Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:07

Ўзбек олимлари Ироқда Юнус пайғамбар қабри бузилганини қоралади


Мосулдаги Юнус пайғамбар масжиди вайроналари
Мосулдаги Юнус пайғамбар масжиди вайроналари

Суриянинг Халаб вилоятидан Ироқнинг Дияла вилоятигача бўлган ҳудудда халифалик ўрнатганини эълон қилган "Исломий давлат" жангарилари рамазоннинг охирги кунларида Мосулда Юнус пайғамбар ва халифа Умар неварасининг қабрини вайрон қилди.

Ҳафта бошида дунё мусулмонларини жиҳодга чорлаган "Исломий давлат" гуруҳи Ироқ ҳудудида сўфийларга оид иморат ва қадамжоларни бузиб ташлади.

Озодликнинг Ироқдаги мухбирларига кўра, Мосулдаги Биби Марям черкови ва қадимги Оссурия ëдгорликлари ҳам портлатилган.

Бундан олдин жангарилар бастакор Усмон ал-Мосулий ва машҳур араб шоири Абу Таммомга Мосулда ўрнатилган ҳайкалларни ағдариб ташлаган эди.

Ироқнинг Мосул шаҳаридаги қадимий ëдгорликлар бўйича тадқиқот олиб борган исломшунос олим Петр Кубалек жаҳон аҳамиятига молик қадимий ëдгорликлар вайрон қилинганидан ташвиш билдирди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:42 0:00
Бевосита линк

Исломшунос олим Петр Кубалек
Исломшунос олим Петр Кубалек

Озодлик билан суҳбатда Петр Кубалек Ироқ ва Сурия ҳудудида Исломий давлат эълон қилган жангарилар тарафидан сўнгги бир ҳафта бузиб ташланган обидаларни бир бир санади:

- Маданий ëдгорликларнинг бузилиши Мосул шаҳрида кўп кузатилди. Мосулдаги Юнус пайғамбар қабри ва масжиди портлатилди. Шу билан бирга Одам алайҳиссаломнинг учинчи ўғли Шис пайғамбарнинг қабри ҳам вайрон қилинди. Учинчиси, Жиржис пайғамбар қабрининг портлатилишидир. Жиржис пайғамбарни насронийлар муқаддас Георгий деб эҳтиром қилишади. Тўртинчиси, улуғ сўфий олим Абу Улонинг мақбараси бомбаланди. Бешинчиси, Мосулдан чеккароқдаги Махмур шаҳарчасида халифа Умарнинг невараси - Абдуллоҳ Ибн Исомнинг қабри вайрон қилинди. Идрис пайғамбар қабрига ҳам динамит жойлаштирилиб портлатишга тайëр қилиб қўйилган, - дейди Озодлик билан суҳбатда Петр Кубалек.

Олимнинг айтишича, Мосулдаги Биби Марям черкови, Мосул тимсоли бўлган қадимий қийшиқ минора ва Оссурия даврига оид обидалар ҳам вайрон қилинган.

Бу обидалар вайрон қилиниши юзасидан сешанба куни ЮНЕСКО хавотир билдирди.

Озодликка маълум бўлишича, Ироқдаги қадимий обидаларни бузаëтган жангарилар ўзларини "салафийлар" деб билишади ва бундай қадамжолар бидъат ўчоғига айланиб кетгани учун бузиб ташлаëтганини интернетга юкланган видеолавҳалар воситасида билдиришди.

Радикал қарашдаги диндорлар мантиғидан келиб чиқиладиган бўлса, Ўзбекистондаги Шоҳимардон¸ Шоҳи Зинда ва Хоразмдаги Паҳлавон Маҳмуд мақбаралари ҳам бузиб ташланиши лозим.

