Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:10

"Ҳайит намозида амри маъруф эмас, “политзанятия” бўлди!"


Тошкентдаги йирик масжидлардан бири саналган “Мирза Юсуф” жомесида ҳайити намози ўқилди.
Тошкентдаги йирик масжидлардан бири саналган “Мирза Юсуф” жомесида ҳайити намози ўқилди.

Тошкентнинг баъзи масжидларига 18 ёшгача бўлган болалар Ҳайит намозига киритилмади. Амри маъруфни тинглаганлар эса уни навбатдаги “политзанятия” деб баҳоламоқда. Масжидларда хавфсизликни таъминлашга жалб қилинган милиция ходимлари ўтган йилларга нисбатан анча кўп бўлди.

Масжидлар намозхонлар билан тўлиб-тошди

Тошкентнинг "Қўйлиқ ота" жоме масжидига Ҳайит намозига борган тошкентлик иқтисодчи Миркомил Тошкандий намозхонлар оқими кўчаларни тўлдирганини айтди:

- Бизнинг масжидда ҳар доим одам кўп бўлади. Бугун ҳам намозхонлар масжидга сиғмай, кўчаларгача чиқиб кетди. Одамларнинг кайфияти яхши, ҳамма бир-бирини табриклади. Намоздан сўнг одамлар турли хил ширинликлар ва совғалар олиб уйларига қайтди, - деди Миркомил Тошкандий.

“Милиция ходимлари намозга келган болаларни ортга қайтарди”

Озодликка келган хабарлардан бирида тошкентлик намозхон масжидларга 18 ёшга тўлмаган болалар қўйилмагани ҳақида ёзди:

“Ҳайитингиз муборак! Жуда кўнгилни хира килган ҳол - Тошкент масжидларида ёш боллар қайтарилиб масжидга киритилмади. Ментлар 18 ёшгача мумкин эмас деб туриб олди. Ахир болаларга Ҳайит байрам бўлмаса, 18 ёшгача динни билмаса оқибати нима бўлади?" деб ёзди тошкентлик намозхон.

Тошкентдаги “Мирза Юсуф” жоме масжиди
Тошкентдаги “Мирза Юсуф” жоме масжиди

Бироқ Озодлик суриштирувига кўра, аксарият масжидларда ёлғиз келган болалар масжидга қўйилмаган. Отаси ёки акаси билан келган болалар масжидларга киритилган.

Ҳамза туманидаги "Абу Бакр" масжидига Ҳайит намозига борган 64 ёшли пенсионер Абдуқаҳҳор Мусаевнинг айтишича, баъзи масжидларга ёш болалар умуман қўйилмаган, баъзиларида катталар ҳамроҳлигида киритилган:

- Бизларда масжидга ёш болалар кирди. Лекин танишларимнинг айтишларича, "Яланғоч" маҳалласидаги масжидга ёш болалар умуман қўйилмапти, - деди пенсионер.

"Хасти Имом"да муфтий Усмонхон Алимов хутба ўқиди

Тошкентдаги "Хасти имом" масжидида Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий Усмонхона Алимов маъруза қилди. Муфтий масжид қавмини араб диёрлари ва Украинадаги вазиятдан огоҳ бўлишга чақирди. Бу йил ҳам Ҳайит намозида намозхонлар кўп бўлди.

“Милиция одатдагидан анча кўп бўлди”

Абдуқаҳҳор Мусаевнинг айтишича, бу йилги ҳайит намозининг хавфсизлигини таъминлашга ҳаддан ортиқ кўп милиция ходими ташланган:

- Мен шу ёшга кириб мелисанинг бунча кўп келганини кўрмагандим. Ҳар йили 4-5та бўларди, бу йил эса ҳар ўн метрда биттадан мелиса, бир 30тами 40та бўлса керагов. Ҳеч бунақа бўлмагандида, мен айтдим бутун полкни олиб келганми деб, - дейди Абдуқаҳҳор Мусаев.

“Самарқандда масжидда милиция одамларни обдон текширди”

Самарқанднинг Сартепа мавзесидаги масжид
Самарқанднинг Сартепа мавзесидаги масжид

Озодликнинг Самарқанд шаҳридаги манбасига кўра, Сартепа мавзесидаги масжидга келган намозхонларнинг эгни-боши текширилгандан сўнг ичкарига киритилган:

- Масжидга келадиган барча йўллар эрталабдан ёпилди. Масжидга кирадиган ҳар бир одамнинг чўнтаклари пайпаслаб кўрилди, жойнамоз солинган пакетлар ҳам очиб текширилди. Намозда одам жуда кўп бўлди, - деди самарқандлик манба.

Маърузалар амри маъруф эмас, “политзанятия” бўлди

Озодлик манбаларига кўра, Ҳайит намози олдидан қилинган имомларнинг маърузалари диний мавзудан кўра кўпроқ сиёсий машғулотларни эслатди.

Тошкентлик пенсионер Абдуқаҳҳор Мусаевнинг айтишича, имомлар одамларни қийинчиликларга сабр ва шу кунларга шукр қилишга даъват қилишмоқда:

- Бизнинг имомлар қанақа сиёсат бўлса, ўша йўлдан юришадида. Бошлади маърузани: "Етимга ёрдам беряпмиз, ногиронга ёрдам беряпмиз, ҳукуматга мингдан минг раҳмат. Мана Украинада нималар бўляпти, президентимизга раҳмат, шу кунларимизга, тинчликка шукр қилинглар!" Худди бизнинг телевидениедаги гапларнинг ўзи, ҳаммаси гўёки михдай. Мен ичимда айтдим “мана бугун 28 июль лекин ҳали пенсияни бергани йўқ” деб, - деди Абдуқаҳҳор Мусаев.

Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги масжидда Ҳайит намозини ўқиган Абдурауфнинг айтишича, имом маърузаси кўпроқ ҳукумат сиёсати ҳақида бўлди:

- Огоҳ бўлинг, бизнинг тинчлигимизни кўролмаётганлар бор, тинч юрганимизга шукр қилайлик қабилидаги гаплар бўлди, холос. Диний мавзудаги маъруза бўлмади, шунчаки заказ қилинган маъруза бўлди, десак бўлади, - деди Абдурауф.

XS
SM
MD
LG