Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:22

Тожик – қирғиз чегарасидаги отишмада бир одам ҳалок бўлди


Қирғизистон-Тожикистон чегарасининг жанжалли ҳудудларидан бири бўлган Оқсой қишлоғи яқинида постда турган қирғиз чегарачиси.
Қирғизистон-Тожикистон чегарасининг жанжалли ҳудудларидан бири бўлган Оқсой қишлоғи яқинида постда турган қирғиз чегарачиси.

Қирғизистон-Тожикистон чегарасида 9 август куни содир этилган отишмада Қирғизистоннинг бир фуқароси ҳалок бўлди. Айрим хабарларда отишмада яралангани, айрим хабарларда эса саломатлигига зиён етмагани айтилаётган яна икки одам Тожикистоннинг Жирғатол туманида ҳибсда сақланмоқда. Бу ҳақда 11 август куни Қирғизистон ва Тожикистон чегара хизматлари баёнот тарқатди.

Тожикистон Чегара хизмати тарқатган расмий маълумотда айтилишича, Ўшнинг Чўнголой туманида яшовчи қирғизистонлик уч нафар овчи Тожикистондаги Тўпакул ҳудудидга ноқонуний ўтиб, айиқ овлаган. Тожик чегарачилари уларни кўриб қолиб, қуролларни топширишни талаб қилган.

“Лекин бунга жавобан овчилар ўқ отган. Отишмада овчилардан бири ўлдирилган”, дейилади Тожикистон томони тарқатган маълумотда.

Сўнгги хабарларда айтилишича, Қирғизистоннинг овчиликка борган икки фуқароси қўлга олиниб, Тожикистоннинг Жирғатол туманидаги ҳибсхонада сақланмоқда.

Ҳалок бўлган овчининг жасади Қирғизистонга қайтарилган. Воқеа юзасидан икки давлат чегара хизматлари текширув олиб бормоқда.

Қирғизистон Чегара хизмати расмийси Сажира Чўқўлўева тожик томони тарқатган маълумотни тасдиқлади ва Жирғатолда ҳисбда сақланаётган қирғиз фуқароларини уйларига қайтариш ҳаракати бўлаётганини айтди:

-Тожик томонининг билдиришича, отишма бўлган жойдан 8та ўқи бор карабин, ТОЗ-8 русумидаги кичик калибрли милтиқ, хорижда ишлаб чиқарилган 1 дона дурбин ва иккита от бўлган. Дастлабки маълумотларга қараганда, Қирғизистон фуқаролари Тожикистон ҳудудига ов қилиш учун ўтган, - деди Сажира Чўқўлўева.

Қирғизистон ҳукуматининг чегарани аниқлаш ва чегараолди ҳудудларини ривожлантириш бўлими бошлиғи Қурбанбай Искандеровнинг айтишича, мазкур воқеа икки давлат ўртасидаги аниқланмаган чегара ҳудудида содир бўлган. Расмийнинг айтишича, бу ҳудудда Тожикистон-Қирғизистон чегараси 300 километрни ташкил қилади.

-Бу ҳудудда Олтинмозор ва Унжубулоқ деган жойлардаги чегара чизиғигина аниқланмай қолган. Қолган жойлардаги чегара аниқлаб бўлинган. Кечаги воқеа эса чегаранинг аниқланмаган ҳудудида содир этилган, - деб билдирди Қурбанбай Искандеров.

Айни пайтда Тожикистоннинг Жирғатол туманида ҳибсда сақланаётган қирғизистонлик икки овчини ватанига қайтариш масаласида тожик ва қирғиз маҳаллий расмийлари музокаралар ўтказаётган экан. Айрим хабарларда бу икки овчи яралангани хабар қилинган эди. Бироқ Чўнголой тумани ҳокими Абдилазиз Аширбаевнинг Озодлик радиоси қирғиз хизматига билдиришича, музокарада тожик томони ҳибсда сақланаётган қирғизистонлик икки овчи яраланмаганини маълум қилган.

XS
SM
MD
LG