Сурия низосидан олдин бу мамлакатда таҳсил олган ўзини Абу Мустафо деб таништирган 39 яшар ўзбек олими (камтарлик юзасидан ўзини илми толиб деб атади) бундай бидъат ўчоқларини Ўзбекистонда бўлса ҳам бузиб ташлаш керак, деган фикрда собит:

- Ширкка сабаб бўладиган қабрларнинг бузилиши Ислом аввалида ҳам бўлган. Бугун бузилган қабрларнинг кўпи сохта экани ва ширкка сабаб бўлгани боис бузиб ташланганини мақуллайман¸ - деди суҳбатдош.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:52 0:00
Бевосита линк

Айни мунозарада иштирок этган ва ҳозир Швецияда яшаëтган қочқин, Қорақалпоғистондаги "Аламли Бобо" масжиди собиқ имоми Муҳаммадсолиҳ Обутов Ироқда пайғамбарлар қабрининг вайрон қилинишига қарши эканини баëн қилди:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:36 0:00
Бевосита линк

- Мен қаршиман бу портлатишга. Ширк муаммосини портлатиш йўли билан эмас, маърифат йўли билан ечиш лозим, - деди суҳбатдош.

Озодлик билан суҳбатда таниқли ëзувчи Нуриллоҳ Муҳаммад Рауфхон ҳам муаммони маърифат йўли билан ҳал қилиш тарафдори эканини изҳор қилди.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон: Ироқда тугул, ҳамма ерда мозорларга халқнинг сиғинишига ҳам, сиғинмасин деб уларни бузишларга ҳам қаршиман.

Озодлик: Биздаги маълумотларга кўра, Юнус ва Шис пайғамбарларга оид деб ишонилган қабрлар¸ Марям она мачити ва яна бир неча мачит миноралари билан бирга портлатиб юборилди. Кеча халифа Умар набирасининг қабрини ҳам портлатишди. Идрис пайғамбар мажмуасини бурғулаб динамит қўйиб ер билан битта қилишга шайлаб қўйишди. Бу ишларни салафийлар қиляпти. Уларнинг қилмишларига диний ё мантиқий бирон изоҳ борми?

Н.М.Р. Мен диний олим эмасман, уларнинг ишига диний баҳо бериш менинг ишим эмас. Мен бир ёзувчи ўлароқ ўзимнинг мулоҳазаримни билдираман.

Ироқда бу ишларни қилаётганлар салафийми, бошқами ‒ мен билмайман. Умуман, уларнинг кимлиги ҳақида менинг тасаввурим йўқ. Телевидение хабарларида кўрдим. Бирдан пайдо бўлди, бирдан Ироқнинг учдан бир қисмини, ҳатто Суриянинг катта бир бўлдагини қўлга киритди, бирдан халифалик эълон қилди. Мени ҳайрон қолдирган нарса ‒ дунёда кечайтган ҳар бир ишга бурнини суқишни вазифаси деб билиб қолган Америкадай давлат бошида ҳатто уларнинг ёнини олгандек бўлди. Ироқ бош вазирига танбеҳ бериб: “Нимага улар билан келишиб, биргалашиб ишламадинг”, дегандек пўписалар қилди. Сўнг жим бўлиб қолди, ҳозиргача бир нарса демаяпти. Ё мен эшитмадимми... Бу ёқда Исроил ҳам

буткул жим. Халифалик қуриладию уларнинг жим туриши асло ақлга сиғмайди. Бунақа ҳодиса юз берса, оламга ноғора қоқиб дод-вой солишга ўрганган Оммавий ахборот воситалари ҳам деярли бир нарса демаяпти. Кейинги кунларда ҳатто у ҳаракат ҳақида жуда кам маълумот тарқатиляпти.

Хуллас, бу томонлардан қаралса, турган-битгани шубҳали ҳаракат. Шунинг учун уларни бир сўз билан “салафийлар” дейишга асосимиз йўқ. Ҳатто ўзлари “салафиймиз” деса ҳам.

