Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:10

Эски заëмга кам пул берилганидан норозилар банкларни ўраб олишди


4 август куни Ўзбекистоннинг турли шаҳарларидаги “Халқ банки” бўлимлари олдига тўпланган аҳоли 1992 йил чиқарилган 12 фоизли облигациялар қийматининг озлигидан норозилик билдирмоқда. Заëм эвазига қайтариладиган пулнинг нақд берилмасдан пластик карточкага ўтказилиши ҳақидаги хабар ҳам облигация эгаларининг жаҳлини чиқарди.

Озодлик манбаларига кўра¸ Нукуснинг Ғаразсизлик кўчасида жойлашган “Халқ банки” биноси олдига душанба куни аксарияти қариялардан иборат 500га яқин одам тўпланиб, эски заëм эвазига қайтадиган пул озлигидан норозилик билдирган.

Озодликка маълум бўлишича Тошкент¸ Самаранд¸ Бухоро¸ Фарғона ва Наманган вилоятларидаги банклар олдида ҳам эски заëм эвазига қайтадиган пул озлигидан норози бўлганлар тўпланган.

Ўзбекистон ҳукумати 1992 йилдаги 12 фоизли ички ютуқли заём облигациялари бўйича индексация коэффициентини белгиланидан кейин облигация эгалари пулини олиш учун банкларга боришган.

Облигациялар индексацияси ҳақида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 31 июлдаги қарорида айтилган.

Озодликнинг Халқ банкидаги манбаларининг айтишича¸ 1994 йил июлидан 2014 йил июлигача энг кам ойлик иш ҳақи 1373 марта ошганини ҳисобга олиб, заём облигацияларига 1,373 сўм (1 рубль : 1,373 сўм) миқдорида индексация коэффициенти белгиланган.

Озодлик манбалари таъкидига кўра, Ўзбекистондаги Халқ банкининг масъул бўлинмалари аҳолидан қабул қилинган заём облигациялари юзасидан тўловларни бошлаган.

Пул маблағларини индексацияни ҳисобга олган ҳолда 1 августдан 30 ноябргача тўлаб бериш режалаштирилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 6 апрелда қабул қилинган 165-сонли қарорига асосан, аҳоли ўртасида тарқатиш учун 1992 йилги 12 фоизли ички ютуқли Ўзбекистон облигациялари чиқарилган.

Облигацияларнинг муддати 20 йил этиб белгиланган бўлиб, улар учун тўловларни 2014 йилнинг 1 июлигача талаб қилиш белгиланган эди.

Шу йилнинг 5 март куни қабул қилинган Вазирлар Маҳкамаси қарорида "Давлат томонидан қабул қилинган мажбуриятларни сўзсиз бажариш, фуқаролар жамғармаларининг кафолатли ҳимоясини таъминлаш, аҳоли ишончини мустаҳкамлаш мақсад қилинган"и айтилди.

Озодликнинг Халқ банкидаги манбаларининг айтишича¸ облигация эгаларининг пули уларнинг пластик карталарига ўтказиб берилади.

Бунинг учун Халқ банкининг ваколатли бўлинмаларида шахсни тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатган ҳолда облигация эгалари номига "талаб қилиб олинадиган" ҳисоб рақами очилиши лозим.

Банкдаги манбанинг айтишича, белгиланган муддатда Халқ банкларига топширилмаган облигациялар ўз кучини йўқотади.

Озодлик билан суҳбатлашган нукуслик меҳнат ветерани Сарсенбой ота 1992 йилда Ўзбекистон ҳукуматининг ваъдасига ишониб алданганини айтади:

"Кун иссиғида эрталабдан очередда турган эдим, заëм пулини қайтариб оламан деб. Кейин чиқиб пул йўқ¸ хозир пул келса, пластикка ўтказамиз, деб айтди. Постановлениеда 1373 баробар дейилган яъни 1373 раз. Бу дегани 1000 сўмга 1 миллион 373 минг сўм беради, деб ишонувдим.

Келсак 1992 йилдаги 1000 сўмга орадан 22 йил ўтгандан сўнг 1373 сўм берамиз, деб устимиздан кулиб турибди. 1992 йилда ўн минг сўмга битта машина берар эди. Энди бўлса, ярим кило гўштни пулини бериб турибди. У ҳам бўлса пластикка"¸ деб таъкидлади суҳбатдош.

Меҳнат фаҳрийси Ўзбекистон президентининг гапига ишониб 1992 йили ютуқли заëм олганини таъкидлади:

"Шу заëм чиққанда Исломхон акани ўзи шахсан ТВдан айтган эди, халқимиз заëмни олсин¸ бу давлатга ёрдам бўлади, кейин қайтариб оласизлар, деган эди. Биз ишонувдик. Ҳозир билсак, юртбошимиз алдаган экан. Ҳамма қариялар бу гапни эслайди. Улар Каримовнинг гапига ишониб бор пулига заëм олганди", дейди нукуслик Сарсенбой ота.

“Молия вазирлиги фирибгарлик қилди”

Бу фикрни ўз исми сир қолишини истаган ўзбекистонлик иқтисодчи Озодлик билан суҳбатда изҳор қилди.

Суҳбатдошимиз узоқ йиллар Ўзбекистондаги молия билан боғлиқ тизимларда¸ хусусан, 1997 йилдан 1998 йилгача Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар ва савдо вазирлигида ишлаган.

Иқтисод бўйича чет элда маълумот олган мутахассиснинг айтишича¸ 1992 йилги 12 фоизли ички ютуқли заём юзасидан ўз мажбуриятини бажармаган Ўзбекистон Молия вазирлигини бемалол фирибгарликда айблаш мумкин:

"Ўзбекистон фуқаролари мамлакат иқтисодий аҳволи қийин бўлган пайтда облигация сотиб олиб иқтисод ривожланишига кўмак кўрсатишди. Орадан 22 йил ўтиб бу фуқаролар айни ҳукуматдан рағбат кутишга лойиқ. Аммо бу облигацияларни чиқарган молия вазирлигининг ғирромлигини эса фақат қоралаш мумкин. Облигациялар ютуқли дейилган, аммо ҳеч кимга ютуқ чиқмади"¸ дея такидлаган суҳбатдош.

У шунингдек, Озодлик муштарийларига баъзи рақамларни тақдим қилди:

"1992 йилда чиқарилган облигацияларнинг умумий суммаси 24 миллиард сўм эди. Бу эса ўша пайтдаги Ўзбекистон ички ялпи махсулот ҳажмининг 70 фоизини ташкил қилган. Мендаги маълумотларга кўра¸ 1992 йили Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи 2000 сўмни ташкил қилган. 1992 йилда энг кам ойлик¸ яъни 2000 сўмга номинали 250 сўм бўлган саккизта облигация сотиб олиш мумкин эди. 1992 йил охирида бир буханка қора нон беш сўм бўлган. Бир дона минг сўмлик облигация эвазига 200 дона буханка нон олиш мумкин эди. Бугун бир буханка қора нон 600 сўм туриши ҳисобга олинса, 1992 йил чиқарилган ва номинали минг сўм бўлган облигациянинг қиймати 120000 сўм бўлиши керак"¸ дейди суҳбатдош.

Касби иқтисодчи бўлган суҳбатдошимизнинг айтишича, Ўзбекистон ҳукумати ошкора ғирромлик йўлини тутиб, элдан олган қарзни “номигагина” қайтаришга қарор қилди.

XS
SM
MD
LG