабини қўймоқда:

“Bugun uzbdan tel qilishib srochna orqaga qayt deb aytishdi, aytishlaricha M.F.Y. Faollari, uchastkavoylar uyma uy yurib, kim xorijda imena rus, qozoqdagilarni, spiska qilib srochna 10 kun ichda uyga chaqirilar, tepadan farmon böldi shu yerda ishga joylemiz diyabdikan. Oshnam kolejda öqtuvchi aytishicha tuman hokimi yig'ilish ötkazib qattiq tayinlabdi”, деб ёзади Қозоғистондан фарғоналик меҳнат муҳожири.

Россиядаги меҳнат муҳожири эса Озодлик билан суҳбатда унинг қўқонлик дўстининг ота-онаси жарима билан қўрқитилганини айтди:

- Мен олтиариқликман, бугун ёнимиздаги объектда ишлайдиган қўқонлик бола обедда олдимизга келиб шунақа деди. Унинг уйларига милиция бориб, ота-онасига боланг уч кун ичида етиб келсин, шу ерда ишласин, агар келмаса, кечиккан ҳар бир куни учун 700 минг сўмдан штраф соламиз, дейишибди. Шунга у бола ҳам кетиш ёки кетмаслигини билмай сиқилиб юрибди,- деди фарғоналик меҳнат муҳожири.

Исми сир қолишини сўраган қўқонлик ҳуқуқшунос, муҳожирларни Россиядан қайтариш компанияси бошланганига бир ҳафта бўлганини айтди:

- Бу фақат Қўқонда эмас, балки бутун водий вилоятларидаги бор гап. Яқинда Бош вазир Мирзиёев келиб, Фарғонада 6 соат мажлис ўтказган ва хорижда ишлаётганларни ҳаммасини рўйхатга оласан ва иш билан таъминлайсан деган. Ўшандан кейин барча корхоналарга буйруқ берилган одамларни ишга оласан деб. Лекин булар берадиган 300-500 минг сўмга ким ҳам ишлайди? Ваҳоланки, улар муҳожирликда камида 2-3миллион сўм ишлаб топишади. Бундан одамларга фақат оғир бўлади, енгиллик эмас,- деди қўқонлик ҳуқуқшунос.

Фарғона вилояти ҳокимлигидан бу масалага муносабат олиш имкони бўлмади.

Хорижда ишлаётган меҳнат муҳожирларини қайтаришга қаратилган тадбирлар Андижон вилоятида ҳам кузатилаяпти.

Россияда ишлаётган андижонлик меҳнат муҳожири ҳам шу мақсадга қаратилган тарғибот ишлари авж олганини айтади:

- Бизда, Қўрғонтепа туманида ҳали “усиленний” бўлгани йўқ. Лекин маҳалла оқсоқоллари ва участка нозирлари болаларингни Ўзбекистонга қайтаринглар деб, тарғибот қилиб юришибди экан. Менинг анча қарзим бор, шуни узишим керак. Лекин шундай бўлса ҳам ота-онам энди болам ишингни йиғиштириб келавер деяпти, - дейди меҳнат муҳожири.

Қозоғистондаги меҳнат муҳожири эса, Избоскан туманидаги масжидларда шундай тарғибот бўлаётганини айтади:

- Маҳалла комитети ва участковойлар келмаган. Лекин мени дадам масжидга боради. Дадамнинг айтишича, имом “четда юрган болаларинг бўлса чақиринглар, келсин, у ёқларда юрмасин” деб тарғибот қилаётган экан,- деди меҳнат муҳожири.

Тошкентлик мустақил журналист Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, Ўзбекистон Президентининг ўтган йили Жиззахда хориждаги “дангасалар” ҳақида айтган гапларидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ва Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси “дангаса”ларни камайтириш учун тарғибот гуруҳлари тузиш борасида махсус дастур ишлаб чиққан:

- Тарғибот гуруҳларига олимлар, шоирлар, ёзувчилар ва жамоатчилик вакиллари киритилиб, дастлаб Фарғона вилоятига юборилди. Улар жойларга бориб одамларни меҳнат муҳожирлигига бормасликка ва фарзандларини чақириб олишга тарғиб қиляпти. Менинг фикримча, бу тарғиботнинг икки сабаби бор. Биринчиси, сўнгги пайтларда Украина ва бошқа мамлакатлар мисолида Россияда юрган 3 миллиондан ортиқ кучга тўлган ва назорат қилинмайдиган кучли бир потенциалдан ҳукумат қўрқяпти. Иккинчидан эса, бу йигитларнинг хориждаги диний оқимларга қўшилишидан чўчияпти. Аслида эса, ҳукумат дунё кўриб келган йигитлар қайтганидан ва бу ерда иш тополмаганидан сўнг бошқа жиддий муаммоларни чиқаришидан хавфсираши керак, деди Абдураҳмон Ташанов.

XS
SM
MD
LG