Ҳаракатнинг ўзи шубҳали бўлгани сингари, қилаётган ишлари ҳам шубҳали ва янглиш. Одамлар мозорларга сиғинадиган бўлиб кетган бўлса, мозорларни портлатиш шартмас, одамларнинг ақидасини илм билан ўнглаш керак. Шу йўл яхши самара беради. Улар танлаган услуб фитнадан бошқа нарсага олиб келмайди.

Иккинчидан, қурганлари чинакам халифалик, “тайинлаганлари” чинакам халифа бўлганида биринчи галда Фаластиннинг ҳимоясига отланиб чиқишлари, Исроилга қарши уруш очишлари керак эди. Чунки айни шу кунларда Ғазода Исроил ёғдираётган бомбалар остида кунига юзлаб мусулмон ‒ тинч аҳоли қирилиб кетяпти. Улар нима қиляпти? На бир амалий ҳаракат кузатилди, на бирон баёнот бергани эшитилди. Бунинг ўрнига, саҳнада пайдо бўлган кунидан бери мусулмонларга қарши урушяпти, мозор ва мачитларни портлатяпти.

Динни тозаламоқчимиз деган ниятлари ҳам уларнинг ишларини оқламайди. Дин ўзи тоза, ҳамма кир амалдадир. Диний амал эса бир кунда кирланмади, бир кунда тозаланмайди ҳам.

Озодлик: Ўзбекистонда ҳам диний кескинчилик эҳтимолий хатар эканини ҳисобга олсак, шунақа натижани кутса бўладими? Дейлик, кескинчилар ҳокимиятга келса, Регистон майдони бузиб ташланадими? Бундай истиқболга қандай қарайсиз?

Н.М.Р. Биринчидан, мен Ўзбекистонда Ироқдаги каби диний кескинчилар бор деб ўйламайман. Иккинчидан, нимага Регистон бузилиши керак? Ҳеч ким у ерга бориб сиғинаётгани йўқ. Тўғри, "Шоҳи зинда"да улуғларнинг қабри бор, лекин халқимиз у ерда ҳам биронта мозорга сиғинаётганини кўрмайсиз. Битта-иккита жоҳил киши, айниқса, айрим аёллар авлиё зотларнинг гўрини тавоф қилаётган бўлса бордир, аммо омматан сиғиниш йўқ. Имомлар зиёрат одоби ҳақида тинимсиз эслатиб туради, махсус “Эслатма”лар ёзиб-ёпиштириб қўйилган.

Қолаверса, халқимиз юмшоқтабиат халқ, кескинликни кўтармайди, мозорларни бузишга йўл бермайди. Авлиёларнинг қабрига сиғинаётган ўша айримлар ҳам билмаганларидан қиляпти, уларга илм етказилса, қайтади. Чунки биронта пайғамбар ёки авлиё қавмини мозорига сиғинишга буюрмаган, аксинча, бу ишдан қайтарган.

Нима демоқчиман?

Мозорларни ё қадамжоларни бузмасдан ҳам, илм ва тушунтириш билан одамларнинг ақидасини ўнгласа бўлади.

Ақида юракда бўлади, онг (ақл) уни доим қўриқлаб туради. Мозорни портлатган билан ақидаси бузуқ юракда ва онгда у “сиғиноқ”ларнинг акси қолаверади ва замон ўзгариб, сиёсат сал сусайса, одамлар эски ўринларида у "қадамжо"ларни қайтадан тиклаб олаверади. Шунинг учун биринчи галда юракни ва онгни тарбиялаб-ўнглаш, тўғри ақидани сингдириш керак. Бу иккиси ўнгланса, у “сиғиноқ” мозорлар бузилмай ўрнида турса ҳам, биров уларга сиғинмайди, иншаоллоҳ.- дейди таниқли ëзувчи Нуриллоҳ Муҳаммад Рауфхон.

Суҳбатдошимиз Нуриллоҳ Муҳаммад Рауфхон ўтган асрнинг 90 йилларида "Исломий маданият" газетасини ташкил қилган. 1999 йилдан 2013 йил охиригача "Ҳидоят" журнали бош муҳаррири¸ "Мовороуннаҳр" нашриëтининг бош директори бўлган.

