Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:54

Қашқадарёда минглаб гектар пахтазор сувсизликдан қовжираб қолди


Сувсизликдан қашқадарёлик деҳқонларнинг йил бўйи қилган меҳнатлари зое кетиши мумкин
Сувсизликдан қашқадарёлик деҳқонларнинг йил бўйи қилган меҳнатлари зое кетиши мумкин

Қашқадарё вилоятидаги Чимқўрғон омборида сув қолмагани боис Қамаши ва Ғузор туманларида минглаб гектар майдонда етиштирилган пахта сувсизликдан қуримоқда. Ҳокимлик мутасаддилари Ҳисорак омборида ҳам сув озлиги ва яккабоғлик фермерлар навбат билан пахтасини суғораётганини айтмоқда.

Қашқадарё вилоятининг Қамаши, Яккабоғ ва Ғузор туманларидаги минглаб гектар пахтазор сувсизликдан қовжираб қолди.

Қамаши туманида фермерлик қилаётган Озодлик манбасининг айтишича, бу йилги ҳосилдан умид узилган:

- Пахтанинг гули тўкилди. Мутахассислар келиб кўрсин, аҳволимизни! Каналлар бузилиб кетган, сув келмай қўйган. Бу аҳволдан ташвишланиб икки ой олдин ҳамма жойга хат бергандик, лекин натижа бўлмади. Бу йилги ҳосил қандай бўлади, қанча бўлади, бу ёғи фақат Худодан, - деди фермер.

Қамаши тумани ҳокими Рашид Муҳаммадиевнинг Озодликка эътироф этишича, шу кунда 9 минг гектардаги пахтанинг тақдири номаълум бўлиб қолгани аниқланган.

- Фермерлар каналлар бузилиб ётибди деяптими? Ахир, сувнинг ўзи йўқ бўлса, каналга қаердан сув келади? Биз сув оладиган Чимқўрғон сув омборида бир томчи ҳам сув қолмаган. Ҳар йили августнинг 20-25ларигача сув етарди. Бу йил эса 7 августда тугади. Қамаши тарихида биринчи бор шундай бўляпти. Ҳатто, тадбиркорларнинг балиқлари қирилиб кетди. Бутун районда бир томчи сув йўқ, фақат қудуқлардан 5-10 литр сув оляпмиз. Намликни сақлаб туриш учун ғўза ораларини фақат трактор билан ҳайдаб турибмиз, бошқа чорамиз қолмади, - деди туман ҳокими Рашид Муҳаммадиев.

Қамашига қўшни бўлган Ғузор туманида ҳам аҳвол анча жиддий экани айтилди.

Ғузор тумани ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда пахтани суғоришда қўшимча манбалардан фойдаланаётганини айтди:

- Тўғри, аҳвол анча жиддий. Чимқўрғондан сув ичадиган пахтазорларимиз сувсиз қолди. Пачкамар сув омборидан сув чиқяпти, шундан олишга ҳаракат қиляпмиз, - деди ҳокимлик мулозими.

Қашқадарё вилоятининг Ҳисорак сув омборидан Яккабоғ тумани пахтазорлари суғорилади.

Бироқ, сув келадиган каналнинг бузилиши оқибатида туман пахтазорлари бир ҳафта сувсиз қолган.

Яккабоғ тумани ҳокимиятининг ўзини таништирмаган мулозимининг айтишича, 12 августгача канал таъмирланган ва сув берилган:

- Ҳисорак сув омборидан келадиган канални сув уриб кетган экан. Шунга катта муаммо бўлиб қолди. Канални ремонт қилдик ва бугун кечқурун ухламасдан сувни бошқариб келдик, ҳозир фермерларга навбати билан бўлиб беряпмиз, - деди ҳокимлик мулозими.

Қашқадарё вилоятининг сув омборларидан суғориладиган пахтазорлар бу йил сув кам тўплангани боис, кўсаги пишмасдан туриб пахта сувсиз қолди.

Мутахассисларнинг айтишича, вилоятда етиштириладиган бу йилги пахта ҳосилининг тақдири хавф остида қолмоқда.

Жумладан, Чимқўрғон сув омбори Қашқадарёнинг ўрта оқимида қурилган гидротехника иншоотидир. Тўла сиғими 500 млн.м³, фойдали сиғими 450 млн.м³. Бу иншоот Қашқадарё вилоятининг Қамаши, Қарши, Ғузор ва Косон туманларидаги 188 минг гектар ерни суғоришга мўлжаллаб, 1960 йилда қурилган.

Ҳисорак сув омборида эса 170 миллион кубометр сув йиғилади. Бу омбор Шаҳрисабз, Чироқчи ва Яккабоғ туманларидаги 55 минг гектар экин майдонини суғориш имконини беради.

XS
SM
MD
LG