Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:59

Тақиқланган Шерали Жўраевни илк бор суратга олган ўзбек рассоми 60 ёшга кирди


Ўзбекистонлик фотосуратчи Владимир Дубровский
Ўзбекистонлик фотосуратчи Владимир Дубровский

Ўтган асрнинг иккинчи ярмида яшаган Тамарахонимдан тортиб Шерали Жўраевгача бўлган ашулачилар¸ Чингиз Аҳмаровдан тортиб Омон Азизгача бўлган рассомлар қиёфасини фототасмага муҳрлаган Владимир Дубровский 60 ëшини Ўзбекистондан ташқарида нишонланади.

Ҳозир Россиянинг Сибирь минтақасида ижод қилаëтган фотосуратчи Владимир Дубровский Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистонда ўтказган кунларини алоҳида мамнуният билан эслади.

Суҳбат давомида Владимир Дубровский ўтган асрнинг саксонинчи йилларида "Совет Ўзбекистони санъати" журналида ишлаган даврини ўзи учун энг омадли давр бўлганини айтади.

Владимир Дубровский ўша пайтда журнал бош муҳаррири¸ таниқли ëзувчи Нурали Қобул кўмагида анча дадил ижодий режаларни амалга оширганидан фаҳрланишини билдирди.

Ана шундай режалардан бири¸ ўша пайтда тақиқда бўлган Шерали Жўраевнинг фотосуратини журналнинг биринчи бетида эълон қилиниши бўлди, деб эслайди таниқли ëзувчи Нурали Қобул Озодлик билан суҳбатда:

- Шералини суратини биринчи саҳифада эълон қилдик. Володя бориб бир неча суратини олиб келди. Ўша пайтда Шерали запретда эди. Уни матбуотда илк марта биз кашф қилганмиз. Володя олган сурат Шералини матбуотда эълон қилинган илк сурати бўлди. Бу ишимиз учун ҳайфсан ҳам олганмиз юқори идоралардан¸ - дейди Нурали Қобул.

Суҳбатдошимиз ўз вақтида "Совет Ўзбекистони санъати" журналининг ëшлар орасида қўлма-қўл бўлишига Владимир Дубровскийнинг суратлари сабаб бўлганини айтади.

- Дубровский эзгуликни қадрлайдиган инсон¸ яхши одам, содиқ дўст. Хемингуэйнинг гапи борку¸ фақат яхши инсондан яхши ëзувчи чиқади деган. Шу маънода Володя аслан яхши бўлгани учун ҳам катта санъаткор бўлиб етишди. У бошқалар илғамаган нозик қирраларни кўра оладиган зийрак рассом. Шунча йил бўлди кўришмаганимизга, аммо ҳали ҳам уни миннатдорлик билан эслайман, - дейди "Совет Ўзбекистони санъати" журналининг собиқ бош муҳаррири Нурали Қобул.

Владимир Дубровский ўша пайтдаги Ўзбекистон раҳбари Шароф Рашидовни суратга тушириб раҳбарлар эътиборига ҳам тушди.

Аммо Рашидов ўлимидан кейин фотосуратчи Рашидовга яқин бўлгани боис исталмаган одамлар сафига қўшилди, журналдаги ишидан кетди.

Владимир Дубровский ишдан кетса ҳам қўлидан фотоппаратини қўймади.

Рассом 1987 йили чет эл нашрлари билан ҳамкорликда қуриб қолган Орол денгиз бўйларидаги одамлар ҳаётини тарихга муҳрлади.

Тошкент масжидларида номоз ўқиëтган мусулмонлар¸ Фарғона водийсидаги Месхет турклари билан боғлиқ низолар ҳам суратчининг зийрак назаридан қочмади.

Uzbekistan. Tashkent. Sagban 1992
Uzbekistan. Tashkent. Sagban 1992

"Владимир Дубровскийнинг Ўзбекистонни акс эттирган суратлари тарихий воқеликнинг бадиий қиммат касб этган тасвирларидир”¸ дейди ўзбекистонлик таниқли фотосуратчи Умида Аҳмедова.

1994 йилда Владимир Дубровский Ўзбекистонни тарк қилди.

Россия фуқаролигини олиб Новосибирск шахрида ижод қила бошлади.

Ҳозир Владимир Дубровский ўзи очган “Визуал ечим студияси"да ижод қилмоқда.

Аммо, Ўзбекистон ҳақида гапирган рассом "бир кун туз ичган жойга қирқ кун салом бер" деган ақидага амал ҳамиша қилишини айтади.

XS
SM
MD
LG