Ўзбекистонлик таниқли рассом¸ академик Рауф Қўзиев Ироқдаги пайғамбарлар қабрининг бузилиши масаласида ўз танқидий қарашини тариҳдан мисоллар келтириб таъкидлади:

- Истанбулдаги Ая София черковида ичидаги Биби Марям ва насроний динига оид бошқа монументал тасвирларнинг асралганини ўзи ижобий мисол. Буюк ëзувчи Лев Толстой иборасини эслайлик: “Динни бир ҳайкалга қиëслайдиган бўлсак¸ ҳар қандай ҳайкал ҳам вақт ўтиб чанг¸ қурум¸ бўëқ қатлами остида аста-секин асл қиëфасини йўқотиб ноаниқ кўриниш олади ва пировардида, уни турлича тасаввур қилишга йўл очади”. Бу фикрдан келиб чиқсак, ҳатто саҳобалар ҳайратланиб¸ лекин қўл теккизмай кетган ўша даврлардан буëн ҳеч бир мусулмон зиëн-заҳмат етказмаган Бомиëндаги Будда ҳайкали нега портлатилди, деган саволга жавоб чиқади. Ваҳший толиблар бу ҳайкални портлатиб юборишган эди. Мана энди Ироқда тўсатдан пайдо бўлган "a ля мусульман" гуруҳлар динимизнинг шаклини олиб, амалда бу дин мазмунига қарши иш қилмоқда, - дейди суҳбатдош.

Самарқандда туғилган ва ҳозир Германияда яшаëтган ўзбек журналисти Анвар Усмонов ëшлик хотираларига таяниб, Ўзбекистонда диний тоқатсизлик учун замин йўқлигини айтади:

- Мен ëшлигимда Самарқанд шиалари ўзини занжир билан уриб, баданини мих билан тирнаб, ибодат қилганини кўрганман. Лекин сунний мусулмонлар уларнинг бу ибодатига ҳалал беришмаган. Бир шаҳарда армани¸ яҳудий¸ насроний ва мусулмонлар аҳил-тотув яшашган. Бизга ота-боболардан мерос бўлган Шоҳи Зинда¸ Шердор каби тарихий обидаларни қайсидир мафкурага тўғри келмагани учун бузиб ташланиши эҳтимоли Ўзбекистонда жуда оз деб биламан, - дейди суҳбатдош.

Бузғунчилик силсиласи

Озодликнинг Мосулдаги мухбир Абдулла Башар кейинги бир неча ҳафта ичида вайрон қилинган обидалар ҳақида бизга батафсил маълумотлар жўнатди.

Июнь ойининг сўнггида Тал-Афар шаҳридаги шиаларга оид қадимий зиёратгоҳ ва 3 йирик масжид портлатилди.

Мосулдаги Юнус Пайғамбар мақбараси халифалик жангариларининг илк нишонига айланди. Мақбара 24 июль куни вайрон қилинди.

Мосулдаги Шис пайғамбар мақбараси 25 июль куни портлатилди. Нух давридаги тўфондан ҳам зарар кўрмаган бу мақбарада Одам Отанинг учинчи ўғли Шис пайғамбар кўмилганига ишонилади.

Озодликка маълум бўлишича кейинги тўрт кун ичида Жиржис пайғамбар мақбараси ва насронийларнинг Марям она черкови ҳам вайрон қилинган.

Мосулнинг ташриф қоғози бўлган Ал-Ҳадба минораси эса жангариларнинг навбатдаги нишони экани айтиломоқда. Пиза минорасини эслатувчи бу қийшайган минора меъморлик обидаси ҳисобланади ва Юнеско рўйхатига киритилган.

Озодлик мухбирига кўра¸ шу кунларда мосулликлар Ал- Ҳадба минорасини жангарилар ҳужумидан сақлаш учун жонли ҳалқа билан ўраб олишган.

Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:17:47 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG