Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:08

Москвада 4 ой кўчада қолган 9 яшар самарқандлик қизалоқ топилди


Москвада топилган 9 яшар Наргизанинг ота-онаси қидирилмоқда. Уни ўз назоратига олган Москва шифохонаси маъмурияти қизалоқ Самарқанддан экани, Мадина исмли онаси автоҳалокатда нобуд бўлгани ва сўнгги 4 ой давомида тиланчилик қилиб кун кечириб юрганини гапирмоқда.

“ВКонтакте” ижтимоий тармоқлари фойдаланувчиларидан бири 27 июль куни Москва вилоятининг Мосрентген шаҳарчасида қаровсиз юрган ўзбекистонлик қизчани топиб олгани тўғрисида хабар тарқатди.

Қизчанинг исми Наргиза экан, фамилияси номаълум, 9 ёшда, қорачадан келган, сочининг ранги – қизғиш, ўнг қаншари устида чандиғи бор, кўчада 4 ой яшаган”, дейилади хабарда.

Наргизани кўчада топиб олган ва полиция ходимларига топширган москвалик Тимур Озодлик билан суҳбатда қизчанинг яқинларини қидираётганини гапириб берди.

- Мен оилам билан ташқарида сайр қилиб юргандим. Бир вақт ён қўшним бир қизчани етаклаб келди. Қизча нимадандир қўрқиб кетган, қўшни аёлга ёпишиб олган, “Мени полицияга топширманг!” деб турибди. Мен ўша ердаги ўзбек йигитларни чақириб у билан суҳбатдан аниқладимки, Самарқандда ака-сингиллари бор, бу ерда 4 ойдан бери кўчада юрган экан. Кўринишидан жуда абгор ҳам эмас. Уни шу ердаги чиқинди ташланадиган баклардан бирида китоб-дафтарларни олаётганда кўриб қолишибди. У онаси автоҳалокатда ўлиб кетгани, отаси бундан анча олдин ўлиб кетганини айтди. Онасининг исми Мадина экан, - дейди қизалоқнинг тақдири билан қизиқиб қолган Тимур.

Асли Чирчиқдан эканини гапирган бу шахс қизалоқни яқинлари топилгунгача ўз қарамоғига олишга тайёрлигини айтади.

Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:56 0:00
Бевосита линк

“Энг ҳайратлиси – 9 ёшдаги қизчанинг ўз фамилиясини билмаслигида. Шу сабабли мен унинг фотосуратини олиб ён-атрофга ёпиштириб чиқмоқчиман”, дея давом этади Тимур.

- Мен икки соат олдин Сперанского номли болалар шифохонасига борган эдим, уни 21 шифохонага олиб кетишибди: унга бироз кийим-кечак бериш, уни фотосуратини олиб, ижтимоий тармоқққа ташлаш учун. Кеча кечаси ҳам полиция бўлимига боргандим, уни кўрувдим – ухлаб ётган экан оёқларини йиғиб стулда. Сок-печеньелар олиб келгандим, уйғотишга раҳмим келди. Ҳозир мен эълон тайёрлаб атрофдаги бозор-кўчаларда осиб чиқмоқчиман, самарқандлик танишларга айтяпман. Болани болалар уйига бериб бўлмайди, чунки унинг ҳаёти бузилиб кетади, - дейди Тимур.

Тимур болани қидириб шифохонага борганида Наргизани унга кўрсатишмагани, шифохона ходимларидан бири “Нима қиласан, ўзбекнинг боласини – вокзалга бориб рус болачаларига ёрдам берсанг бўлмайдими?” деган сўзларидан ҳайратга тушгани ва кийим-кечакларни бера олмасдан ортга қайтганидан афсусланди.

Озодликнинг аниқлашича, 28 июль куни эрталаб Наргиза маҳаллий полиция бўлимидан Москванинг Свиблово туманида жойлашган болалар шифохонасига жўнатилган.

Шифохона ходимаси қизалоқни бит босгани ва у бироз муддат карантинда сақланишини билдирди.

- Ҳа олиб келишди. Кўринишидан туппа-тузук, лекин кирланиб кетган.Ўзбекистондан экан, ота-онам ўлган деяпти, ҳатто фамилиясини билмайди. У бир ҳафталарча бизда қолади, биз уни текширувдан ўтказамиз, анализларини оламиз, агарда ота-онаси топилмаса – Алтуфьеводаги болалар уйига юборилади, - деди шифохонанинг ўзини таништирмаган ҳамшираси.

21-сонли Болалар шифохонаси шифокор-психологи Анастасия Селезнева Озодликка бола кўздан кечирилганида ҳақиқатан анчадан бери кўчада юргани, ҳатто битлаб кетганини билдирди.

- Кўча боласи... Педикулези бор экан. Анчадан бери кўчада қаровсиз юргани аниқ. Биз кеча сочларини қисқартириб бироз эпақага келтирдик. У ота-онаси автоҳалокатда ўлгани, Ўзбекистонда акаси ва момоси яшаётганини айтди. Шунингдек, бу ерда бошқа қариндошлари йўқлиги, Шчелковское метро бекати атрофида яшашганини билдик. Қизалоқ бироз ривожланишдан тўхтаган, шу сабабли ҳатто фамилиясини билмайди. Ота-онаси жуда оддий одамлар кўринади. Оддий бола, қўғирчоқ уйнаб ўтирибди. Русча гапиради, лекин русча сўзларни битта-битта ишлатади. Қизиғи, ўз тилида умуман гапирмаяпти, - дейди Анастасия Селезнева.

Наргизани ҳозирча “ёввойи Маугли” каби ўзини тутаётганини гапирган даволовчи врач ўзбекистонлик қизча бир-икки кун ичида бироз ўзига келиб қолиши ва ўзи ҳақида яна бошқа маълумотларни бериб қолиши мумкинлигини маълум қилди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:55 0:00
Бевосита линк

Самарқанддан бўлгани, онасининг исми Мадина экани ва бола қорачадан келганини ҳисобга олиб, “Қизча тожик оиладан бўлиши мумкинми?” саволимизга шифокор Анастасия Селезнева:

- У бир-икки маротаба акаси ва момоси “Тожикистонда”, кейин “Йўқ, Ўзбекистонда” деб тўғрилаб олди. Лекин кўринишидан у кўпроқ дарҳақиқат тожик қизчага ўхшаб кетади. Бола даволанишдан кейин Алтуфьеводаги болалар уйига ўтказилади. У ердаги ижтимоий бўлим ходимлари тегишли элчихона ёки ваколатхонага билдиришнома юборади. Агарда ҳақиқатан қизчанинг яқинлари Ўзбекистондан топилса у ўша ерга жўнатилади, - деди.

Шифохона раҳбарияти Озодлик орқали Наргизани таниган ёки билганларни бевосита 21 сонли шифохонага ёки Алтуфьеводаги Болалар Уйига мурожаат қилишларини сўрамоқда.

Озодлик Наргизанинг кейинги тақдирига оид маълумотларни бериб боради.

XS
SM
MD
LG