Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:35

К. Йўлдош: Эрдўғоннинг сайловдаги ғалабаси - мағлубиятидир!


Туркиянинг сўнгги 90 йиллик тарихида илк бор халқ томонидан сайланаётган президент лавозимига асосий даъвогар Ражаб Тоййиб Эрдўғон мамлакат ичкарисида ҳам танқид қилинмоқда. Сайловнинг биринчи босиқичидаёқ ғолиб чиқиши эҳтимоли юқори кўрилаётган Эрдўғоннинг ғалабасини таҳлилчилар "мағлубият" ўлароқ баҳоламоқда.

10 август куни Туркия тарихида илк бор президент халқ томонидан сайланди.

Туркия президенти лавозимига иқтидордаги Бош вазир Ражаб Тоййиб Эрдўғондан ташқари яна икки номзод, яъни, 71 ёшли Акмалиддин Иҳсонўғли ва 41 ёшли курд сиёсатчиси Салоҳиддин Демиртош даъвогарлик қилди.

Агар номзодларнинг ҳеч бири 50 фоиздан кўп овоз олмаса, кўпоқ овоз тўплаган икки номзод 24 август куни сайловларнинг ҳал қилувчи босқичида беллашиши лозим.

Аммо, таҳлилчилар ва жамоатчилик сўровини ўтказган айрим таҳлил марказлари биринчи босиқичнинг ўзидаёқ амалдаги Бош вазир Эрдўғон 50 фоиздан ортиқ овоз қозониши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Туркия Республикаси 90 йил олдин ташкил этилганидан ҳозирга қадар мамлакат президенти парламент аъзолари томонидан сайлаб келинган.

10 август куни илк кез мамлакат президентига овоз бераётган истанбуллик сайловчилар кайфиятини кузатган ўзбекистонлик мустақил журналист Камолиддин Йўлдош у қадар жўшқинлик ва ҳаяжонга гувоҳ бўлмаганини айтади.

- Одатда, сайлов куни у қадар жўшқин ва юқори кайфиятда ўтмайди Туркияда. Жўшқинлик сайловга қадар - тарғибот ва ташвиқот кампаниялари пайтида кўпроқ кузатилади. Бу гал ана шу тарғибот кампаниясида кўпроқ амалдаги Бош вазир Режап Таййип Эрдўғон ўз маъмурий ресурсларидан кўп фойдалангани кузатилди ва қолган 2 номзодга деярли эфир вақти берилмади. Бундан ташқари, Эрдўғон ўз номзодини сайловда қўяркан, қонунга мувофиқ лавозимидан кетиши керак эди. Аммо, у кетмади ва шу каби қонунга зид ҳаракатлар ва хизмат вазифасини суистеъмол қилишлар Эрдўғонга нисбатан танқидий кайфиятни кучайтирди ва назаримда, бунинг оқибатлари сайлов куни эмас, балки натижалардан сўнг кўрина бошласа керак, - дейди Камолиддин Йўдлдош.

Туркия президентига 55 миллион сайловчи овоз бермоқда.

Уч муддат бош вазир бўлган Эрдўғон сайлов орқали президентлик курсисига ҳам интилмоқда. Агар у сайловда ғолиб чиқса, президентлик ваколатларини кенгайтириш ниятини яширмаган.

Хусусан, Туркияда Қўшма Штатлардаги каби кўпроқ ваколатга эга президентлик бошқарувини жорий этажагини айтган.

Камолиддин Йўлдош фикрича, сайловда Эрдўғон ёки қолган икки номзоддан бири ғолиб чиққан тақдирда ҳам Туркиянинг бугунги сиёсати, шу жумладан, мамлакатнинг Марказий Осиё ва Ўзбекистонга оид сиёсатида жиддий ўзгаришлар кутиш мушкул.

- Бугунгача Туркия ҳукумати, Эрдўғон мисолида, сиёсатининг устивор йўналиши Марказий Осиё билан алоқаларни кучайтириш бўлмаганини кўрсатиб келмоқда. Туркия ҳукуматининг устивор йўналиши эски Усмонли империяси ҳудудлари - Яқин Шарқ, Сурия, Ироқ, Фаластин каби ҳудудлардир. Марказий Осиё эса эскидан Россия империяси ҳудудида бўлган ва ҳануз бу минтақада Россия, Хитой, Америка манфаатлари устун. Шу боис, Туркия ҳокимиятига ким келишидан қатъий назар бу давлатда Марказий Осиёга нисбатан сиёсатнинг ўзгаришини мен тахмин қилмайман, - дея хулоса қилади журналист.

Камолиддин Йўлдош: Эрдўғоннинг ғалабаси - мағлубиятидир!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:29 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG