Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:22

Қирғиз парламенти депутати Исроил байроғини йиртиб ташлади


Қирғиз парламенти депутати Турсунбой Бакир ўғлининг Бишкекда ўтган матбуот анжуманида намойишкорона тарзда яҳудий байроғини йиртгани Исроил норозилигига сабаб бўлди. Исроилнинг Остонадаги элчихонаси Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигига шу муносабат билан норозилик нотаси жўнатди.

Исроилнинг Қозоғистон ва Қирғизистондаги элчиси Эли Тасман томонидан жўнатилган норозилк нотасида айтилишича, қирғиз парламенти депутати Турсунбой Бакир ўғли томонидан 4 август куни Ғазодаги воқеаларга норозилик сифатида ўтказилган матбуот анжуманида Исроил байроғининг намойишкорона йиртиб ташлангани миллий қонунчилик асосида жазога тортиладиган ҳаракатдир. Исроил томони Турсунбой Бакир ўғлини жазолашга кўмаклашишни ва унга ўзга давлат рамзларига ҳурмат билан муносабатда бўлишни уқтиришни талаб қилган.

Депутат Турсунбой Бакир ўғли Исроил нотасига муносабат билдирар экан, “Ғазо минтақасида Исроил геноцидни амалга ошираяпти”, деган фикридан қайтмаслигини айтди:

-Мен ҳам дипломат бўлиб ишлаганман. Шунинг учун Исроил элчихонасининг ҳаракатини тўғри баҳолайман. Шундай қилишмаса уларни ишдан бўшатишлари мумкин. Бироқ улар қанча норозилик нотаси жўнатишмасин, мен Ғазода геноцид бўляпти деб ҳисоблайман.

Депутат Бакир ўғли Исроил байроғини йиртиб ташлади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:57 0:00

Исроил элчиси ўз нотасида бундан беш йил аввал ҳам Турсунбой Бакир ўғли Исроил байроғига намойишкорона ўт қўйганини эслатиб, бундай ҳаракат қонунга зид эканини таъкидлаган.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳозирча бу борада муносабат билдиргани йўқ.

Қирғиз депутатининг Исроил байроғини намойишкорона йиртиб юборгани Қирғизистон жамиятида ва ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинаётган мавзуга айланди. Қирғизистонлик яҳудийларнинг “Менора” жамоат ташкилоти вакили Александр Зеличенко депутат ўз ҳаракати билан яҳудий халқини ҳақорат қилди, деб ҳисоблайди:

-У барчамизни ҳақоратлади. Элчихона нота жўнатиб тўғри иш қилди. Турсунбой Бакир ўғли Қирғизистон билан дипломатик алоқа ўрнатган ҳамда ёрдам бериб келаётган давлатни ҳақорат қилди.

Юридика фанлари доктори Кайрат Осмоналиев эса Турсунбой Бакир ўғлининг ҳаракати қирғиз қонунчилигида жиноий ҳолат деб баҳоланмаслигини таъкидлади:

-Жиноят кодексида "Қирғиз Республикаси байроғини ҳақорат қилиш” деган модда бор. Лекин бошқа давлатнинг байроғига нисбатан бу модда қўлланилмайди. Бу ўринда фақат маънавий ёки сиёсий жавобгарчилик ҳақида сўз бўлиши мумкин.

Сўнгги маълумотларга қарганда Ғазо минтақасида 5 август куни уч кунлик сулҳ битими амалга киргунига қадар 29 кун давом этган Исроил ҳарбий амалиётларида 1800 дан ортиқ фаластинлик, асосан тинч аҳоли ва болалар ҳалок бўлган. Исроил томонидан эса 67 ҳарбий, жумладан, 4 тинч аҳоли вакили ўлган.

Исроил Фаластинда ҲАМАСга қарши амалиётлар бошлаганини эълон қилганидан буён ўтган бир ой мобайнида қирғизистонлик мусулмонлар Ғазо халқи билан ҳамдард эканликларини билдириб, Исроилга қарши бир неча маротаба норозилик тадбирлари ўтказган.

XS
SM
MD
LG