OzodNazar эшиттиришининг бу сонида фарғоналик ëш иқтисодчи Комрон Икромов меҳмон бўлди. Суҳбат мавзуи Россия Ғарбга ўз эшикларини ëпиши ортидан Ўзбекистон учун очилган иқтисодий дарвоза ҳақида.
Кремль раҳбари Владимир Путин Россияга қарши санкция жорий қилган Ғарб мамлакатларидан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари импортини тақиқловчи фармонни имзолади. Бундан кейин Россияда Ўзбекистондан мева-сабзавот ва гўшт-сут маҳсулотлари сотиб олиш имкони пайдо бўлди.
Ўзбекистон 2016 йил охирига қадар Россияга мева ва сабзовот экспорти ҳажмини икки баравар ошириши мумкин.
Фарғоналик иқтисодчи Комрон Икромов озодлик билан суҳбатда ўзбек деҳқонларининг Россия бозорига мева етказиб бериш имкони хайрли эканини таъкидлади.
Ўзбекистон ўтган йили Россияга 200 минг тонна мева-сабзавот экспорт қилган. Бундан мамлакат 300 миллион АҚШ доллари миқдорида фойда кўрган.
Бу йил Ўзбекистон Россияга 250 минг тонна мева-сабзавот етказиб беришни режаламоқда.
Ҳозир Ўзбекистон четга экспорт қиладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 80 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келмоқда.
Фарғоналик ëш иқтисодчи Комрон Икромов Ўзбекистон қишлоқ ҳўжалиги учун очилган янги истқиболлар ҳақида гапирар экан бу аснода мамлакат бозорларида гўшт ва полиз махсулотларининг қимматлаши эҳтимолига ҳам тўхталди.