Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:10

Тожикистонлик опа-сингил хонандалар Умра зиёратида ҳижоб кийди


Тожикистонлик таниқли опа-сингил хонандалар Шабнами Сурайё ва Фарзонаи Хуршид Умра зиёратига кетгани боис, уларнинг катта саҳнага қайтиши савол остида қолмоқда. Опа-сингиллар ҳижобда тушган суратларини ижтимоий тармоқларда тарқатди ва натижада, уларнинг саҳнага қайтмаслигини башорат қилганлар кўпаймоқда.

Опа-сингил санъаткорлар Шабнам ва Фарзонанинг ҳижобда тушган сурати Фейсбук ижтимоий тармоғида пайдо бўлганидан сўнг, уларнинг мухлислари орасида "бу санъаткорлар энди баъзи ашулачилар каби Ҳаждан сўнг қўшиқ айтишдан воз кечадими ёки йўқ?" деган баҳсу бошланди.

Шабнам ва Фарзонанинг онаси, таниқли қўшиқчи Сурайё Қосимова қизларининг катта саҳнага ҳижобда қайтишини тахмин қилади:

“Ҳаж ҳар бир мусулмоннинг орзуси, албатта. Бироқ улар кетишидан олдин биз анча маслаҳат қилган эдик. Бугун менга қизлар телефон қилиб, Худонинг уйини зиёрат қилганидан хушбахт эканликларини айтишди. Бундан сўнг қизларнинг кийнишида озгина ўзгариш бўлади. Балки энди улар саҳнага рўмолсиз чиқмас. Улар ҳали ёш, тирикчилиги шу касби ортидан ва бу касбни давом эттиришади, деб ўйлайман. Уларнинг саҳнага мувофиқ шаръий кийимлари бўлади, албатта”, деди Сурайё Қосимова.

Санъаткорнинг айтишича, Каъбани зиёрат қилган қизлар бундан кейин ҳар бир қадамини ўйлаб босади.

Шу пайтгача опа-сингил санъаткорларнинг ҳатти-ҳаракатлари ва енгил юпун кийиниши тожик жамиятида бир қанча баҳсларни уйғотиб келаётган эди. Хусусан, ярим яланғоч Фарзонанинг шаҳвоний кийимлардаги қизлар даврасида айтган “Ёрам” қўшиғининг клипи жиддий эътирозларга сабаб бўлган.

Бироқ, опа-сингилларнинг ҳижобда тушган суратлари ижтимоий тармоқларда бирданига пайдо бўлиши мухлисларни ҳайратга солди. Мухлисларни энди кўпроқ опа-сингилларнинг бундан сўнг шариат қоидаларига қанчалик риоя қилиши қизиқтира бошлаган.

Тожикистонлик мусиқашунос Оятуллоҳнинг айтишича, таниқли санъаткорларнинг ўз ҳаёт тарзини ўзгартириши осон эмас:

“Санъаткорлар ўзларига хос эркин турмуш тарзига эга, лекин уларнинг Ҳаж зиёратини мақсад қилгани, Худонинг олдида тавба қилишларини олқишлаш керак. Аслида бу зиёратга борган ҳар бир одамнинг қалбида ўзгача бир ҳиссиёт пайдо бўладики, балки бу уларнинг қалбида ислом ва шариатга муҳаббат пайдо бўлганидандир. Биз жуда кўп санъаткорларимиз Ҳаж зиёратига борганидан сўнг саҳнадан воз кечганлигини яхши биламиз”, деди Оятуллоҳ.

Тожик санъатчилиги тарихида Меҳрубони Равшан, Афзалшоҳи Шодий, Хайриддини Бозор, Жўрабек Муродов сингари таниқли ашулачилар Ҳаж зиёратидан сўнг “Ҳожи” унвонини олиб, тақвоси билан санъатда қолган.

Бироқ таниқли санъаткор Маликаи Саидзод 2010 йилда “ҳожи она” бўлганидан сўнг ҳижобда қолган ва саҳнани бутунлай тарк этган эди. Айни пайтда у тадбиркорлик билан шуғулланади.

XS
SM
MD
LG