Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:19

Қамчиқ довонида 5 километрлик автомобил тирбандлиги пайдо бўлди


Қамчиқ довонининг Тошкент ва Наманган вилоятлари ўртасидаги "Чинор" назорат-ўтказиш пунктида 5 километрга чўзилган автомобил тирбандлиги юзага келди. Ҳарбийлар ҳар бир йўловчи паспорти ва автомобилини бирма-бир текширмоқда. Водийни пойтахтга улаган довонда фавқулодда кучайтирилган хавфсизлик чораси сабаблари ҳозирча очиқланмади.

Тошкент вилоятидан Наманган вилоятига ўтиладиган Қамчиқ довонидаги "Чинор" назорат-ўтказиш пунктида қарийб бир ҳафтадан буён 5 километрга чўзилган автомобил тирбандлиги кузатилаётгани ҳақида Озодликка турли манбалардан хабарлар келмоқда.

Озодлик манбаларининг айтишича, баъзи кунларда автомобил тирбандлиги 5-6 километргача чўзилмоқда.

Юк ва енгил машиналар, одатда назорат пунктининг алоҳида йўлакларидан ўтказилиб келган. Гувоҳларнинг айтишича, ҳозир улар ҳам бир йўлакка солиниб, айни гуруҳ назоратидан ўтказилмоқда.

Аммо манбаларга кўра, айни йўлда Наманган-Тошкент йўналишида келаётган автомобилларда тирбандлик йўқ. Йўлнинг бу томонида текширув ҳам қаттиқ эмас.

Икки соатлик навбат кутганидан сўнг "Чинор" пунктидан ўтолган Озодлик манбасининг айтишича, автомат кўтарган ҳарбийлар ҳар бир машина ва йўловчини обдон текширмоқда.

- Постга етиб келганимиздан сўнг, ҳарбийлар келиб паспортларингни кўрсатинглар, деди. Биз “Ўзбекистон ичидамизку паспортни кўрсатиш шартми?” десак: “Ҳа, паспортний режим бўлган, кўрсатинглар”, деди. Тахминан, 5-6 минут ушлаб турди. Шунинг учун ҳам пробка катта бўлиб кетган, - деди манба.

Таксида Фарғонага борган 74 ёшли Асқарали бобонинг айтишича, у икки соат навбат кутган ва ён-атрофидаги ёш болалар, кексалар иссиқда жуда қийналаётганига гувоҳ бўлган:

- Ёш-яланг мошинлардан тушиб яёв кетяпти. Иссиқда, айниқса, ёш болаларга жуда қийин бўляпти. Мелисаю солдатларга фарқи йўқ, ўзлари сояда ўтириб олиб бемалол текширишяпти. Мамлакатнинг ичида аҳвол шундай бўлса, хорижга чиқишда қандай бўларкан? - деди Асқарали бобо.

Озодлик билан суҳбатда Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими, бу тартиб Ўзбекистон Миллий Хавфсизлиги йўриқномаси асосида ташкил қилинганини айтди:

- Чегара қўшинларининг аскарларига шундай кўрсатма берилган. Ҳар бир фуқаронинг паспортини текшириб ўтказинглар, дейилган. Нима учун бундай қилишаётганини бизга изоҳлашгани йўқ. Энди ҳар битта машинага 4-5 минутдан вақт сарфлангандан кейин шундай бўладида, - дея турнақатор навбатга изоҳ берди Ички ишлар мулозими.

Ҳозирча Ўзбекистоннинг бошқа вилоятлари ўртасидаги назорат-ўтказиш пунктларида кучайтирилган тартибда фуқаролар паспортини текшириш тартиби жорий этилгани йўқ.

Ҳар йили Мустақиллик байрами арафасида водийни Тошкент вилояти билан боғловчи Чинор постида паспорт текшириш режими кучайтирилади.

Нима сабабдан бундай қаттиқ тартиб жорий қилинишини расмийлар изоҳламайди.

Водийни Ўзбекистоннинг бошқа вилоятлари билан боғловчи ягона йўл бўлган Қамчиқ довонида йилнинг ҳар фаслида йўловчиларнинг паспортлари текширилади.

Одатда, мустақиллик байрамидан олдин Тошкентга келадиган йўловчилар қаттиқ текширувдан ўтказиларди. Бу сафар эса водийга кетаётган йўловчилар текширув манбаига айланди.

XS
SM
MD
LG