Ўзбекистон Молия вазирлиги мамлакатнинг еттита олийгоҳида талабаларга 200 миллион сўмдан зиёд стипендия пули ортиқча берилганини аниқлади. Озодлик манбаларига кўра, ушбу олийгоҳлар Таълим вазирлигининг аълочи талабалар сонини қисқартириш талабини бажармаганликда айбланмоқда.
Ўзбекистон Ҳисоб палатаси ва Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бош бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган текширув натижасида мамлакатдаги еттита олий ўқув юртида талабаларга асоссиз равишда стипендия берилгани аниқланди.
ЎзАнинг 24 июлдаги хабарига кўра, талабаларнинг ўзлаштириши сунъий равишда ошириб кўрсатилгани натижасида, жумладан, Тошкент педагогика университетида 105,6 миллион сўм, Ўзбекистон жаҳон тиллари университетида – 43,2 миллион сўм сўм бюджет ҳисобидан ортиқча стипендия тўланган.
Шунингдек, Тошкент вилояти педагогика институтида – 20,2 миллион сўм, Нукус педагогика институтида – 16,9 миллион сўм, Қўқон педагогика институтида – 9,2 миллион сўм ортиқча стипендия тўланган.
Ушбу текширувлардан хабардор Озодлик манбасига кўра, еттита олийгоҳда аълочи талабалар сони Ўзбекистон Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги талаб қилган меъёрдан зиёдлиги аниқланган.
Манба аниқлаган маълумотга кўра, эндиликда еттита олийгоҳ талабаларига тўланган 200 миллион сўмдан зиёд пул бюджетга қайтарилади.
“Аълочи талабалар сони кўп бўлган бу олийгоҳларда. Бюджетдан ва бюджетдан ташқари маблағдан ортиқча стипендия берилган. Бу пулни талабага аъло баҳо қўйган домла ва стипендия тайинлашга масъул бўлган институт раҳбарларидан ундириб олинади”, деди манбамиз.
Кейинги олти йил давомида Ўзбекистон олийгоҳларида аъло баҳога ўқийдиган талабалар сонини камайтириш амалиёти кузатилмоқда.
Бу тадбир орқали аълочи талабаларга бериладиган стипендия пулини тежаб, бюджетдан стипендия учун кампоқ пул сарфлаш режалангани айтилади.
Мамлакат олийгоҳларидан бирининг ўқитувчисининг исмини сир қолиш шарти билан айтишича, аъло баҳо қўйиш учун чеклов ҳар бир олийгоҳда норасмий кўринишда мавжуд.
- 5 баҳо учун чеклов бор. Бу энди раҳбарият томонидан ошкора айтилмайди, лекин “5ни кам қўйинглар, 5 кўпайиб кетса, стипендияга ажратилаётган маблағлар кўпайиб кетилади”, дейилади. Шунинг учун кўп 5 баҳо қўйсангиз, домлаларни текшириш бошланади. Тўғри балл қўйдими, нотўғри қўйдими текширишади. Шуни ҳисобга олиб, домлалар бир неча йилдан буён кўп 5 қўймайдиган бўлди. Кўпроқ шу 4 ёки 3 қўяди. Бутун группада 30 та бола бўладиган бўлса, фақат 4-5 болага 5 қўйилади, ошиқча қўйилмайди. Шунақа бир норасмий жараён бор. 4-5 йил олдин 10та, 15 та талабага 5 қўйилар эди. Лекин ҳозир қаттиқ турибди. Пул етишмовчилиги орқасидан 5ни камайтиринглар деб кафедра мудирлари айтади, йиғилишларда айтади. Шуни орқасидан 5лар сони секин-секин камайтириб, 4-5тага туширилди ,- деди олийгоҳ домласи.
Ўтган йилнинг 15 декабрида иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар ошганидан сўнг талабалар учун ўрнатилган тарифга кўра, "аъло"га ўқийдиган талаба ўртача 330 минг сўм, "яхши" баҳога ўқийдиган талаба 230 минг сўм, "қониқарли"га ўқийдиган талаба 150 минг сўм атрофида стипeндия олади.
Агар бир институтда тахминан 4000 талаба ўқиса ва улардан 100 нафари аълочи талабанинг стипендиясини олса, уларнинг бир ойлик стипендияси 33 миллион сўм бўлади.
Агар аълочи талабалар сони 50 нафарга қисқартирилиб, уларга “яхши”га ўқийдиган талабанинг стипендияси берилса, бир ойда 5 миллион сўм тежаш мумкин.
Агар мамлакатда фаолият юритаётган 60та олийгоҳ ўртача 50 нафар аълочи талабани қисқартирса, бир ойда тахминан 300 миллион сўм, бир йилда эса 3 миллиард 600 миллион сўм маблағ тежалиши мумкин.
Бу фақат тахминий ҳисоб-китоб. Аслида, иқтисодчилар тахминича, маблағ етишмаслиги боис 2008 йилда бошланган аълочи талабалар сонини қисқартириш тадбири ортидан йилига бундан ҳам кўпроқ пул тежалмоқда.
Талабалар стипендияси билан боғлиқ яна бир ҳолат: Сўнгги йилларда мамлакатда кузатилаётган нақд пул танқислиги ортидан талабаларнинг стипендиялари пластик карточкага ўтказиб берилмоқда. Стипендияларнинг ўз вақтида берилмаслиги эса одатий кўриниш касб этмоқда.
Айни пайтда Ўзбекистон Марказий Банки расмийлари мамлакатда нақд пул тақчиллигини инкор қилиб, умуман, бюджет маблағи билан боғлиқ муаммо йўқлигини таъкидлаб келади.